Гранат

Қува анорлари 7 та давлатга экспорт қилинмоқда

230
(Янгиланган 16:18 21.09.2020)
Айни вақтда хорижга Фарғона боғларида пишиб етилган 3 минг тоннадан ортиқ анор экспортга жўнатилди.

ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Қува анорлари 7 та давлат - Жанубий Корея, Хитой, Россия, Украина, Бирлашган Араб Амирлиги, Қозоғистон, Қирғизистонга экспорт қилинмоқда.

Айни вақтда Фарғона боғларида пишиб етилган 3 минг тоннадан ортиқ анор экспортга жўнатилди. Бу ҳақда ДБҚ матбуот хизмати хабар қилди.

Қадимдан анорчилик улкан даромад манбаи, камёб ва шифобахш неъмат сифатида баҳоланган. Замонавий тиббиёт, халқ табобатида жуда фойдали хусусиятлари билан ажралиб туради. Жаҳон бозорида ушбу маҳсулотга бўлган талаб ва таклиф юқори.

“Шу боис анорзорларни кенгайтириш, серҳосил, эртапишар навлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу кунга қадар Риштон ва Олтиариқ туманларида 1 минг 400 гектар янги анорзорлар ташкил этилди.

2025 йилга бориб вилоятдаги анор майдонлари 20 минг гектарни ташкил қилади ва йилига 200 минг тоннадан ортиқ анор етиштирилади. Бу мавсум давомида 120 минг тоннадан ортиқ анор экспортини амалга ошириш имкониятини беради”, - дейилган хабарда.

230
Жители города Душанбе в защитных масках на улице

Тожикистон МДҲнинг энг камбағал давлати - ХВЖ

352
(Янгиланган 17:51 30.10.2020)
Тожикистонда аҳоли жон бошига йиллик даромад миқдори 833 $ни ташкил қилади. Қирғизистонда ушбу кўрсатгич - $1 147, Ўзбекистонда – $1 762.

ТОШКЕНТ, 30 окт — Sputnik. Тожкистонда аҳоли жон бошига йиллик даромад миқдори 833 долларни ташкил қилади. Бу ҳақида Халқаро валюта жамғармасининг октябрь ойида эълон қилинган ҳисоботида айтиб ўтилган.

Ҳужжатда айтилишига кўра, Қирғизистонда ушбу кўрсатгич - $1 147, Ўзбекистонда – $1 762, Қозоғистонда – $8 781. Туркманистон ҳақида маълумот йўқ.

Собиқ СССР ҳудудида жон бошига энг юқори даромад Болтиқбўйи мамлакатларида қайд этилган. Эстонияда - $23 000, Литвада – $19 800, Латвияда $17 200.

Россияда жон бошига даромад миқдори $9 972, Беларусда - $6 133, Арманистонда  – $ 4 314, Молдовада – $4 267, Озарбайжонда – $4 124 ва Украинада – $3 491ни ташкил қилди.

ХВЖ маълумотига кўра дунёнинг энг бой мамлакатлари Қатар $139 000, Макао – $113 000, Люксембург – $112 000 ва Сингапур – $105 000.

Энг камбағал мамлакатлар эса: Конго - $661, Бурунди – $630 ва МАР – $368.

352
Флаги стран-участниц ШОС

ШҲТ доллардан воз кечишга жиддий киришди

631
(Янгиланган 17:34 30.10.2020)
ШҲТ давлатлари ўз ҳудудида миллий валюталарда ҳисоб-китоб қилиш, кредитлаш ва молиявий ахборот алмашишни йўлга қўйишга тайёргарлик кўрмоқда.

ТОШКЕНТ, 30 окт - Sputnik. Бугун бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлиги ташкилоти давлатларининг Банклараро уюшмаси онлайн конференциясида ШҲТ давлатлари орасида миллий валюталардан фойдаланиш устуворликлари белгилаб олинди

Хусусан, ШҲТ Банклараро уюшмаси савдо-иқтисодий алоқалар ҳажмида ўзаро ишончга таянган ҳолда, миллий валюталар улушини оширишга келишиб олишди.

Бу борада ШҲТ ҳудудида қуйидаги баёнотни қабул қилинди:

  1. Миллий валюталарда кредитлаш ҳажмини кенгайтириш, ШҲТ доирасидаги қўшма лойиҳаларда миллий валюталардан кенгроқ фойдаланиш;
  2. Банклараро корреспондент ҳисоб рақамлари очиш, Ташкилот ҳудудида миллий валютада ҳисоб-китоб ҳажмини кенгайтириш; 
  3. Миллий валюталардаги ликвид активлардан фойдаланиш механизмларини биргаликда яратиш;
  4. Валюта рискларини чеклаш (хеджирование) бўйича биргаликда молиявий аспобларни яратиш;                 
  5. ШҲТ капитал бозори инструментларини, жумладан миллий валюталарда облигация чиқариш ва кредитлашнинг бошқа  шаклларини, авваломбор, қўшма лойиҳаларни амалга оширишда фойдаланиш;
  6. ШҲТ аъзолари ташқи иқтисодий алоқа субъектлари орасида миллий валютада ҳисоб-китоб қилишни йўлга қўйиш, босқичма-босқич тўлиқ миллий валюталарга ўтиш; 
  7. ШҲТ давлатлари орасида молиявий маълумот алмашиш ишончлилигини ошириш мақсадида SWIFT ва ундан бошқа тизимлар фаолиятини йўлга қўйиш; 
  8. ШҲТ давлат раҳбарларининг 2018 йилда Циндао шаҳридаги келишувга мувофиқ, Ташкилот аъзолари орасида ўзаро ҳисоб-китобда миллий валюталардан фойдаланишни кенгайтиришни амалга ошириш. 

ШҲТ Банклараро уюшмаси юқорида айтиб ўтилган принципларга ўз фаолиятида амал қилишга, таъбир жоиз бўлган, миллий манфаатларга зарар етказмаган ва ички қонунларга зид бўлмаган жойларда уларни амалда татбиқ этиш учун барча ёрдамни кўрсатишга тайёр. 

 

631

Мирзиёев зиёлилар миссияси ва янгича дарс методикаси ҳақида

0
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

ТОШКЕНТ, 31 окт - Sputnik. Куни кеча президент Шавкат Мирзиёев раислигида Ўзбекистонда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Зиёлилар - келажак бунёдкорлари 

Ўзбекистон президенти йиғилиш аввалида ўқитувчи, муаллим шахсига тўхталар экан, Ўзбекистон халқи ҳамиша "устозни отадай улуғ деб билган, доимо ардоқлаган маърифатпарвар халқ" бўлганини эслатиб ўтди.

"Мен ҳам ўқитувчи, муаллим деганда ўзим учун энг азиз ва ҳурматли бўлган, зиёли ва замонавий, самимий ва меҳрибон инсонларни тасаввур қиламан. Чунки ҳаммамизга ҳам шу муаллим сабоқ ва таълим бериб, меҳрибон ота-оналаримиз қаторида тарбиялаган. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври пойдеворини яратяпмиз. Бунда бизнинг энг яқин кўмакчиларимиз устоз ва мураббийлар, илмий ва ижодкор зиёлилардир".

Ҳар бир оила, ҳар бир бола ҳаёти мактаб билан боғлангани, бу масала давлатнинг, жамиятнинг энг муҳим иши экани таъкидланди.

"Ҳаммамиз азиз фарзандларимиз ҳаёти ва тақдирини ўқитувчи ва мураббийларга ишониб топширамиз. Мана шундай беқиёс бойлик посбонлари, келажак бунёдкорлари бўлган бу мўътабар зотларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатишимиз керак", – деди президент.

Мактаблар - маҳалланинг интеллектуал марказига айланиши лозим

Йиғилишда бугунги модернизация жараёнлари, ислоҳот ва ўзгаришлар натижадорлиги мактаб таълимига, янги авлод кадрларини етиштириш масаласига бориб тақалаётгани қайд этилди. Мактаб директорлари ва муаллимларга кўп нарса боғлиқлиги таъкидланган. Улар қишлоқ ва шаҳарларда таълим-тарбия, маданият ва маънавият тарқатадиган фидойи кишилардир. Мактаблар нафақат таълим маскани, балки маҳалланинг маданий, интеллектуал маркази бўлиши зарур.

Маълумки, мамлакат таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш мақсадида Президент фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжат regulation.gov.uz порталига қўйилиб, барча ҳудудларда, маҳаллий кенгашларда ва мактаб жамоаларида ота-оналар иштирокида кенг муҳокама қилинди.

Фармон лойиҳасида таълимдаги ҳозирги муаммоларни ҳал қиладиган, яқин беш йилда натижасини кўрсатадиган ва кейинги тараққиёт даражасини белгилаб берадиган мақсадлар қамраб олинган.

Жумладан, жамиятда муаллимнинг обрў-эътибори ва мақомини кўтариш, ўқув дастурлари ва методикасини тўлиқ қайта кўриб чиқиш, мактабни таълимнинг кейинги босқичлари билан узвий боғлаш, ўқитувчиларни ортиқча қоғозбозликдан халос этиб, ўз устида кўпроқ ишлаши учун шароит яратиш ва шуни рағбатлантириш, мактаб инфратузилмаси ва ундаги маънавий муҳитни яхшилаш каби масалаларнинг ечимлари аниқ белгилаб берилмоқда.

Энг асосийси, жойлардаги раҳбарларнинг, шунингдек, маҳаллий кенгашларнинг ушбу муҳим масалага ёндашуви ва эътиборини тубдан ўзгартириш, уларнинг масъулияти, жавобгарлиги ва ҳисобдорлиги механизмлари киритилмоқда.

Фақат ёдлашга эмас, фикрлашга чорлайдиган методика зарур

Видеоселектор йиғилишида таълим соҳасидаги муаммолар, уларни ҳал этиб, таълим сифатини оширишга оид вазифалар муҳокама қилинди. Давлат раҳбари аввало мактабларда ўқув юкламаси ва дарслар сонини қайта кўриб чиқиш, ўқувчиларни фақат ёдлашга эмас, балки фикрлашга чорлайдиган методика яратиш зарурлигини таъкидлади.

Бу борада Финляндия тажрибаси мисол қилиб келтирилди. Ушбу мамлакат умумий саводхонлик, табиий фанлар ва математика бўйича дунёда энг илғорлардан бири.

"Мактабда ўқитиш методикаси ўзгармаса, таълим сифати ҳам, мазмуни ҳам, муҳит ҳам ўзгармайди, – деди Шавкат Мирзиёев.  

Дунёдаги замонавий ўқув дастурлари, ўқитиш методикаларини ўрганиб, мамлакатдаги умумтаълим мактабларида жорий қилиш муҳимлиги таъкидланди. Халқ таълими вазирлигига ушбу тажриба асосида Миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиб, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб таълим жараёнига синов тариқасида татбиқ этиш вазифаси қўйилди.

Янги методикани самарали йўлга қўйиш учун барча мактаб ўқитувчилари видеоалоқа орқали хорижий мутахассислар иштирокида ўқитилади. Энг муҳими, бу жараёнларга педагогика йўналишидаги университет ва институтлар ҳам жалб қилиниб, педагог кадрлар тайёрлаш методикаси ҳам янгиланади. Шунингдек, математика, физика, кимё, биология ва информатика фанлари бўйича чет эллардаги илғор дарсликлар чуқур ўрганиб чиқилади.

Мактабларни таъмирлаш, ободонлаштириш, иситиш каби хўжалик масалаларига ҳокимлар шахсан масъул экани эслатиб ўтилди. Шунингдек, олий ўқув юртига кира олмаган битирувчиларни муайян касб-ҳунар ёки тадбиркорликка жалб этиш муҳим.

Шу боис келгуси йилдан бошлаб 7-синфдан ўғил-қизларнинг касбга қизиқишларини аниқлаш ва босқичма-босқич касбга йўналтириш амалиёти жорий қилиниши белгиланди. Ҳудуддаги саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш корхоналари мактабларга бириктирилади.

Мактаблар рейтинги ҳақида

Ҳар бир мактаб рейтингини ҳамда шу асосда таълим сифати бўйича туман, шаҳар ва вилоятлар рейтингини ишлаб чиқиш зарурлиги айтилди. Рейтинг натижаларига қараб, мактаб директорлари ва ўринбосарлари, ўқитувчилар, ҳокимлар ва уларнинг таълим бўйича маслаҳатчилари фаолиятига баҳо берилади.

Рейтингда биринчи бешликка кирган мактаб директорларига маҳаллий бюджетдан устама тўланади. Хусусан, мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарларига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 бараваридан 12 бараваригача рағбатлантирувчи тўловлар берилади. Шу билан бирга, халқ таълими бўлими раҳбари ва методисти, мактаб директорлари, туман рейтингида биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган мактабларнинг 2 нафар илғор ўқитувчисига касаба уюшмалари ҳисобидан ҳар йили сиҳатгоҳларга икки ҳафталик бепул йўлланма берилади. Шунингдек, фидойи педагоглар бошқа йўллар билан ҳам рағбатлантирилади.

Йиғилишда педагог кадрлар малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда педагоглар ҳар 5 йилда, раҳбар кадрлар эса ҳар 3 йилда малака оширмоқда. Лекин бу тўла қамров учун етарли эмас. Жорий йилда Сирдарё вилоятида 11 минг нафар мактаб ўқитувчиларининг барчаси синов тариқасида масофавий малака ошириш курслари билан қамраб олинмоқда.

Келгуси йили Бухоро, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида малака ошириш бўйича масофадан ўқитиш ташкил этилади. Тошкент давлат педагогика университети педагог кадрлар малакасини оширишда республикада етакчи олийгоҳ этиб белгиланади. Авлоний номидаги малака ошириш институти эса таълим муаммоларини чуқур ўрганадиган илмий-тадқиқот даргоҳи бўлади.

Ўқитувчилар тоифасини белгилаш тартибини ҳам тубдан қайта кўриб чиқиш лозимлиги таъкидланди.

Бугунги кунда халқ таълими тизимида меҳнат қилаётган 490 мингдан зиёд педагогларнинг 4 фоизи олий, 15 фоизи биринчи тоифага эга. 4 босқичдан иборат амалдаги аттестация тизимида қоғозбозлик ҳанузгача сақланиб қолган.

Шу боис мутасаддиларга тоифа бериш тартибини соддалаштириш, педагоглар билимини йил давомида баҳолаш имконини берувчи 2 босқичли тизимга ўтиш бўйича кўрсатма берилди.

Яна бир муаммо – таълим сифати пастлиги, моддий-техника базаси етарли бўлмагани сабабли айрим мактаблар тўлиқ қувватда ишламаяпти. Масалан, Тошкент шаҳридаги 32 та мактабда ўқувчиларни қамраб олиш даражаси паст.

Мамлакатда хусусий таълим муассасаларига кенг шароит яратилаётгани боис келгуси йилдан эксперимент тариқасида кам қувватда ишлаётган мактабларни танлов асосида салоҳиятли талабгорларга ишончли бошқарувга бериш таклифи билдирилди.

Директорлар танлов асосида тайинланади

Мактабларда замонавий бошқарувни жорий қилиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Энди мактаб директорларини лавозимга тайинлаш бевосита маҳаллий кенгашлар билан келишилган ҳолда, танлов асосида амалга оширилади. Ҳар бир номзод мактабнинг кўрсаткичларини келгуси 3 йилда юқори даражага олиб чиқиш бўйича ўз дастури билан танловда иштирок этади ва ҳар йили кенгашлар олдида ҳисобот беради.

Бундан асосий мақсад – мактабларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш, директорлар ишига ноқонуний аралашувлар ва кадрлар қўнимсизлигига барҳам бериш.

Мактаблар билим билан бирга тарбия, маънавият маскани ҳамдир. Давлат раҳбари бу ишларга ҳудудларда яшаб, ижод қилаётган шоир ва ёзувчиларни кенг жалб қилиш, мактабларнинг директор жамғармасидан ва маҳаллий бюджет маблағларидан  уларга ойлик маош тўлаш лозимлигини таъкидлади.

Олий таълим соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва қамровни ошириш, ҳар бир ҳудудда камида биттадан нодавлат олий билим юрти ташкил қилиш муҳимлиги қайд этилди.

"Бугун кўриб чиқилган масалалар ҳаммадан, мактаб директоридан бошлаб Бош вазиргача бўлган барча бўғиндаги раҳбарлардан юксак масъулият ва юқори даражадаги жавобгарликни талаб қилади. Бу – йиллар давомида кўринмайдиган, аммо натижаси яқин 10-15 йилда бутун мамлакат қиёфасини тубдан ўзгартиришга асос бўладиган қудратли манба", – деди Мирзиёев.

Парламент вакиллари, шунингдек, жойлардаги маҳаллий кенгаш депутатларидан таълим тизимидаги ўзгаришларни халқимизга етказиб, дахлдорлик ҳиссини ошириш, фармон қабул қилингач, ижросини назоратга олиш, ўз тажрибалари билан амалий ёрдам бериш сўралди.

0