Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев

Президент иштирокида Хитой ва Кореяга экспорт масаласи муҳокама қилинди

98
(Янгиланган 10:21 15.10.2020)
Шавкат Мирзиёев иштирокида Хитой ва Корея билан савдо ва инвестициялар ҳамда Хитой раҳбарининг бўлажак ташрифига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.

ТОШКЕНТ, 15 окт - Sputnik. Президент ҳузурида бўлиб ўтган мажлисда Хитой ва Корея Республикасига экспорт ва инвестициялар масаласи муҳокама қилинди. Видеоанжуман кўринишида ўтган йиғилишда Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ҳокимлар ва Ўзбекистоннинг чет мамлакатлардаги элчилари иштирок этишди. 

Савдо 

2020 йилнинг 8 ойи мобайнида Хитой билан савдо айланмаси 4 млрд. долларга, Жанубий Корея билан - 1,4 миллиард долларга етгани қайд этилди.

Президент ушбу давлатлар билан мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани қайд этди. Хусусан, Хитойнинг очиқ иқтисодий сиёсати ва мамлакатимизнинг қулай географик жойлашувидан самарали фойдаланиш, Жанубий Корея бозорига юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни авиатранспорт орқали ташиш муҳимлиги айтиб ўтилди.

2020 йилда айрим соҳаларда экспорт кўрсаткичлари пасайган. Жумладан, Хитойга ўтган саккиз ойда тўқимачилик соҳасида 42%, кимё ва нефть-кимё саноатида 33%, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беришда 18%га камайган.

Шу даврда Жанубий Кореяга экспорт бўйича Сурхондарё, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида сусткашликка йўл қўйилгани айтиб ўтилди. Хусусан, тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари экспортнинг аҳамиятини ҳанузгача чуқур тушуниб етмаётгани, уларнинг бу борадаги иш услуби бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермаётгани кўрсатиб ўтилди. 

– Ҳар бир тармоқ ва ҳудуд раҳбари ўз маҳсулотларининг рақобатдошлигини ошириш, таннархини тушириш ва уларни ташқи бозорларга етказиб бериш бўйича янги, самарали таклифлар ишлаб чиқиб, бу масалалар билан доимий шуғулланиши шарт, – деди Президент.

Инвестиция 

ХХР ва Корея Республикаси мамлакатимизнинг йирик инвесторлари ҳам ҳисобланади. Хусусан, охирги уч йилда Хитойдан 3,9 миллиард, Жанубий Кореядан 850 миллион доллар сармоялар ўзлаштирилган. Лекин айрим инвестиция лойиҳалари ижроси кечикмоқда.

Йиғилишда шундай лойиҳалар тармоқ ва вилоятлар кесимида танқидий муҳокама қилинди. Муддатидан ортда қолаётган ёки тўхтаб қолган лойиҳаларни жадаллаштириш ва ишга тушириш чоралари белгиланди.

Шу билан бирга, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига Хитой ҳамда Жанубий Кореядан тўғридан-тўғри сармояларни жалб қилишни кўзда тутувчи янги лойиҳаларни шакллантириш зарурлиги қайд этилди. 

– Иқтисодий барқарорликнинг кафолати – экспорт ва инвестиция кўрсаткичларини ошириш, – дея таъкидлади Президент.

Шунингдек, транспорт, соғлиқни сақлаш, маданий-гуманитар соҳалардаги лойиҳаларнинг бориши ҳам кўриб чиқилди.

Хитой ва Корея раҳбарлари билан мулоқот 

Маълумки Хитой ва Жанубий Корея Ўзбекистоннинг стратегик шерикларидир. Икки давлат билан ҳам олий даражадаги ташрифлар доирасида кенг кўламли келишувларга эришилган, савдо, иқтисодиёт, инвестиция, гуманитар ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни қамраб олган “йўл харитаси” қабул қилинган.

Лекин коронавирус пандемияси барча мамлакатлар иқтисодиёти учун кутилмаган синов бўлди. Карантин чекловлари ташқи савдо алоқаларининг қисқаришига, транспорт қатновлари камайишига, инвестиция лойиҳалари кечикишига олиб келмоқда.

Шавкат Мирзиёев 6 октябрь куни Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин билан телефон орқали суҳбатлашди. Мулоқотда қўшма дастур ва лойиҳаларни тезлаштириш ҳамда уларни амалга оширишда кўмаклашиш, керак бўлса, имтиёзли кредитларни ошириш юзасидан келишиб олинди. Йил охирига қадар давлат раҳбарлари иштирокида онлайн саммит ўтказилиши белгиланди.

Хитой билан ҳам алоқалар изчил ривожланмоқда. Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг мамлакатимизга бўлажак давлат ташрифига пухта тайёргарлик кўрилмоқда.

98

Товарларнинг нархларини чет-эл валюталарига боғлаш мумкин бўлди

360
“Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, эндиликда товарларнинг нархлари чет-эл валюталари ва шартли бирликларига боғланиши мумкин.

ТОШКЕНТ, 24 янв — Sputnik. 22 январь куни қабул қилинган қонун билан “Валютани тартибга солиш тўғрисида"ги қонунга қўшимчалар киритилди.

Унга мувофиқ, Ўзбекистонда реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархлари чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланиши мумкин. Бу тартиб фақат президент қарорлари асосида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар ва Ҳукумат орқали жалб этилган чет эл инвестициялари лойиҳаларига тааллуқли. Бунга қадар мазкур тартиб мавжуд эмас эди.

Концессиялар билан боғлиқ муносабатлар “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунда ўз аксини топмоқда.

Концессия лойиҳаларини рўёбга чиқариш ДХШ лойиҳалари учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Эндиликда фақатгина қиймати 1 млн доллардан ортиқ лойиҳаларининг тендер ҳужжатлари ва ДХШ тўғрисидаги битимларнинг лойиҳалари келишилади.

Киритилган қўшимчалар билан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат-хусусий шериклик соҳасидаги ваколатлари белгиланди.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларига оид маълумотларнинг эълон қилинадиган қисми аниқлаштирилди.

Хусусан, бунда расмий веб-сайтларга лойиҳа тарафлари, фаолият йўналиши, жойлашган ери, лойиҳа муддати ва умумий қиймати, товарлар, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳажми ва турларига оид маълумотлар жойланади.

360

Ўзбекистонда энергия соҳасида қандай ишлар амалга оширилмоқда

243
(Янгиланган 17:25 24.01.2021)
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “ACWA Power” компанияси ўртасидаги эришилган келишувлар изчил амалга оширилмоқда.

ТОШКЕНТ, 24 янв — Sputnik. Ўзбекистонда экологик тоза энергия ишлаб чиқаришни 2500 МВтга ошириш бўйича энергетика лойиҳалари ижроси йўлида учта асосий босқич амалга оширилди.  Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар қилмоқда.

Улар 2020 йил март ойида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “ACWA Power” компанияси ўртасидаги имзоланган келишувлар асосида амалга оширилмоқда.

Умумий инвестициявий қиймати 2,5 миллиард доллар ва умумий қуввати 2 500 МВт бўлган учта йирик энергетика лойиҳалари доирасидаги янги ишланмалар амалга оширилмоқда:

  • қуввати 1500 МВт бўлган Сирдарё ИЭС қурилишининг расмий бошланиши;
  • Бухоро ва Навоий вилоятларида умумий қуввати 1000 МВт бўлган иккита шамол электр станцияси бўйича электр энергиясини сотиб олиш бўйича иккита келишув;
  • Инвестиция келишувлари.

Таъкидланишича, мазкур учта лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистоннинг энергетик қувватларини талаб даражасида ошириш кафолати ҳисобланади. Чунки 2030 йилга бориб электр энергияси истеъмоли 110 миллиард кВт соатга етиши кутилмоқда.

Улар, шунингдек, Ўзбекистонда энергия самарадорликни ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, шунингдек энергетика секторида яқинда амалга оширилган ислоҳотлар доирасида қайта тикланадиган энергия манбаларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича миллий дастур билан келишилади.

Ўзбекистон энергетика вазири Алишер Султонов юқоридаги босқичлардан ўтиш юклатилган мажбуриятлар бажаралаётганидан далолат беришини таъкидлади.

“Ўзбекистонда экологик тоза энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш маълум вақт давомида ишланмалар ва инвестициялар соҳасидаги кўплаб мақсадларга эришишни кўзда тутади. Режаларимизнинг самарали амалга оширилиши Ўзбекистонга катта миқдордаги инвестицияларни жалб қилиш ва мамлакатимиз энергетик мақомини ошириш имконини беради. Вазирлик “ACWA Power” компанияси ва Саудия Арабистони делегациясига бошланган ишлар учун чуқур миннатдорлик изҳор этади. Биз узоқ муддатли ва самарали ҳамкорлик қилиш ниятидамиз”, - деди вазир.

“ACWA Power” компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян бу учта лойиҳа уларнинг мамлакатдаги сармоявий лойиҳалардаги иштирокини кенгайтириш имконини берганини урғулади.

“Сирдарё ИЭС қурилишига старт берилиши, ЭСК ва Ўзбекистоннинг паст даражали углеводород чиқиндили ресурслардан фойдаланишга ўтишида муҳим омил саналадиган Бухоро ва Навоий вилоятларидаги “Баш” ва “Жонкелди” шамол электр станциялари бўйича Инвестиция келишувларининг имзоланиши бизнинг энергетика тармоғини ислоҳ қилиш ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантирилишини рағбатлантириш  жараёнидан илгарилаб кетишга бўлган интилишимизни ифодалайди”, - деди у.

Энергетика вазирлиги ва “ACWA Power” компанияси водород энергиясини ривожлантириш бўйича ҳам келишувларга эришди. Мазкур келишув Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда водород ва қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги илмий изланишлар орқали иссиқхона гази чиқиндиларини камайтириш бўйича ўз мақсадига эришишда биринчи қадамларини назарда тутади.

Маълумот учун: “ACWA Power” компанияси электр энергияси ва чучук сув ишлаб чиқариш бўйича ускуналарни ишлаб чиқиш, молиялаштириш ва эксплуатация қилишга ихтисослашган. Компания 2004 йилда Ар-Риёд шаҳри (Саудия Арабистони)да рўйхатга олинган ва таъсис этилган.

243