Лилия Рах. Архив сурат

Қозоғистонлик тадбиркор аёл ўзбекистонлик эркакни ўғирлаб кетди

229
(Янгиланган 13:48 24.08.2016)
Алмати полицияси мода магазинлари эгаси Лилия Рах иши бўйича тафсилотларни маълум қилди. У Ўзбекистон фуқароси бўлган эркакни ўғирлашда гумон қилинмоқда.

ТОШКЕНТ, 24 авг — Sputnik. Таниқли тадбиркор, мода магазинлари эгаси Лилия Рах Ўзбекистон фуқаросини ўғирлашда гумон қилинмоқда, деб хабар берди Алмати ички ишлар департаменти матбуот хизмати, newskaz.ru хабарига асосан.

Лилия Рах инсон ҳаёти ёки соғлиги учун хавфли бўлган куч ишлатиш йўли билан аввалдан тил бириктириб бир гуруҳ шахслар билан ғаразли мақсадда одам ўғирлашда гумон қилиниб ҳибсга олинган.

"2016 йилнинг 9 июль куни Алмати шаҳри полициясига Н. исмли фуқаро 33 ёшли Ўзбекистон фуқаросининг бедарак йўқолганлиги ҳақида мурожаат қилган. Тезкор қидирув-суриштирув тадбирлари чоғида эркак ўғирлаб кетилганлиги ва ижарага олинган хонадонлардан бирида мажбуран ушлаб турилганлиги аниқланди. Полиция ходимларининг самарали ҳаракати натижасида қидирувдаги шахснинг турган жойи аниқланди ва у озод қилинди", — дейилади департамент хабарида.

Департаментнинг маълумотига кўра, мазкур жиноятни содир этишда гумон қилиниб тўрт нафар киши, жумлада Лилия Рах ҳам шаҳар ИИД уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган.

Тергов тугагунига қадар гумондорлар эҳтиёт чораси сифатида ҳибсда сақланиши белгилаб қўйилди.

Лилия Рах — мода эксперти, Sauvage Group компанияси муассиси, кийим магазинлари эгасидир. 2015 йилда Business of Fashion интернет нашри Лилия Рахни мода саноатидаги энг таъсири кучли 500 нафар инсон қаторида эътироф этган.

229