Драка

Жиззах вилоятида вафот этган 6-синф ўқувчиси бўйича ХТВ ахбороти

370
ОАВ вакиллари тарқатган маълумотларда, ўқувчилар орасида чиққан муштлашув пайтида жароҳат олган, натижада касалхонада ҳалок бўлди, дея изоҳланган.

ТОШКЕНТ, 27 фев - Sputnik. Халқ таълими вазирлиги Жиззах вилояти, Зафаробод туманидаги 10-умумий ўрта таълим мактабининг 6-синф ўқувчисининг вафоти бўйича баъзи оммавий ахборот воситалари маълумотлари юзасидан расмий баёнот берди.

Хабарда келтирилишича, Жиззах вилояти, Зафаробод туманидаги 10-умумий ўрта таълим мактабининг 6-синф ўқувчиси Б.Б. муштлашув натижасида эмас, балки юрак хасталиги туфайли вафот этган.

12 ёшдаги Б.Б. Зафаробод туман поликлиникасида туғма юрак пороги ташхиси билан диспансер назоратида турган. Шу сабабли ўқувчи жисмоний тарбия дарсларидан озод этилган бўлиб, фақат назарий билимлари асосида баҳоланган.

ОАВ вакиллари тарқатган маълумотларда, ўқувчилар орасида чиққан муштлашув пайтида жароҳат олган, натижада касалхонада ҳалок бўлди, дея изоҳланган.

Таъкидланишича, аслида, воқеа ундай бўлмаган. Мактабнинг 6-синф ўқувчилари 2-сменада ўқишади. Воқеа эса эрталабки соат 10:40 ларда содир бўлган. 2-смена эса соат 13:05 да бошланади. Воқеа жойида бирон-бир юқори синф ўқувчилари ҳам, қуйи синф ўқувчилари ҳам бўлмаган.

Шу куни 6-синфнинг бир гуруҳ ўқувчилари маҳаллий стадионда ўзлари олиб келган копток билан футбол ўйнашган. Ўйин пайти узоқлашган коптокнинг орқасидан чопиб борган Б.Б. йиқилган. Мазкур воқеадан ўқувчилар томонидан хабар топган мактаб директори ўринбосари тез тиббий ёрдамига хабар берган. Етиб келган тез тиббий ёрдами ходими ўқувчининг вафот этганини маълум қилган.

Юқорида келтирилган масала бўйича мактаб раҳбариятига оммавий ахборот воситаларининг ҳеч бири мурожаат қилмаган бўлсада, чоп этилган мақолаларда директор билан боғланилгани тўғрисида нотўғри маълумотлар тарқатилган.

“Халқ таълими вазирлиги айрим оммавий ахборот воситаларини юз берган фожиадан ўзининг манфаатлари йўлида фойдаланиб, тизимга оид асосланмаган маълумотларни тарқатмасликка чақиради”,  -дейилади расмий баёнотда.

370