ТОШКЕНТ, 6 мар - Sputnik. Тошкент шаҳар ИИББ Тошкентда автобус йўл четидаги бетон тўсиққа урилиб, ағдарилиб кетган автобус ҳақидаги тафсилотларни маълум қилди.
Хабарда айтилишича, бугун, 6 март куни Шайхонтоҳур туманидаги Нурафшон кўчасида 18-автобус саройи тасарруфидаги 27-сонли, “Чорсу савдо маркази-Кўкча оқлон маҳалласи” йўналишида қатновчи ISUZU русумли автобус ҳайдовчиси 53 ёшли Абдулла У. бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги бетон тўсиққа бориб урилган.
Йўловчилардан бири енгил тан жароҳати олган ва шифохонага олиб борилган. Шифохонада йўловчига тиббий ёрдам кўрсатилган.
Ҳозирда ҳодиса сабаблари аниқланмоқда.
ТОШКЕНТ, 20 янв — Sputnik. Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида вояга етмаган қиз 2 январь куни ИИБга мурожаат қилиб, икки эркак унинг номусига текканини маълум қилган. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарда ёзилишича, 16 ёшли П.Э. фуқаро И.С. ўзининг “Матиз” машинасида уни Каттақўрғон шаҳар “Чинобод” маҳалласи ҳудудига олиб бориб, зўрлик ишлатиб номусига текканлигини маълум қилган. Шунингдек, фуқаро С.Р. ҳам “ВАЗ 2106” машинасида уни тумандаги “Сув омбори” ҳудудига олиб бориб, уни зўрлаб жинсий алоқа қилганлиги айтган.
Каттақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси терговга қадар текширув доирасида воқеа жойини кўздан кечириб, ишга алоқадор шахсларнинг кўрсатмаларини олган. Қиз танасидаги жароҳатларга аниқлик киритиш мақсадида судга оид тиббиёт экспертиза тайинланган.
Ишда тўпланган далилларга асосан Ўзбекистон ЖКнинг 118-моддаси 1-қисми билан (номусга тегиш, яъни зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий алоқа қилиш) жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, П.Э.нинг аризасида кўрсатилган фуқаро С.Р. 13 январь куни ўзининг Каттақўрғон туман “Саройқўрғон” маҳалласида жойлашган уйида вафот этганлиги аниқланган.
Фуқаро С.Р.нинг ўлим сабабларини аниқлаш юзасидан Каттақўрғон туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, 14 январь куни қизнинг онаси фарзанди 10 январь куни уйидан номаълум томонга чиқиб кетиб, қайтиб келмасдан бедарак йўқолганлигини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ТОШКЕНТ, 20 янв — Sputnik. Янги-Ангрен иссиқлик электр станциясининг профилактика чораларини кўриш учун тўхтатилган 5-энергия блокида чанг-кўмирли ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар қилмоқда.
Режали хизмат кўрсатиш пайтида содир бўлган ҳодиса натижасида уч киши олинган жароҳат сабабли вафот этган, яна уч киши турли даражада куйиш тан жароҳатини олган.
Аниқлик киритилишича, вафот этган ва жароҳат олганлар 5-энергия блокида профилактика ишларини олиб бораётган хизмат кўрсатиш ходимлари бўлган.
ФВВнинг куч ва воситалари воқеа жойида вазият оқибатларини бартараф этиш ишларини олиб бормоқда. Чақнашнинг келиб чиқиш сабаблари бўйича суриштирув ишлари бошланган.
Ҳодиса натижасида Янги-Ангрен иссиқлик электр станциясининг инфратузилмаси ва технологик ускуналарига шикаст етмаган.
ТОШКЕНТ, 21 янв — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида Бухоро вилоятига жўнаб кетди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Сафар давомида агросаноат, тўқимачилик, ахборот технологиялари, тиббиёт соҳаларидаги корхоналар, шаҳар ва туманлардаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечириш режалаштирилган.