Больница

Петербургда ўзбекистонлик қаллоблардан қутулиш учун деразадан сакради

357
(Янгиланган 14:29 28.05.2019)
Уч нафар жиноятчи унинг Туркияда бўлган рафиқасига қўнғироқ қилиб, эрини озод қилиш эвазига катта миқдорда пул талаб қилишган.

ТОШКЕНТ, 28 май - Sputnik. Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистон фуқаросини ўғирлаб, уни озод қилиш эвазига рафиқасидан 2 минг доллар талаб қилган уч нафар жиноятчи қўлга олинди. Бу ҳақда “Невские новости” ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига таянган ҳолда хабар берди.

Маълум қилинишича, жиноятчилар ўзбекистонликни куч билан машинага миндирган. Улар жабрланувчини қўл-оёғи боғлаб калтаклашган. Сўнгра унинг Туркияда бўлган рафиқасига қўнғироқ қилиб, эрини озод қилиш эвазига катта миқдорда пул талаб қилишган.

Талаб қилинган пул беришдан бош тортгандан сўнг эркакни Ленинград вилоятидаги ўрмонга олиб боришган. У ерда ҳам калтаклаб, пул топиб беришини талаб қилишган. Шундан сўнг асирдан квартира калитини тортиб олиб, унинг уйига киришган. Жабрланувчига тегишли бўлган иккита телефон ва беш минг рублни қўлга киритишган.

Сўнгра ўзбекистонликни бошқа квартирага олиб келиб, эркак деразадан сакраб қочиб кетмагунига қадар ушлаб туришади.

Ҳозирда жабрланувчи бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, чап товон суягининг эзилиб синиши ва ўнг товон суягининг ёпиқ синиши ташхиси билан касалхонага ётқизилган.

Мазкур ҳодиса юзасидан жиноий қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Иркутскда ўзбекистонликни ўғирлаб кетиб, уни озод қилиш эвазига машина ва 50 бош қўй талаб қилишгани хабар қилинган эди.

357