Узбекский паспорт

Қозоғистонда 20 нафар хоразмликларнинг паспорти олиб қўйилди

205
Завод эгаси уларга маош бермаган ва паспортларни қайтаришни рад қилган.

ТОШКЕНТ, 24 июн – Sputnik. Бош консулхона Қозоғистонда 20 нафар ўзбекистонликларнинг паспорти олиб қўйилиши ҳолатини ўз назоратига олди.Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистоннинг Олма-ота шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотларга кўра, 2019 йил 23 июнь куни Бош консулхона ходими ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушган мурожаатни текшириш учун Олма-ота вилояти Жамбил тумани Минбоев қишлоғига борган.

Воқеа жойида аниқланишича, Хоразм вилоятидан бўлган 20 нафар Ўзбекистон фуқаролари март ойининг бошида фуқаро З.нинг маълумотига биноан ғишт заводида ишлаш учун Қозоғистонга келган. Уларнинг миллий паспортлари вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш ва меҳнат рухсатномасини расмийлаштириш баҳонасида олиб қўйилган.

“Завод эгасининг маош бўйича мажбуриятларини бажармагани ва паспортларни қайтаришни рад қилгани муносабати билан Ўзбекистон фуқаролари маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишган”, - дейилади хабарда.

Хорижлик фуқароларни ноқонуний ишга ёллаш факти бўйича иш очилган, Ўзбекистон фуқаролари эса Қаскелен шаҳри 1-сон қабул қилиш-тарқатиш жойига вақтинча жойлаштирилган.

Қайд этилишича, бугун, 24 июнь куни суд бўлиши кутилмоқда. Вазият Бош консулхона томонидан назоратга олинган.

Шу муносабат билан Консуллик-ҳуқуқий департаменти чет элга кетаётган фуқароларга шахсни тасдиқловчи ҳужжатни ҳеч қандай вазиятда бегона шахсларга бермасликни яна бир бор қатъий тавсия қилган ҳамда Қозоғистон ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур вазиятларда Ўзбекистоннинг Нур-Султон шаҳридаги Элчихонасига (тел.: +7-717-295-42-52) ва Олма-ота шаҳридаги Бош консулхонасига (тел.: +7-727-291-11-78) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатган.

205