Врач выходит из операционной

Қашқадарёдаги руҳий касалликлар шифохонаси ходимларига ҳайфсан эълон қилинди

551
(Янгиланган 21:24 05.07.2019)
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоят руҳий-асаб касалликлари шифохонасида бир беморнинг бошқа бемор томонидан аёвсиз калтаклангани ҳақида хабар тарқалмоқда.

ТОШКЕНТ, 5 июл – Sputnik. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги Қашқадарё вилоят руҳий-асаб касалликлари шифохонасида юз берган ҳолат юзасидан ахборот берди.  

Хабарга кўра, шу кунларда ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоят руҳий-асаб касалликлари шифохонасида бемор бошқа бемор томонидан аёвсиз калтаклангани ҳақида хабар тарқалган. Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассислари вазиятни жойига чиқиб ўргандилар.

Маълум бўлишича, вилоят руҳий-асаб касалликлар шифохонасида 2019-йил 20-июнь куни 95 нафар бемор даволанишда бўлган. Калтакланган бемор ҳам шу куни шифохонага қабул қилинган. Бемор шифохонага келган кунида унда агрессив ҳолат кучли бўлган. Эртасига, яъни 21 июнь куни эрталаб тахминан соат 4-5 оралиғида ҳам унинг аҳволи ҳали у қадар енгилламаган бўлган. Сабаби, бажарилган тиббий муолажалар таъсир этиши учун муайян муддат вақт талаб этилади. Шу боис, М.Т. кичик тиббий ходим кузатувида ҳожатхонага борганда у ердаги икки нафар беморга тажовуз қилган, беморлар эса уни дўппослаган. Шовқин-суронни эшитган тиббиёт ходимлари уларни тезлик билан ажратишган.

“Шуни айтиш жоизки, вилоят руҳий-асаб касалликлар шифохонасига ўзига ўзи хизмат қила оладиган беморлар қабул қилинади. Шу боис, кичик тиббий ходимлар уларни фақат ҳожатхона ташқарисида кузатиб туради. Бироқ, шифохонага руҳий қўзғалиш ҳолатида келган беморлар томонидан шифохона ходимларига ва бир-бирига жароҳат етказиш ҳолатлари учраб туради.

Бундай муаммоларнинг олдини олиш учун шифохона ходимлари ҳушёр ва огоҳ бўлиши лозим. Шу боис, юқоридаги ҳолат келиб чиқишида назоратни бўшаштирган тиббий ходимларга нисбатан ҳайфсан эълон қилинди. Ушбу ҳолат такрорланмаслиги учун шифохона ходимларининг масъуллигини ошириш, шифохонада назоратни кучайтириш борасидаги асосий вазифалар уқтирилди”, - дейилган хабарда.  

Ўрганишлар давомида беморнинг онаси қизини Косон туман тиббиёт бирлашмасидан вилоят руҳий-асаб касалликлар шифохонасига етказиш учун “тез ёрдам” машинаси ҳайдовчисига 50 минг сўм пул бергани тасдиғини топмади. Бемор шифохонага “тез ёрдам” машинасида эмас, тиббий хизмат машинасида олиб келинган. Тиббий хизмат машинаси ҳайдовчиси тушунтириш хатида беморнинг онасидан пул олмаганини, келтирилган важлар унга нисбатан туҳмат эканини қайд этди.

551