Символы закона и правосудия

Фарғонада бўҳтон қурбони бўлган ўқитувчи 25 йилдан сўнг оқланди

108
Ўқитувчи бир дона қирқма ов милтиғини ва 41 грамм кўкнор бошоқларини қонунга хилоф равишда сақлаганликда айбланган ва 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди. 70 ёшга кирган ўқитувчи 25 йилдан сўнг оқланди.

ТОШКЕНТ, 7 ноя – Sputnik. Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди кассация судлов ҳайъати Бағдод туман судининг 1994 йил 20 декабрда Турсунхўжа Абдураҳмоновга нисбатан чиқарган айблов ҳукми бекор қилди.  

Суднинг ҳукмига кўра, Абдураҳмонов бир дона қирқма ов милтиғини ётоқхонасидаги ёстиқ остида ва 41 грамм кўкнор бошоқларини меҳмонхонасидаги дераза токчасида қонунга хилоф равишда сақлаганликда айбланган ва 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, меҳнатга мажбуран жалб қилинган эди.

Вилоят суди мазкур жиноят ишини кўриб чиқиб, уни жиноят содир этмаган деб топди ва уни Ўзбекистон Жиноят процессуал кодексининг 83-моддасига асосан оқлади. 

Судда аниқланишича, ўқитувчилар иш ҳақини ошириш ҳақида президентга мурожаат қилишгани учун мактабнинг илмий мудири Абдураҳмонов ўша вақтдаги вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан уюштирилган бўҳтон қурбони бўлган.

“Жараён давомида давлат айбловини қувватловчи прокурор Т.Абдураҳмоновга нисбатан оқлов ҳукми чиқариш лозимлигини айтди. Ундан ўша вақтда йўл қўйилган хатолик учун узр сўради, судлов ҳайъати оқлов ҳукми чиқарди, 70 ёшни қоралаётган нуроний отанинг кўзларидан эса севинч ва шукур ёшлари оқди”, - дея жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг судьяси Раҳматжон Арапов сўзларидан келтиради ЎзА.

Эслатиб ўтамиз, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича эксперти Диего Гарсия-Саян ўзининг Ўзбекистонга ташрифидан кейин сўнгги йилларда мамлакатда оқлов ҳукмлари сони ортганлигини қайд этган эди.

108