Ўзбекистон фуқароси Санкт-Петербургда 16-қаватдан тушиб ҳалок бўлди

346
(Янгиланган 15:01 11.01.2020)
Айни пайтда фуқаронинг жасадини ватанга юборишга оид консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалалар ҳал қилинмоқда

ТОШКЕНТ, 11 янв - Sputnik. Санкт-Петербург шаҳри Приморье туманида Ўзбекистон фуқароси танаси топилган, деб хабар берди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонадан олган маълумотга таяниб.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон фуқароси қурилаётган обектнинг 16-қаватидан тушиб кетган. Айни пайтда тергов тадбирлари ўтказилмоқда.

"Бош консулхона маҳаллий ҳокимият органлари билан доимий алоқада бўлиб турибди ҳамда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан биргаликда ватандошимизнинг жасадини ватанга юборишга оид консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларни ҳал қилмоқда", - дейилган хабарда.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради ва эслатиб ўтадики, Россиянинг Шимоли-ғарбий федерал округи (Архангелск вилояти, Калининград вилояти, Карелия Республикаси, Коми Республикаси, Ленинград вилояти, Мурманск вилояти, Ненетс автоном округи, Новгород вилояти, Псков вилояти, Санкт-Петербург шаҳри, Вологода вилояти) ҳудудида жойлашган фуқароларимиз зарур вазиятларда мамлакатимизнинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7-965-029-41-49.

346