Мессенджер Telegram на экране телефона

Коронавирус ҳақида ёлғон маълумот тарқатган сурхондарёлик жаримага тортилди

256
(Янгиланган 11:12 24.03.2020)
Telegram’даги каналлардан бирининг фойдаланувчиси “икки кишида аниқланди” дея гуруҳга коронавирус ҳақида одамларни чалғитувчи, жамиятда ваҳима уйғотувчи ёлғон маълумот тарқатган.

ТОШКЕНТ, 24 мар — Sputnik. Сурхондарёда коронавирус ҳақида ёлғон маълумот тарқатган шахс жаримага тортилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда ёзилишича, Telegram’даги "@GroupSurxondaryo" каналининг фойдаланувчиси 20 март куни “Jo`rabayevada Bor ekan 2 kishi aniqlandi 30 daqiqa oldin” дея одамларни чалғитувчи, жамиятда ваҳима уйғотувчи ёлғон маълумот тарқатган.

Тезкор суриштирув ишлар натижасида гуруҳга ёлғон маълумот тарқатган профил эгаси ва фойдаланувчиси вилоятнинг Музработ туманида истиқомат қилиб, Термиз шаҳрида савдо шохобчаларининг бирида сотувчи бўлиб ишлаб келаётган фуқаро А.Б. эканлиги аниқланган.

У 23 март куни Маъмурий ишлар бўйича Термиз шаҳар судининг қарорига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 205-моддасида кўрсатилган (Фавқулодда ҳолат тартиби шароитида жамоат тартибига тажовуз қилиш) ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилган. Ҳуқуқбузарга нисбатан БҲМнинг 5 баравари, яъни 1 миллион 115 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ваҳима тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик мавжуд. Ушбу ҳуқуқбузарлик 44,6 млн сўмдан 89,3 млн  сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш 66,9 млн сўмдан 89,2 млн сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади

256