ТОШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Қашқадарёда жиҳодчилар гуруҳи фаолиятига чек қўйди.
Қарши шаҳрида яшовчи 52 ёшли фуқаро муқаддам “Жиҳодчилар”* диний экстремистик оқимига аъзо бўлганлиги учун 2004-2018 йилларда жазо муддатини ўтаган бўлишига қарамасдан, ўзининг яшаш манзилида 1994, 1996, 1998 йилларда туғилган 3 нафар фарзанди ва 2000 й.т. жияни ҳамда 1974-1998 йиллар оралиғида туғилган 11 нафар маҳаллий фуқаролардан иборат ноқонуний гуруҳ ташкил этган. Улар билан жиҳодчилар оқими ғояларини қўллаб-қувватлаб келган.
Шунингдек, гуруҳ аъзоларини “ҳижрат” ва “жиҳод” қилишга, Сурия давлатига бориб, “Тавҳид ва Жиҳод катибаси”* террористик ташкилотига қўшилишга чорлаган.
Бундан ташқари, у телеграмда “Шаҳидлар” гуруҳини ташкил этиб, унга диний экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотларнинг ғоявий раҳнамолари бўлмиш “Абу Салоҳ”, “Абдуллоҳ Зуфар”, “Содиқ Самарқандий” ва бошқаларнинг “ҳижрат”, “жиҳод” ва “шаҳидлик”ка чорловчи аудио-видео материалларини жойлаштириб, тарғибот ишлари олиб борган.
ДХХ Қашқадарё вилояти бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир натижасида мазкур ноқонуний гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Аниқланишича, гуруҳ етакчисининг кўрсатмаси билан унинг аъзолари босқинчилик жиноятларини содир этиш орқали йўл ҳаражатлари учун пул йиғиш, сўнгра Сурияга бориб, террористик ташкилотлар сафига қўшилишни режалаштирган.
Уларнинг яшаш манзилларидан компьютер процессори, ноутбук, дрон, флеш-карталар, ДВД дисклар, телефон аппаратлари, диний мазмундаги адабиётлар, шунингдек, бир донадан ўқотар ва пневматик қурол, патронлар ва гильзалар ашёвий далил сифатида процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Таъкидланишича, гуруҳ аъзолари орасида МЧЖ раҳбари ва ишчиси, буюм бозорида сотувчилик билан шуғулланувчи шахслар ҳамда институт талабаси бор.
Жиноят Кодексининг тегишли моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
* - тақиқланган террорчилик ташкилотлари
ТОШКЕНТ, 24 янв — Sputnik. Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 16-сонли мактабгача таълим ташкилотида 983,5 млн сўм бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Зангиота тумани бўлими мактабгача таълим вазирлиги мутахассислари билан ҳамкорликда ушбу боғчада текшириш ўтказилган.
Текширишда боғча мудираси ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, 2014-2020 йиллар давомида амалда боғчада ишламайдиган 37 нафар, шу жумладан, 4 нафар яқин қариндошини ишга қабул қилгани аниқланган. Ходимларнинг меҳнат фаолияти бўйича штат жадваллари ва бухгалтерия табелларига сохта маълумотлар киритиш орқали ҳужжатларни қалбакилаштирилган. Бу йўл билан 983,5 млн. сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан боғча мудираси ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Молия вазирлиги 2020 йилда бюджет маблағларини мақсадли сарфланиши юзасидан амалга оширилган назорат ишлари тўғрисида маълумот берган эди. Унга кўра, мактабгача таълим вазирлиги тизимида ўтказилган 327 та назорат тадбирларининг 270 тасида 16,7 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
ТОШКЕНТ, 24 янв — Sputnik. Сурхондарё вилоятидаги Тангимуш ва Оқжар станциялари оралиғидаги темир йўл кесишмасида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Бу ҳақда ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси хабар қилди.
“Дамас” автомобили светофорнинг қизил чироғига қарамай, темир йўл кесишмасидан ўтмоқчи бўлган ва “Тошкент-Термиз” йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган 080 йўловчи поездининг ён томонига урилган.
ЙТҲ натижасида автомашина ҳайдовчиси 25 ёшли С.Х. олган жароҳатлари туфайли касалхонага етказилган. Бироқ унга кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамайдан ҳайдовчи вафот этган.
Поезд воқеа жойида 13 дақиқа туриб, ҳаракатини давом эттирди. Поезд йўловчилари орасида қурбонлар ва жароҳат олганлар йўқ.
ТОШКЕНТ, 24 янв — Sputnik. 22 январь куни қабул қилинган қонун билан “Валютани тартибга солиш тўғрисида"ги қонунга қўшимчалар киритилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистонда реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархлари чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланиши мумкин. Бу тартиб фақат президент қарорлари асосида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар ва Ҳукумат орқали жалб этилган чет эл инвестициялари лойиҳаларига тааллуқли. Бунга қадар мазкур тартиб мавжуд эмас эди.
Концессиялар билан боғлиқ муносабатлар “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунда ўз аксини топмоқда.
Концессия лойиҳаларини рўёбга чиқариш ДХШ лойиҳалари учун белгиланган тартибда амалга оширилади.
Эндиликда фақатгина қиймати 1 млн доллардан ортиқ лойиҳаларининг тендер ҳужжатлари ва ДХШ тўғрисидаги битимларнинг лойиҳалари келишилади.
Киритилган қўшимчалар билан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат-хусусий шериклик соҳасидаги ваколатлари белгиланди.
Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларига оид маълумотларнинг эълон қилинадиган қисми аниқлаштирилди.
Хусусан, бунда расмий веб-сайтларга лойиҳа тарафлари, фаолият йўналиши, жойлашган ери, лойиҳа муддати ва умумий қиймати, товарлар, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳажми ва турларига оид маълумотлар жойланади.