ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. Бухоро шаҳрида ҳали туғилмаган фарзандини сотмоқчи бўлган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар қилмоқда.
Аниқланишича, 2020 йилнинг декабрь ойларида 22 ёшли М.Р. Бухоро шаҳрида жойлашган кафелардан бирида официант бўлиб ишлаб юрган вақтида ушбу кафега мижоз сифатида келган фуқаро Ф.Э. билан танишиб қолган. Суҳбат давомида унга тўрт ойлик ҳомиласи борлиги ва моддий жиҳатдан қийналаётганини айтган. Келгусида ҳам туғилажак фарзандини моддий таъминлай олмаслигини айтиб, уни дунёга келтиргандан сўнг сотиш нияти борлигини маълум қилган.
Кейин Ф.Э.га тўрт ойлик ҳомиласини соғлом ҳолда туғиб, 50 миллион сўм эвазига сотишни таклиф қилган. Олдиндан ундан 25 миллион сўм пулларни сўраган.
Жорий йилнинг 6 январь куни соат 19:00 да Бухоро шаҳар А.Жоме кўчасида жойлашган “Ал-Пари” ресторани олдида М.Р. фуқаро Ф.Э.дан 20 миллион сўм ва 500 доллар олган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан М.Р.га нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 25, 135-моддаси 1-қисми (одам савдосига суиқасд) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ТОШКЕНТ, 24 янв — Sputnik. Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 16-сонли мактабгача таълим ташкилотида 983,5 млн сўм бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Зангиота тумани бўлими мактабгача таълим вазирлиги мутахассислари билан ҳамкорликда ушбу боғчада текшириш ўтказилган.
Текширишда боғча мудираси ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, 2014-2020 йиллар давомида амалда боғчада ишламайдиган 37 нафар, шу жумладан, 4 нафар яқин қариндошини ишга қабул қилгани аниқланган. Ходимларнинг меҳнат фаолияти бўйича штат жадваллари ва бухгалтерия табелларига сохта маълумотлар киритиш орқали ҳужжатларни қалбакилаштирилган. Бу йўл билан 983,5 млн. сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан боғча мудираси ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Молия вазирлиги 2020 йилда бюджет маблағларини мақсадли сарфланиши юзасидан амалга оширилган назорат ишлари тўғрисида маълумот берган эди. Унга кўра, мактабгача таълим вазирлиги тизимида ўтказилган 327 та назорат тадбирларининг 270 тасида 16,7 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
ТОШКЕНТ, 24 янв — Sputnik. Сурхондарё вилоятидаги Тангимуш ва Оқжар станциялари оралиғидаги темир йўл кесишмасида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Бу ҳақда ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси хабар қилди.
“Дамас” автомобили светофорнинг қизил чироғига қарамай, темир йўл кесишмасидан ўтмоқчи бўлган ва “Тошкент-Термиз” йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган 080 йўловчи поездининг ён томонига урилган.
ЙТҲ натижасида автомашина ҳайдовчиси 25 ёшли С.Х. олган жароҳатлари туфайли касалхонага етказилган. Бироқ унга кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамайдан ҳайдовчи вафот этган.
Поезд воқеа жойида 13 дақиқа туриб, ҳаракатини давом эттирди. Поезд йўловчилари орасида қурбонлар ва жароҳат олганлар йўқ.
ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. Буюк Британияда самолёт устаси икки ҳафта давомида аёлни ҳарбий базадаги хонасида яшириб қўйди, деб хабар қилди РИА Новости The Sun нашрига асосан.
Эркак бу ҳолатни яширишга ҳаракат қилиб, “Илтимос, хона тозаланмасин” деган ёзувни осиб қўйди. Бироқ хонадан келаётган ҳид шикоятларга сабаб бўлди. Шундан сўнг, бир гуруҳ зобитлар хонани текшириш учун келишди. Улар шкафда ҳарбий кийим орқасидан аёлни топишди.
Аёл - Шарқ мамлакатларидан бирининг фуқароси, Голландия паспортига эга. Ҳарбий қисмда аёл эркакни алдаб, ундан сирларни олиши мумкинлиги ҳақида гумон қилишди.
Эркак севгилининг жосус эканлиги ҳақидаги шубҳаларни рад этди. Манбанинг маълум қилишича, аёл рухсатномасиз қўриқланадиган ҳудудга кирган.
Газетанинг ёзишича, севишганлар 2019 йилда танишган. Эркак қизни Рождество таътилидан кейин автомобил юкхонасида олиб келиб, ўз хонасида яшириб қўяди. Ҳарбий хизматчи жиддий қонунбузарлик содир этган ва қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Аёл Британияни тарк этди.
Денгиз кучлари вакилининг сўзларига кўра, ҳодиса юзасидан текширув тайинланган. У аёл Европа Иттифоқи фуқароси эканлигини ва унга жосусликда айб қўйилмагани таъкидланди.