ТОШКЕНТ, 13 янв - Sputnik. Бош прокуратура матбуот-хизмати ижтимоий тармоқларда Ёзёвон туманида ўзини Катта Фарғона каналига ташлаган вояга етмаган Абдулазиз Абдурасуловни қидирилаётганлиги ҳақида тарқалган хабарларга изоҳ берди.
Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Ёзёвон тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Дастлабки маълумотга кўра, 2020 йил 22 декабрь куни Ёзёвон туманида туғилган, 2-сонли касб-ҳунар мактаби талабаси Абдулазиз Абдурасулов вояга етмаган танишларини олдида Катта Фарғона каналининг Ёзёвон тумани Тараққиёт маҳалла ҳудудидан ўтган қисмига ўзини ташлаб, сувдан қайтиб чиқмаган.
Вояга етмаган Абдулазиз Абдурасуловни қидириб топиш юзасидан барча зарур чоралар кўрилмоқда.
ТОШКЕНТ, 15 янв — Sputnik. "Ералаш" болалар ҳажвий киножурнали асосчиси ва умрбод раҳбари Борис Грачевский Москвада вафот этди. Бу қайғули хабарни унинг дўсти, шоир Симон Осиашвили ўзининг Facebookдаги саҳифасида маълум қилган.
"Тамом... Боря Грачевский, 35 йиллик дўстлик... Чидолмайман...", - деб ёзган Осиашвили.
Грачевскийни 2020 йил декабр ойи охирида коронавирус инфекцияси билан №52 Москва шаҳар касалхонасига госпитализация қилинган эди. Бемор аҳволи гоҳ яхшиланган, гоҳ ёмонлашган, аммо 14 январь, пайшанба куни Грачевский дўстларидан бири "Ералаш" бадиий раҳбари сунъий комада эканлиги ҳақида хабар берган.
Борис Грачевский собиқ иттифоқи ҳудудида миллионлаб томошабинларга "Ералаш" юмористик журнали асосчиси ва режиссер сифатида таниш эди.
Москва раҳбарияти хизмат кўрсатган артист хотирасини абадийлаштиришни таклиф этишмоқда.
ТОШКЕНТ, 13 янв — Sputnik. Тошкентнинг Учтепа туманида масофа сақламаслик оқибатида учта “Матиз”, “Дамас” ва “Нексия” иштирокида йирик йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда ЙҲХББ матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, ЙТҲ 13 январь куни соат 11:00 ларда, Фозилтепа кўчасидаги “Боғишамол” истироҳат боғи рўпарасида юз берган.
22 ёшли “Матиз” ҳайдовчиси И.Ф. оралиқ масофани сақламагани оқибатида светофорнинг қизил чироғида тўхтаб турган 29 ёшли Х.Р. бошқарувидаги “Дамас”га бориб урилган. Зарб оқибатида “Дамас” ўзидан олдинда тўхтаб турган А.А. бошқарувидаги “Матиз”’га, у эса ўз навбатида олдинда тўхтаб турган Ш.Я. бошқарувидаги яна бир “Матиз”га бориб урилган. Ушбу “Матиз” эса ундан олдинда тўхтаб турган Ш.И. бошқарувидаги “Нексия”нинг орқа томонига урилган.
ЙТҲ оқибатида масофа сақламаган “Матиз” ҳайдовчиси 21 ёшли И.Ф. ва “Дамас” ҳайдовчиси 29 ёшли Х.Р.га биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Мазкур ҳодиса юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ дастлабки суриштирув ишларини олиб бормоқда.
ТОШКЕНТ, 15 янв — Sputnik. Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳарбий кучларнинг Global firepower рейтингида ўз позицияларини яхшилаб, 51-ўринга кўтарилди (2020 йилда республика 52-ўринда бўлган).
Бу собиқ СССР давлатлари орасида тўртинчи кўрсаткич. Россия (2-ўрин), Украина (25), Беларусь (51). Марказий Осиёдаги қўшнилар орасида Қозоғистон 62-ўринда.
Global Firepower ҳарбий рейтингида қайд этилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Қуролли кучлари 420 дона танк, 1215 дона зирҳли машина, 140 дона ўзиюрар артиллерия ва 98 дона кўп зарбали реактив тизимларига эга. Шунингдек, 80та қирувчи, 122та вертолёт ва бошқа авиация (жами 227) - ҳаво кучларининг асосини ташкил этади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучлар фахрийлари, ватандошларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан табриклади.
Ўзбекистон етакчиси бундан 4 йил олдин мамлакатда ҳарбий қурилиш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича энг муҳим ва устувор йўналишларни белгилаб олинганини, шу асосда мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларни ривожлантириш учун кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини айтган.
Ўтган қисқа даврда янги Мудофаа доктринаси қабул қилинди, ҳарбий тузилмаларнинг таркиби ва вазифалари чуқур қайта кўриб чиқилди, қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди, миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва техника воситалари билан таъминлаш бўйича ўта муҳим лойиҳалар амалга оширилди, дея эслатган президент.