Мигрант из Узбекистана Феруза

Россиядаги муҳожир аёл ҳаётидан: мусофирчилик қийинчиликлари ва ватан соғинчи

1459
(Янгиланган 16:40 28.02.2018)
Владивосток шаҳрида микро-кредит банкида ишлаётган Рустамова Фируза ўзининг ҳаёти, мусофирчилик қийинчиликлари ва она диёр соғинчи тўғрисида ҳикоя қилди

ТОШКЕНТ, 28 фев — Sputnik. Sputnik таҳририяти хорижий мамлакатларда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар ҳаётидан ҳикоя қилишда давом этади.

Бу сафар, Россиянинг Владивосток шаҳрида микро-кредит банкида ишлаётган самарқандлик Фируза Рустамова қандай қилиб мусофирчилик ҳаётини танлагани, бошидан ўтган қийинчиликлар ва ўзининг кичик бўлса-да ғалабаси ҳақида сўзлади.

Фируза Россияга келмасидан аввал Ўзбекистонда "Эрудит" таҳририятида муҳаррир лавозимида ишлаган.

Мусофирчилик бошланиши

Агар 1,5 йил аввал кимдир менга "Ишингни ташлаб, Россияга кетасан, ҳаётинг тубдан ўзгариб, мусофирчиликни аччик-чучуғини татиб кўрасан",- деса, у инсонни телбага чиқариб кўйишим мумкин эди. Лекин тақдир экан, 2017 йилнинг март ойида Россия Федерациясининг Владивосток шаҳрига келдим.

Кичик акам 2010 йилдан буён Владивосток шаҳрида ишлаб келади. Гудаклигидан кўтариб катта қилган жияним Бобиржон ҳам айнан Владивосток шаҳрида ўқийди. 2017 йилнинг январь ойида Самарқанд шаҳридан шахсий маркет очдик, аммо уни юритишда тадбиркорлик билан шуғулланиб юрган акам бевосита кераклигини англаб, ватанга қайтишга қистай бошладик. Лекин Бобиржон ўқиши сабаб Россиядан кета олмаслиги бизни ўйлантириб қўйди. Мусофир юртда жиянимни ёлғиз қолишини кўз олдимга келтирган заҳотимоқ беиҳтиёр йўл тадоригини кўра бошладим.

Аввалига унча сезилмаган экан, самолёт чиптаси қўлимга тегиши билан кўнглим бўшаб йиғлаб юбордим. Туғилиб-ўсган юртим, она шаҳрим, маҳаллам, хонадоним кўзимга жуда бошқача кўриниб кетгани эсимда. Назаримда бу юртни ташлаб кетсам, қайта кўрмайдигандек бўлардим, эмин-эркин, ўйнаб-кулиб катта бўлган, кун сайин яшнаб, дилларни яйратаётган юртимнинг ҳаётимда қанчалик муҳим эканлигини ўша дамларда англаб етдим.

Киндик қони тўкилган юрт, она ватан деган тушунчалар замирида қанчалик теран маъно борлигини ўшанда чуқурроқ англаб етганман десам, адашмайман.

Хуллас, 2017 йил 5 март куни Владивосток шаҳрига учиб келдим. Аэропортда кутиб олишга чиққан акам билан жиянимни излаб топгунча ўтган 10 дақиқа вақт ичида бегона юртда ёлғиз қолиш даҳшатини ҳис килишга улгурдим.

Мен 5 март куни келган бўлсам, акам 12 март куни Ўзбекистонга учиб кетди. Акам билан бирга қайтиб кетишни қанчалик истаганимни сўз билан таърифлаб беришим қийин. Атиги 1 ҳафта ичида рус тупроғи ўз юртимнинг зарра гардига арзимаслигини англаб етдим. Лекин олдимдаги масъулият туфайли тақдир ҳукмига бўйсунишдан ўзга иложим йўқ эди…

Чекланмаган муддатли таътил

Бобиржон дарсидан бўш вақтида шаҳар билан таништириш баробарида керакли ҳужжатларимни расмийлаштириб берди.

Бир танишимиз сизга иш топдим, деганида қувонганимни кўрсангиз эди. Бу ерда ҳар қадамда Пит-стоп (кичик тамаддихона) учрайди. Ана шу пит-стоплардан бирига ишга кирдим. Кечга яқин "ишхона"мга кириб келган Бобиримнинг қарашларини эсласам ҳалигача кулгим қистайди:

— Ие, аммажон, бу ерда нима қиляпсиз?!

— Кўриб турибсан-ку, ишлаяпман, уйда ўтирганим етар, зерикиб кетдим ахир…

— Аммажон, бу ер сиз ишлайдиган жой эмас, сизни бунақа ишда ишлашингизга йўл қўймайман! Йиғиштиринг ҳамма нарсани, кетдик! Ўзингизга ярашадиган иш чиқса ишларсиз балки, лекин қора иш қилмайсиз! Шу бўйича ишлашга қўймади, боласи тушмагур. Икки ойча уйда ўтиргач, секингина гап бошладим:

— Бобиржон, бу нима ўтириш, ахир уйда бекор ўтириш учун келмаганман-ку, келган шунча мусофирлар бинойидек ишлашяпти-ю?!

— Аммажон, сизни бобожоним билан онажоним (Самарқандда бувижонни "онажон" дейишади) пуф-пуфлаб кўз устида устиришган, мусофирчиликда ишлаш сиз ўйлаганчалик осон эмас. Бировларнинг қўлига қараб муте бўлиб ишлашингизни истамайман! Мени ишлаганим бир сизни боқишга бемалол етади, ўйланмасдан бемалол дамингизни олинг. Самарқандда беармон ишлаганингиз етар, энди сизга чекланмаган муддатли "отпуск" белгиланган!

Ё кетаман, ё иш топиб берасан

Шу тахлит, октябрь ойига қадар мажбурий отпуск кабилидаги "уй қамоғи"да ўтирдим десам, адашмайман. Ё кетаман, ё иш топиб берасан деб катъий шарт кўйганимдан кейин Бобиржон менга иш излашга киришди.

Бир қариндошимиз ушбу банкдан кредит расмийлаштирганди. Ўзбекистонга кетганидан кейин унинг кредитини тўлаш учун банкка бордим ва менеджерликка танлов бўлаётганлигидан хабар топдим. Шу банкда ишлаётган андижонлик Наргизахоннинг таклифи билан банк бошқарувчиси Гулзирахонга учрашдим ва ишга қабул килиндим.

Шу бўйича октябрь ойидан буён Владивосток шаҳридаги "Байбол" микрокредит банкида менеджер сифатида ишлаб келяпман. Ишимиз жуда қизиқарли. Вазифамиз асосан Ўзбекистон, Тожикистон, Кирғизистон ҳамда Россия фуқароларига қисқа муддатли микро-кредит расмийлаштиришдан иборат.

Иш жараёнида турли юртлардан келган мусофирларга моддий ёрдам қўлини чўзамиз. Бизнинг банкимиздан олинган пуллар эвазига мусофирлар асосан ҳужжатларини расмийлаштиришади, мавсумий шароитларини яхшилашади, кредит суммаси Ватанларида уй қуриш, тўй қилиш ёки бирор кутилмаган ҳолатларда ҳожатларини чиқаришда жуда қўл келади. Иш кунимиз Россия меҳнат қонунчилигига асосланган ҳолда беш кун ишлаб, икки кун дам оламиз.

Ватанимдан узоқда бўлсам ҳам олис юртларда ватаним равнақи учун хизмат қилаётганимдан жуда хурсандман. Чунки биздан олинган кредитлар эвазига мусофирчиликдаги кўпгина юртдошларимиз тўй қилишяпти, уй-иморатлар қуриб, машина олишяпти, яшаш шароитларини унглаб олишяпти, юртимизга валюта киритиляпти. Бунда менинг ҳам ҳиссам борлигидан фаҳрланаман!

Ватан, она юрт соғинчи

Ватан деганда оилам остонаси, маҳаллам, туғилиб-ўсган шаҳрим, она юртим бор гўзаллиги билан кўз олдимда намоён бўлади. Аслида баландпарвоз сўзлардан анча йироқ инсонман, лекин ватан учун қанча хизмат қилсам шунча оз, қанча қадрласам, шунча кам. Ватанни севиш, ардоқлашни ўзи камлик қилади. Ватанга отам-онам қадар меҳрим баланд. Ватан қадри… бу тушунчани турли сабабларга кўра ватандан узоқлашган, оз бўлса-да мусофирлик нонини тотган қора кўзлардан сўраб кўринг. Ватан деганда ватанидан узоқ инсонларнинг кўзларида чақнайдиган учқунни бир зумгина кўз олдингизга келтириб кўринг…

Ватан соғинчи… бу жисмингиз ўзга юртда бўлса-да, руҳингизнинг туғилиб ўсган тупроққа талпиниб туриши, хаёлан, фикран ватан билан ҳамнафаслик, яхши кунидан қувониб, булутли кунларидан ташвишланиш ҳисси…

Ўзбекистон деган сўзни эшитганда юракнинг секингина энтикиб қўйиши, олис юртда бир калом ўзбекча сўз эшитганда секингина ҳапкириб қўйиш… уйқуга кетиш олдидан болаликнинг олис кўчаларига ҳаёлан сайр қилиб, ўша беғубор кунларни қўмсаш, остонага қайтиш иштиёқи, ватаннинг бир кафтгина тупроғига бўлган эъзоз… умуман сўз билан таърифлаб бўлмайдиган ноёб, инжа туйғулар тажассуми.

1459
Мавзу:
Мен - мигрантман. Янги лойиҳа (69)