Церемония бракосочетания.

Тожикистонлик талаба сохта никоҳ учун Россиядан депорт қилинмоқда

809
Волгоград олийгоҳи талабаси фуқароликни олиш жараёнини соддалаштириш учун, россиялик аёлга уйланди

ТОШКЕНТ, 15 май — Sputnik. Волгоград давлат университетида таҳсил олган тожикистонлик талаба сохта никоҳ учун ватанига депорт қилинмоқда.

Россия ИИВ Волгоград вилояти бўйича бош бошқармаси матбуот-хизмати хабарига кўра, 22 яшар тожикистон олийгоҳнинг аспирантурасида таҳсил оладиган 24 яшар аёлга уйланган ва шундан сўнг келажакда Россия фуқаролигини олиш учун Миграция масалалари бўйича бошқармага вақтинчалик яшаш учун рухсатнома сўраб, ариза берган.

Тақдим этилган ҳужжатлар орасида никоҳ тузилганлик ҳақидаги шаҳодатномани тақдим этган.

ИИВ ходимлари ушбу маълумотни текширгач, йигит ва қиз тўйга қадар ҳам, тўйдан кейин ҳам бирга яшамаганлиекларини аниқлаганлар. Шу билан бирга, қариндошлар ва курсдошлар орасида ҳам бирон инсон бу икки ёшнинг никоҳдан ўтганлигидан бехабар бўлган.

Сал кейин "эр-хотин"лар сохта никоҳни Россия фуқаролигини олиш учун тузганликларига иқрор бўлишган. Оқибатда, бу "оила" ажраштириб юборилган.

Энди ёш йигитни Россиядан депорт кутмоқда. Аспирант қизга нисбатан эса жиноий иш қўзғатилиши мумкин.

Ўтган йилнинг декабр ойи охирида Россия президенти Владимир Путин сохта никоҳларга тўсқинлик қилувчи федерал қонунни имзолаган эди. Хусусан, ҳужжатда, Россияда вақтинчалик яшашга рухсатнома Россия фуқароси билан никоҳда бўлган чет эл фуқаросига квотани ҳисобга олмаган ҳолда россиялик турар жойи бўйича берилиши белгиланган эди.

809

Россияга пандемия вақтида кириб борган ўзбекистонликлар сони айтилди

684
Россияга 2020 йилнинг биринчи ярмида кириб борган чет элликлар орасида украиналиклар ва Марказий Осиё фуқаролари етакчилик қилмоқда

ТОШКЕНТ, 5 авг — Sputnik. Россия Федерациясига биринчи ярим йилликда чет эллик фуқаролар оқими 60%га қисқарди. Бу ҳақда Федерал хавфсизлик хизмати чегара хизмати статистикасида келтирилган.

Хусусан, пандемия вақтида Россияга боришни истаган фуқаролар орасида Марказий Осиё давлатлари вакиллари кўпчиликни ташкил қилади. ФХХ маълумотларига кўра, олти ой давомида РФга Қозоғистондан 885 минг, Ўзбекистондан 620 минг, Тожикистондан 373 минг ва Қирғизистондан 212,3 минг фуқаролар келган.

Россияга пандемия вақтида ташриф буюрган чет элликлар орасида Украина фуқаролари кўпчиликни ташкил этади - 1,7 миллион киши.

Шунингдек, чет эллик туристлар сони 86%га қисқарган.

Январ ойидан март ойига қадар Россияга 5,5 миллион чет элликлар кириб келган бўлсалар, чегаралар ёпилгач келганлар сони 509 минг нафарни ташкил этган.

684

Россия иқтисодиёти миграциясиз инқироздан чиқа олмайди - тожикистонлик эксперт

198
Раҳмон Улмасов Россиянинг баъзи амалдорларининг пандемия пайтида Россияда мигрантлар орасида жиноятчилик даражаси ошгани ҳақидаги гапларига муносабат билдирди.

ТОШКЕНТ, 5 авг - Sputnik. Коронавирус пандемияси даврида Россиядаги меҳнат мигрантлари кўпроқ жиноят содир этишни бошламади, дейди миграция бўйича мутахассис, Россия-Тожикистон (Славян) университети профессори Раҳмон Улмасов РИА Новости билан суҳбатда ва бунга далиллар келтирди.

"Нимагадир баъзи мансабдорлар пандемия пайтида ва ундан кейин меҳнат мигрантлари орасида жиноятчилик кўпаймоқда деган фикрни доим гапиришмоқда", - деди Улмасов. Кейин Россия ИИВнинг маълумотларини келтирди. Унга кўра, Россияда коронавирус пандемияси пайтида мигрантлар орасида жиноятлар сони сезиларли камайган.

Шунингдек, профессор ички ишлар вазири ўринбосари Владимир Ефимовнинг май ойининг охирида айтган сўзларини келтирди, унга кўра пандемия пайтида мигрантлар орасида криминоген вазият ёмонлашмаган.

"Москвада криминоген вазият ёмонлашгани кузатилмаяпти. Ефимовнинг сўзларига кўра, мигрантлар орасидаги жиноятлар сони 1,2 фоизга, чет элликлар томонидан содир этилган қотилликлар 2 фоизга, босқинчиликлар 8,1 фоизга, талончиликлар 9,4 фоизга, ўғирликлар 5,5 фоизга камайди", - дейди Улмасов. Унинг сўзларига кўра, қайд этилган жиноятларнинг умумий сони 2019 йил майига нисбатан 5,6 фоизга камайди.

Мутахассис мигрантларнинг аксарияти Россияга яхши ният билан - ўз оилаларини таъминлаш учун пул ишлашга келганлигини таъкидлашни зарур деб ҳисоблади. Бироқ, унинг таъкидлашича, улар орасида "маълумотсиз ва тажрибасиз мигрантларни радикал тузилмаларга жалб қилиш ва ноқонуний хатти-ҳаракатлар уюштириш истагидаги" ва "профессионал провокатор ва технологлар" борлигини истисно қилиб бўлмайди.

Раҳмон Улмасовнинг сўзларига кўра, марказий осиёликлар 20 йил ичида анча ўзгарган. Россияда яшашга одатланиб, ўз ватанларига кетиш ўрнига, улар пул топишнинг янги имкониятларини излай бошлаганлар.

"Мигрантларнинг болалари мутлақо бошқача авлоддир, эҳтиёжлари ва режалари мутлақо ўзгача. Улар ҳатто инқироз пайтида ҳам жиноятга қўл урмайдилар, чунки улар ўз касби ёрдамида пул ишлашни билишади", - дейди эксперт. Унинг маълумотларига кўра, 2020 йил июль ойида Марказий Осиё республикаларига пул ўтказмалари ҳажми 25 фоизга ошган.

Шу билан бирга, профессор пандемия пайтида ва ундан кейин дунёнинг барча мамлакатларида миграция соҳасида кўплаб ноқонуний мигрантларнинг пайдо бўлишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради, чунки ёлланган чет эллик ишчилар учун иш берувчилар жавобгарликни ўз зиммаларига олмайдилар. Бундан ташқари, унинг фикрига кўра, бу мигрантлар иш ҳақи конвертларда берила бошлашига олиб келади.

Тожикистонлик эксперт мигрантларни Россия иқтисодиётидаги инқирозни енгиб ўтиш учун қимматли манба сифатида кўради, чунки ҳозирда аёллар фойдасига демографик устунлик бунга тўсқинлик қилмоқда. Масалан, унинг сўзларига кўра, шу йил бошида Россияда 68,1 миллион эркак ва 78,6 миллион аёл яшаган - фарқ 10,5 миллион. Унинг таъкидлашича, бу устунлик 2036 йилгача давом этади. Россия иқтисодиёти миграциясиз инқироздан чиқа олмайди, дея хулоса қилди эксперт.

198

Бейрутдаги кучли портлашнинг сабаби аниқланди

533
(Янгиланган 00:47 06.08.2020)
Бейрутдаги портлашнинг дастлабки сабаби - денгиз портида ўта хавфли моддаларни сақлаш пайтида йўл қўйилган бепарволик ва ҳаракатсизлик ҳолатлари.

ТОШКЕНТ, 5 авг — Sputnik. Бейрут портида юз берган портлаш ҳолатини дастлабки ўрганиш натижалари маълум қилинди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги тергов ишлари билан таниш бўлган манбага асосан хабар қилди.

Маълумотларга кўра, Бейрутда портлашнинг дастлабки сабаби - денгиз портида хавфли моддаларни сақлаш пайтида йўл қўйилган ҳаракатсизлик ва бепарволик ҳолатлари.

Таъкидланишича, ушбу муаммо билан шуғулланувчи инспекция 6 ой олдин қонунбузарликларга эътибор қаратган. Қўмита ва судьялар томонидан хавфли моддаларни йўқ қилиш тўғрисида қарор тайёрлаш юзасидан “ҳеч нарса қилинмаган”.

Ливан ҳуқумати портлаш содир бўлган порт маъмуриятининг барчасини уй қамоғига олиш ҳақида топшириқ берган.

Ливан пойтахти Бейрут шаҳрининг портида куни кеча, 4 августда кучли портлаш содир бўлди. Сўнгги малумотларга кўра, 113 киши ҳалок бўлди, тўрт мингдан зиёд инсон жароҳатланди.

Ливан пойтахти Бейрут шаҳрида юз берган портлаш 3-5 миллиард доллар миқдорида зарар етказди.

Ливан бош вазири Хассан Дияб портда олти йил давомида нотўғри сақланган 2750 тонна аммиак селитрасини портлаш сабаби сифатида келтирган. Фожиа туфайли Ливанда уч кунлик мотам эълон қилинган.

 

533