ТОШКЕНТ, 15 авг - Sputnik. Самара вилоятида заҳарланган 69 нафар Ўзбекистон фуқаросидан бири вафот этди, деб хабар қилди ТИВ матбуот-хизмати.
Қолган 48 нафари В.Д.Середавин номидаги Самара вилояти клиник шифохонасида ва 1-сон Тольятти шаҳар клиник шифохонасида қолмоқда. Уларнинг аҳволи барқарор-оғир деб баҳоланмоқда.
"Ўзбекистон фуқароси О.С. вафот этди ва ҳозирда Бош консулхона марҳум ҳамюртимизнинг жасадини ватанга юбориш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларни ҳал қилишда кўмак кўрсатмоқда", - дейилади хабарда.
Йигирма нафар ўзбекистонликка касалхонадан жавоб берилди ва улар иш жойларига қайтишди. Улар маҳаллий шифокорларнинг доимий кузатувида бўлиб турибди.
17 июль куни Самара вилоятида Ўзбекистоннинг 69 нафар фуқароси "номаълум модда билан заҳарланиш" ташхиси билан касалхонага олиб келинган.
Ўзбекистон фуқаролари Самара вилояти Сизран тумани Кошелевка қишлоғига қишлоқ хўжалиги ишлари билан шуғулланиш учун келганлар. Кейинчалик ТИВ берган маълумотларга кўра, улар "Кошелевский посад" корхонасида ишлашган.
Иш берувчи Ўзбекистон фуқаролари даволаниши билан боғлиқ барча ҳаражатларни қоплашга тайёрлигини билдирган. Маълумотларга кўра, улар барчаси расмий ишлаган ва меҳнат шартномасига эга бўлган.
Оммавий заҳарланиш сабаблари ҳали аниқланмоқда.
ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. Россия қурилиш компаниялари Туркия, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан мигрантларни олиб келиш учун аризаларни онлайн шаклда юборади, деди Россия Қурилиш ва уй-жой коммунал хизматлар вазирининг ўринбосари Никита Стасишин.
“Алгоритм бўйича қурилиш компанияларининг сўровномалари қисқа вақт ичида кўриб чиқилади ва барча идоралараро мувофиқлаштириш электрон шаклда амалга оширилади. Компаниялар электрон платформага ариза юбориши керак”, - деди қурилиш вазирлиги вакили.
Владимир Путин меҳнат мигрантларини қурилиш майдонларига жалб қилиш тартибини 1 мартга қадар соддалаштириш бўйича ҳукуматга топшириқ берганди.
Жума куни Қурилиш вазирлиги раҳбари Ирек Файзуллин мигрантларнинг қурилиш майдончаларида ишлаши учун Россияга олиб келиш механизми йўлга қўйилиши эълон қилганди.
Россия қурилиш компаниялари ёки ҳудудлар энди маълум бир объект учун мигрантларни олиб келиш тўғрисида қурилиш вазирлигига мурожаат қилишлари мумкин. Келишув тахминан уч ҳафта давом этади.
ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. Россияда ишсиз қолган Ўзбекистон фуқароларини бошқа ишга жалб қилиш тизими йўлга қўйилган. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги эслатма билан чиқди.
Россияда иш излаётган фуқаролар қуйидаги ҳавола орқали рўйхатдан ўтиб, мурожаат қилиши лозим бўлади.
Шунингдек, ушбу масалада меҳнат мигрантлари номидан уларнинг оила аъзолари ҳам мурожаат қилишлари мумкин.
Онаси Россияда вафот этган олти яшар болакай Ўзбекистонга қайтарилди
Агентлик қўшимча маълумотларни 71 202-33-55, 71 200-00-61 ёки 1282 қисқа рақам орқали олиш мумкинлигини таъкидлаган.
ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилиши 2021 йил 5 февралда Олмаотада бўлиб ўтади, деб хабар қилди Sputnik Қозоғистон мамлакат ташқи ишлар вазирлигига асосан.
Йиғилишда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ҳукумат раҳбарлари ва Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати раиси иштирок этади.
Бундан ташқари, тадбирда ЕОИИда кузатувчи-давлатлар - Молдова, Ўзбекистон ва Куба иштирок этиши кутилмоқда.
Йиғилишлар тор ва кенгайтирилган таркибда бўлиб ўтади. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, ички бозор фаолиятидаги тўсиқларни бартараф этиш, шунингдек иқтисодиётнинг айрим тармоқларида интеграцион салоҳиятни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Эслатиб ўтамиз, бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласини ўрганишни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Дастлаб йиғилишда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномадан келиб чиқиб, 2021 йилда ЕОИИ билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласини ўрганишни ташкил этиш, Ўзбекистоннинг ЕОИИга кузатувчи мақомида ушбу миинтақавий тузилманинг кенг имкониятларидан ҳар томонлама фойдаланиш йўлларини қидириш Қонунчилик палатасида тузилган мазкур ишчи гуруҳнинг асосий вазифаларидан бири эканлиги таъкидланди.
Йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи мақомини олганлиги ҳамда ушбу ташкилотга аъзо бўлган давлатлар бозорларида тўлақонли иштирок этиши учун ҳамкорликнинг ҳуқуқий тартибга солиш механизмларини чуқур ўрганиш, миллий техник тартибга солиш меъёрларини ЕОИИ талабларига мослаштириш бўйича ишларни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлашди. ЕОИИ билан Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик ишларини самарали ташкил этиш мақсадида 2021 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси” лойиҳаси атрофлича муҳокама қилиниб, тасдиқланди.