Флаг Польши

Ўзбекистон Польшага меҳнат бозорида енгиллик яратиш таклифи билан чиқди

738
(Янгиланган 14:35 16.02.2020)
Ўзбекистон Польшага уни меҳнат бозорида иштирок этишда енгиллаштирилган имкониятлар берилган давлатлар рўйхатига киритиш таклифини берди.

ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Ўзбекистон Польшага меҳнат бозорида иштирок этишда енгиллаштирилган имкониятлар берилган давлатлар рўйхатига киритиш таклифи билан чиқди.

Таклиф Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг Польша Оила, меҳнат ва ижтимоий сиёсат вазири М.Малаг билан учрашувида билдирилди.

Меҳнат вазирлиги хабарида қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон томони Ўзбекистоннинг ишчи кучи салоҳияти, республиканинг демографик тенденцияси, меҳнат бозорининг ҳозирги ҳолати, ишчи касблар бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича мавжуд имкониятлар тўғрисида батафсил тақдимот ўтказди.

“Шунингдек, Нозим Ҳусанов Ўзбекистон фуқароларини Польша Республикасига ноқонуний меҳнат миграциясини олдини олиш учун Ўзбекистонни Польша меҳнат бозорида иштирок этишда енгиллаштирилган имкониятлар берилган давлатлар рўйхатига киритиш орқали, ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш мақсадида Ҳукуматлараро битим имзолаш таклифини берди”, - дейилган хабарда.

Ўз навбатида, М.Малаг Польша Ҳукумати хорижий мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистондан малакали ишчиларни жалб қилишга қизиқиш билан қараётганини алоҳида таъкидлаган.

Билдирилишича, бугунги кунда Польша парламенти томонидан миграция сиёсатини тартибга солувчи қонун ҳужжати лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.

Учрашувда Ўзбекистон томонидан берилган таклифлар ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси тизимини жорий этишда асос бўлиб хизмат қилиши кўрсатиб ўтилди.

738