Ўзбекистонда кўп функцияли миграция маркази очилиши мумкин

135
(Янгиланган 10:51 25.06.2020)
Ушбу ташаббус Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Сардор Умурзаков Москва шаҳрига амалий ташрифи доирасида кўриб чиқилди.

ТОШКЕНТ, 25 июн — Sputnik. Ўзбекистонда Россияда мамлакат фуқароларининг ишга жойлашиши учун кўп функцияли миграция марказини очиш режалаштирилмоқда.

Ушбу ташаббус Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Сардор Умурзаковнинг Москва шаҳрига амалий ташрифи доирасида Россия Ҳукумати раисининг ўринбосари Алексей Оверчук, Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров ва Россия Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников билан бир қатор икки томонлама учрашувида маълум қилинди.

“Шунингдек, Россия вилоятлари ва йирик иш берувчилари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш орқали Россия Федерациясида Ўзбекистон фуқароларининг бандлигини ташкил этувчи оператор бўлиб хизмат қиладиган кўп функцияли миграция марказини Ўзбекистон ҳудудида очиш ташаббуси муҳокама қилинди”, - дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда Ягона миграцион марказ ўз фаолиятини бошлаган. Марказнинг асосий мақсади Россияга вақтинчалик меҳнат қилиш учун кетаётган Ўзбекистон фуқароларини жўнаш олдидан тайёрлаш, мослашув ва психологик тайёрлаш хизматларини кўрсатишдан иборат.

Шунингдек, Россияга ишлаш учун кетаётган фуқароларга рус тили, Россия тарихи ва қонунчилигини ўргатиш ва патент олиш учун талаб этиладиган тегишли сертификатни Ўзбекистонда бериш каби хизматлар кўрсатилади.

135

Россиянинг Амур вилоятига жўнаб кетган Ўзбекистон фуқаролари бўйича қўшимча изоҳ берилди

812
(Янгиланган 22:22 01.08.2020)
Куни кеча Амур вилоятига жўнаб кетган меҳнат мигрантларининг фаолияти доимий мониторинг қилиб борилади. Иш берувчи ташкилотнинг эса 13 июль куни ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари иштирокида тартибсизликлар юз берган ташкилотга алоқаси йўқ.

ТОШКЕНТ, 1 авг - Sputnik. Куни кеча, 31 июль куни, 144 нафар Ўзбекистон фуқароларининг РФнинг Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида ишлаш учун чартер рейс орқали учиб кетишгани ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Интернет фойдаланувчиларининг аксарияти ушбу фуқаролар ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари иштирокида июль ойида тартибсизликлар юз берган ташкилотга жўнатилгани ҳақида изоҳлар қолдиришган.

Маълумот учун, 2020 йилнинг 13 июль куни Россия Федерацияси Амур вилояти Свободный туманидаги "Renaissance Heavy Industries" компаниясига тегишли вақтинчалик вахта шаҳарчасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирокида оммавий тартибсизликлар юз берган эди.

ОАВ хабарларида айтилишига кўра, иш ҳақи тўланмаганлиги туфайли келиб чиққан можаро оқибатида 300га яқин ишчилар корхонага тегишли бўлган бир неча автомобилларни ағдариб ташлаган. 

 

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати эълон қилган баёнотга кўра, Ўзбекистоннинг қатор масъул ташкилотлари саъй-ҳаракатлари билан эришилган келишувга мувофиқ "labor migration" дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган фуқаролар Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида ишлаш учун жўнатилган. Уларнинг Россияда ишлаши доимий мониторинг қилиб борилади. Иш берувчи ташкилотнинг эса 13 июль куни ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари иштирокида тартибсизликлар юз берган ташкилотга алоқаси йўқ.

Шунингдек, Амур вилояти Свободный туманидаги "Renaissance Heavy Industries" компаниясига тегишли вақтинчалик вахта шаҳарчасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирокида юз берган ҳодиса Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси томонидан назоратга олгани, мазкур масала бўйича Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ваколатли органлари билан мулоқот бошлангани маълум қилинган эди.

"31 июль куни жўнаб кетган 144 нафар ҳамюртларимизнинг Ўзбекистондан самолётда учиб бориш, яшаш, патент ва бошқа харажатлари иш берувчи томонидан тўлаб берилиши, шунингдек, уларнинг ойлик иш ҳақи ўртача 40 - 60 минг рублни ташкил этиши белгиланган", - дейилади баёнотда.

Шу ўринда агентлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан турли асоссиз маълумотларни тарқатмасликларини, ишончсиз ахборотлар билан одамларни чалғитмасликларини сўраб қолган.

 

812
Пассажир в зале ожидания

Россияга 144 нафар ўзбекистонлик ишлаш учун учиб кетди

962
(Янгиланган 16:29 31.07.2020)
Ўзбекистон фуқаролари 14 кунлик карантиндан сўнг белгиланган эпидемиологик талаблар ва карантин чекловларига риоя қилган ҳолда қурилиш объектларида иш бошлашлари хабар қилинмоқда.

ТОШКЕНТ, 31 июл - Sputnik. Россияга 144 нафар ўзбекистонлик ишлаш учун учиб кетди, деб хабар бермоқда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги.

"...россиялик иш берувчилар ва масъул ташкилотлар билан келишган ҳолда бугун 144 нафар юртдошларимиз Россиянинг Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида ишлаш учун чартер рейс орқали учиб кетди", - дейилади агентлик матбуот-хизмати хабарида.

Таъкидланишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан хорижий мамлакатлардаги меҳнат мигрантларининг мавжуд иш ўринларини сақлаб қолиш, вақтинча ишсиз қолган юртдошларимизни улар бўлиб турган мамлакатларнинг пандемиядан нисбатан камроқ зарар кўрган бошқа соҳа ва ҳудудларига ишга жалб қилиш ва карантин чекловлари сабабли чет элга ишга кетолмаган фуқароларни хорижга ишга жалб қилиш бўйича қатор амалий чоралар кўрилмоқда.

Сал олдин, июнь ойида 33 нафар ўзбекистонлик йирик қурилиш объектларида ишлаш учун Қозоғистоннинг Шарқий Қозоғистон вилоятига ташкиллаштирилган ҳолда жўнаб кетган эди.

Ўзбекистон фуқаролари 14 кунлик карантиндан сўнг белгиланган эпидемиологик талаблар ва карантин чекловларига риоя қилган ҳолда қурилиш объектларида иш бошлашлари хабар қилинмоқда.

962
Купюры американских долларов

ОТБ Ўзбекистонга коронавирусга қарши кураш учун яна 100 млн $ ажратди

13
Осиё тараққиёт банки Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятларга барқарорлигини ошириш учун 100 миллион доллар миқдорда қарз маблағларини ажратишни маъқуллади.

ТОШКЕНТ, 3 авг — Sputnik. Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятларга, жумладан, коронавирус пандемиясига барқарорлигини ошириш учун 100 миллион доллар миқдорда қарз маблағларини ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда банк сайтида маълум қилинди.

Лойиҳа доирасида COVID-19 га тест олиш, ташхис қўйиш тизимини яхшилаш режалаштирилмоқда. 

“Мамлакат соғлиқни сақлаш тизими сифати, хавфсизлик стандарти, протоколлари ва  хизматини яхшилаб, бу лойиҳа Ўзбекистон аҳолисини COVID-19дан ҳимоя қилиш ва саломатлигини келажакдаги таҳдидлардан асрашга ёрдам беради”, - деди ОТБ вице-президенти Шисинь Чен.

Таъкидланишича, лойиҳа мамлакатга тақдим этиладиган ОТБнинг кенг қамровли қўллаб-қувватлаш пакетининг бир қисмидир. Шунингдек, у инқирозга қарши ҳукумат чораларини ва жорий техник ёрдамни молиялаштириш учун 500 миллион долларлик кредит ҳам ўз ичига олади.

Бундан ташқари, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг (ОИИБ) ушбу лойиҳа учун 100 млн доллар миқдорида кредит ажратиш устида иш олиб бормоқда.

Лойиҳани амалга ошириш соғлиқни сақлаш ходимлари учун хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш ва уларни шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш учун мамлакат бўйлаб 38 лабораторияларини таъмирлашни назарда тутади.

Лойиҳани амалга ошириш дарҳол бошланади ва 2022 йилнинг июль ойига қадар якунланиши керак. Ижро этувчи органлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳисобланади.

13