Тошкентдаги ИЭС. Архив сурат

Daewoo ва Hyundai Толимаржон ИЭСни янгилади

116
(Янгиланган 12:29 24.08.2016)
Шартномага кўра, консорциум станцияда 450 МВт қувватга эга иккита буғ-газ қурилмасини битказиб топширади. Буғ-газ қурилмаси Япониянинг Mitsubishi Corporation компанияси томонидан етказиб берилади.

ТОШКЕНТ, 24 авг — Sputnik. Жанубий Кореянинг Daewoo ва Hyundai консорциуми Қашқадарё вилоятидаги Толимаржон иссиқлик электр станциясида (ИЭС) янги буғ-газ қурилмасини фойдаланишга топширди, деб маълум қилди станция директори Абдусами Нормўминов.

"Қуввати 450 МВт бўлган янги БГҚнинг монтаж-ўрнатиш ишлари якунига етди, тизимга электр энергияси узатиш бошланди", — деди Нормўминов. Унинг айтишича, декабрь ойида худди шундай қувватга эга яна бир БГҚ қурилиши ниҳоясига етади.

2013 йил мартида Daewoo ва Hyundai тендер натижаларига кўра “Ўзбекэнерго” АЖ билан Толимаржон ИЭСни модернизация қилиш бўйича қиймати 861 миллион долларлик шартнома имзолаган эди. Шартномага кўра, консорциум станцияда 450 МВт қувватга эга иккита буғ-газ қурилмасини битказиб топширади. Буғ-газ қурилмаси Япониянинг Mitsubishi Corporation компанияси томонидан етказиб берилади. Лойиҳанинг ишга туширилиши станцияда ишлаб чиқариладиган электр энергияси таннархини 30 фоизга камайтиради.

Умумий қиймати 1,28 миллиард долларни ташкил этувчи лойиҳа Осиё тараққиёт банкининг 350 миллион, Япония халқаро тараққиёт агентлигининг (JICA) 300 миллион, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт фондининг 250 миллион долларлик кредити ҳамда “Ўзбекэнерго” АЖнинг маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

2004 йил декабрида “Ўзбекэнерго” Толимаржон ИЭСда лойиҳа қуввати 800 МВтли биринчи энергоблокни ишга туширганди. Янги БГҚлар ишга туширилиши натижасида ИЭСда электр энергияси ишлаб чиқариш 2,3 баравар ошиб, йилига 10,4 миллиард кВт соатга етади. Ҳозирда 2022 йилгача шундай қувватга эга яна иккита БГҚни қуриш лойиҳаси тайёрланмоқда, бу эса ИЭСда электр қуввати ишлаб чиқаришни йилига 20,4 миллиард кВт соатга етказади.

116