Доллары США

Ўзбекистондан валюта олиб чиқиш миқдори ўзгарди

2239
Ўзбекистонга нақд хорижий валюта олиб кириш божхона назорати қоидаларига риоя қилган ҳолда чекланмаган миқдорда рухсат этилади. Ўзбекистондан нақд хорижий валютани эркин олиб чиқиш божхона назорати қоидаларига риоя қилган ҳолда эквиваленти 5 минг долларга тенг ёки ундан ошмайдиган миқдорда рухсат этилади

ТОШКЕНТ, 31 дек — Sputnik. Валюта олиб кириш ва олиб чиқишда янги тартиб жорий этилади, деб хабар қилди Самарқанд вилояти божхона бошқармаси матбуот хизматга таянган ҳолда "Зарафшон" нашри.

Ўзбекистон президентининг 2017 йил 6 декабрдаги "Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ва бошқа тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ Ўзбекистон Республикасига жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиш тартибига ўзгартиришлар киритилди.

Унга кўра, 2018 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиладиган эквиваленти 2 минг доллардан ошган миқдордаги нақд хорижий валюта ёзма декларациялаш ва божхона органи ходимига тақдим этиш йўли билан божхона назоратидан ўтказилади.

Бунда йўловчи божхона декларациясида олиб кирилаётган ва олиб чиқилаётган нақд хорижий валютанинг жами суммаси кўрсатилади. Эквиваленти 2 минг долларга тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд хорижий валюта жисмоний шахснинг хоҳишига кўра ёзма декларацияланиши мумкин.

Ўзбекистонга нақд хорижий валюта олиб кириш божхона назорати қоидаларига риоя қилган ҳолда чекланмаган миқдорда рухсат этилади. Ўзбекистондан нақд хорижий валютани эркин олиб чиқиш божхона назорати қоидаларига риоя қилган ҳолда эквиваленти 5 минг долларга тенг ёки ундан ошмайдиган миқдорда рухсат этилади.

Резидентлар томонидан белгиланган суммадан ортиқча маблағни олиб чиқиш Ўзбекистон Марказий банкининг рухсатномаси асосида амалга оширилади. Унда ушбу рухсатномада эркин олиб чиқиш учун белгиланган миқдордан ортиқча олиб чиқилаётган нақд хорижий валюта миқдори кўрсатилган бўлиши лозим. Норезидентлар томонидан Ўзбекистон Республикасига киришда тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси асосида амалга оширилади, бунда ушбу декларациядаги нақд хорижий валюта суммаси олиб чиқиладиган нақд хорижий валюта суммасидан кам бўлмаган миқдорда кўрсатилган бўлиши лозим.

Шунингдек, норезидентлар республикада белгиланган тартибда ташкил қилинган мусобақалар, танлов ва олимпиадаларнинг совриндорлари ёки қатнашчилари томонидан эркин олиб чиқиш учун белгиланган миқдордан ортиқча нақд хорижий валюта олиб чиқилаётганда нақд хорижий валюта олинганлигининг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжат асос ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг рухсатномасини ва Ўзбекистон Республикасига киришда норезидентлар томонидан тўлдирилган йўловчи божхона декларациясини, яъни эквиваленти 5 минг доллардан ошган миқдордаги нақд хорижий валютани олиб чиқиш учун асос бўлган ҳужжатни бошқа шахсга беришга йўл қўйилмайди.

Қисман фойдаланилган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг рухсатномаси ва Ўзбекистон Республикасига киришда норезидентлар томонидан тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси келгусида эквиваленти 5 минг доллардан ошган миқдордаги нақд хорижий валютани олиб чиқиш учун асос сифатида қўлланилмайди.

Жисмоний шaxc Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасини кесиб ўтаётганда эга бўлган нақд хорижий валютанинг ишончли ва тўғри декларацияланиши учун жавобгардир.

2239