Строительство дома в Ташкенте

Мирзиёев қурилиш вазирлигини ташкил этди

529
Президент фармонида ушбу вазирлик Ўзбекистонда архитектура ва қурилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланиши белгилаб қўйилган

ТОШКЕНТ, 3 апр — Sputnik. Ўзбекистонда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ташкил этилмоқда, деб хабар қилди Спутник мухбири президент фармонига таянган ҳолда.

Президент фармонида ушбу вазирлик Ўзбекистонда архитектура ва қурилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланиши белгилаб қўйилган.

Вазирлик вазифаларига шаҳарсозлик ва қурилиш учун муҳандислик-техник изланишлар соҳасида ягона илмий-техникавий сиёсатни олиб бориш, меҳнат унумдорлигини ошириш, қурилиш-монтаж ишлари қийматини камайтириш, ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган энергия самарадор ва энергия тежайдиган инновацион лойиҳа ва қарорларни қурилиш фаолиятига жорий этиш киради.

Шунингдек, вазирлик республика ҳудудида аҳолини жойлаштиришнинг бош схемасини, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар, шаҳарлар ҳудудларини режалаштириш схемаларини, аҳоли пунктларининг бош режаларини ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни ташкил қилиш, уларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг юритиш билан шуғулланади.

Вазирликнинг ташкил этилиши қурилиш соҳасида давлат бошқарувини ташкил этишда замонавий шаҳарсозлик услублари, нормалари ва қоидаларини кенг жорий қилишга, рақобатни ривожлантиришга, янги субъектларнинг инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар билан бозорга кириб келишига тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммолар мавжудлиги билан боғлиқ.

Хусусан, шаҳарсозлик фаолияти, лойиҳа ва пудрат хизматлари бозори, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришнинг ҳолати ҳамда ривожланиш тенденциялари комплекс таҳлил қилинмаган, оқибатда ҳудудларни шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантиришнинг ўрта муддатли ва истиқболли йўналишлари белгиланмаган. Архитектура ва қурилиш органларининг ташкилий-штат тузилмаси қурилиш ва реконструкция жараёнларини тўлиқ кузатиб боришни таъминлаш, шунингдек, қурилиш-монтаж ишлари сифатини самарали назорат қилиш учун мавжуд ресурсларни сафарбар этишга имкон бермаяпти.

Шунингдек, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг амалдаги тизими архитектура-қурилиш соҳасини жадал ривожлантириш вазифаларини самарали рўёбга чиқаришга имкон бермаяпти, кадрларни моддий рағбатлантириш даражасининг пастлиги эса малакали мутахассисларнинг тизимдан кетиб қолишига олиб келмоқда.

529
Теглар:
Мирзиёев, Қурилиш вазирлиги, президент фармони