Ситуация после выборов президента в Республике Узбекистан

Ўзбекистонда демократия қуриш вақти келди - Реджабоев

1300
(Янгиланган 20:49 28.06.2018)
Ўзбекистон тарихига назар солсак, 2 минг 600 йилни монархияда яшаганмиз, яна сал кам юз йил ўз тақдирини коммунизмнинг ушалмас орзуларига топширган. Йигирма беш йил ёш давлат қуришга ҳаракат бўлди. Энди эса демократия қуриш вақти келди, дейди ёш эксперт

ТОШКЕНТ, 28 июн — Sputnik. Таълими суст, тарбияси оз, дунёқараши чекланган халқнинг келажаги завол, умидсиз, умуртқасиз бўлади, деди Тошкентдаги Инҳа университетида ўтказилаётган халқаро форумда чиқиши вақтида Сингапур миллий университети Ли Куан Юй номидаги давлат сиёсати мактаби тадқиқотчи-ёрдамчиси ҳамда Япониядаги Кейо университети Глобал тадқиқотлар институти тадқиқотчиси Хасан Реджабоев.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг 2035-йилгача бўлган стратегияси концепциясини муҳокама қилиш бешта йўналиш бўйича олиб борилмоқда. Шулардан бешинчиси Ўзбекистондаги фан, туризм, маданият, таълим ва инсон капиталини ривожлантириш масалаларига бағишланган сессия йиғилишидир.

Сессия модератори Хасан Ражабоев мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

"Таълим бу миллатнинг, жамиятнинг, бутун давлатимизнинг умуртқаси. Таълими суст, тарбияси оз, дунёқараши чекланган халқнинг келажаги завол, умидсиз, умуртқасиз бўлади. Ҳуқуқий демократик давлат асосларини излар эканмиз, изланишларимиз бари бир саволга бориб тақалади: "Таълим, фан, маданият ва дунёқарашимизни ривожлантириш учун нима керак?".

Бу саволга ҳар-хил жавоб вариантларимиз бор. Биринчи вариантда кўпгина саволларнинг ечимини биламиз. Лекин уларни қўллашга тушунарсиз баҳоналар панд беради. Масалан: "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпаниясида аксар ходимлар ҳалигача на ўзбек, на инглиз ва на ҳаттоки рус тилида тўғри сўзлай олади. Ўқитувчиларнинг ойлиги ва фаровонлиги бу давлат фаровонлигининг стратегик приоритети.

Юқоридагидек оддий мисолларнинг амалий ечимидан олдин яна қанча минг оламни жунбушга келтира олмайдиган олим авлодларимизнинг увол бўлиши, яна қанча минг сайёҳнинг биринчи фикри бузилиши ва яна қанча қўштирноқ остидаги халқаро университетларнинг ишончини 10 йил ҳам оқлай олмай, давлат ҳисобида ишловчи ўқув марказига айланишию, яна неча йил миллий университетимизнинг абгор бўлиши фақат ҳақиқатни инкор қилувчиларгагина аён. Бизга эмас.

Иккинчи варинатда эса шу саволларнинг барчасига бўлмаса-да, анчасига жавоб бера оладиган, бошқа давлатлар ва масканларда муваффақият билан топиб бўлинган ечимлар бор. Айнан шу тайёр ва инкор этиш икки карра қийин бўлган тажрибани улашиш, мукаммал бўлмаса-да, холис ва амалий фикрларни билдириш Форумимизнинг бешинчи сессияларида изланади.

Масалан, Ўзбекистон Олий таълимининг асосий муаммолари нимада, деган саволга Гарвард университетининг тадқиқотчиси, ватандошимиз Ботир Қобилов жавоб берсалар, хусусий таълим давлат бюджетини қанчага орттира олиши ва мактабларнинг сифатини яхшилай олишига Мэдиссон шаҳридаги Wisconsin университет докторанти Бегзод Ҳошимов таклифларини киритади.

Шу билан бирга, сессиямиз иштирокчилари ислоҳотлар йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, коррупцияни тўлиқ йўқотиш, мериотократик тизимни рағбатлантириш, инновацион сиёсатнинг туркумларини яратиш борасида ҳамда "Буюк келажак" экспертлар девонининг роли ва нундан бўлган талаблар муҳокамасини аниқлаштириш борасида ўз таклифларини билдиришади. Биз ҳам нима қилишимизни билишимиз керак.

Бугун бир нарсани таъкидлашни истардим. Ўзбекистон баҳори келди. Эски замон майлида фикрлайдиганлар ва ундан ҳам ёмони умуман фикрламайдиганлар учун имкониятлар камаймоқда. Лекин бор. Янги давр остонасидамиз.

Ўзбекистон тарихига назар солсак, 2 минг 600 йилни монархияда яшаганмиз, яна сал кам юз йил ўз тақдирини коммунизмнинг ушалмас орзуларига топширган. Йигирма беш йил ёш давлат қуришга ҳаракат бўлди. Аристократия, меритократия ва партократия ҳам қўллаб кўрилди. Энди эса демократия қуриш вақти келди. Шу тараддуд ва янги ҳукумат ислоҳотларининг ҳақиқийлигига ва самимийлигига ҳозирги кунда бутун дунё ишонч билдирмоқда.

Шу маънода бугун биз фақат бир жиҳатда бўлинишимиз мумкин: вақти-соати етган ислоҳотларга ишончсиз ҳолда қарши турувчилар ёки самимий прагматик ва амалда ватанпарвар бўламиз. Бу масалада муросага ўрин йўқ. Биз бу келажакни, Буюк келажакни бирга қуришни таклиф қиламиз".

1300
Мавзу:
"Ўзбекистон 2035" форуми (4)