Акция Бессмертный полк в Ташкенте на территории комплекса Братские могилы

Тошкент ИИББ "Ўлмас полк" марши бўйича ўз позициясини тушунтирди

388
Бугунги кунда ИИББ матбуот-хизмати ҳокимият томонидан "Ўлмас полк" акциясига, шу жумладан кўчаларда ўтказиладиган маршларга ҳам рухсат берилганидан хабардор эмас.

ТОШКЕНТ, 17 апр - Sputnik. Тошкент ИИББ ОАВ вакилларига шаҳар ички ишлар бош бошқармаси пойтахтда "Ўлмас полк" акцияси ўтказилишида кўмаклашади, деган мазмундаги хабарларни тарқатмасликни сўраб мурожаат қилди.

"Тошкент ИИББ ўтказиладиган барча байрамларда тасдиқланган режага мувофиқ бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда жамоатчилик тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлайди. Хусусан, Янги йил, Халқаро хотин-қизлар куни, Наврўз байрамларида шундай бўлган эди", - дейилади хабарда.

Хабарга мувофиқ, Ўзбекистонда9 май санасида нишонланадиган хотира ва қадрлаш куни расмий байрам саналади, ва бу кунда ИИББ шахсий таркиби бутун шаҳар бўйлаб хизмат олиб боради. Шу жумладан, гулчамбар қўйиш тадбирлари ўтказиладиган жойларда, хусусан, "Мангу олов" ва "Шаҳидлар қабристони"да ҳам.

"Ҳурматли ОАВ ходимлари, учинчи шахслардан маълумот олганингизда хабарни Тошкент ИИББ матбуот-хизматида аниқлаштириб олишингизни илтимос қиламиз", - деб мурожаат қилган ОАВга ИИББ.

Бугунги кунда ИИББ матбуот-хизмати ҳокимият томонидан "Ўлмас полк" акциясига, шу жумладан кўчаларда ўтказиладиган маршларга ҳам рухсат берилганидан хабардор эмас.

"15 апрель куни ўтказилган сайёр қабулда, қабулга "шахсий савол" билан ёзилган тошкентлик Тимур Исмоилов, қабул давомида шахсий савол ўрнига ушбу акция бўйича қизиққан ва юқоридаги хабарда келтирилган жавобни олган", - деб қўшимча қилган ИИББ матбуот-хизмати.

17 апрель куни Адлия вазирлиги ўзининг телеграммдаги саҳифасида кўча юришлари, митинглар ўтказиш учун қонунчиликда қандай жазо чоралари кўзда тутилганини яна бир бор эслатиб ўтди.

"Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш ёхуд ўтказиш тартибини бузиш ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олинишига сабаб бўлиши мумкин.

Агарда ҳаракат ташкилотчиси айнан шу каби ҳаракатлар учун илгари маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, унда ушбу шахс жиноий жавобгарликка тортилади. Бунда максимал жиноий жазо сифатида 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Бундан ташқари, рухсат этилмаган йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишлар қатнашчиларига бинолар ёки бошқа мулк (алоқа воситалари, кўпайтирадиган ва бошқа хил техник ускуналар, транспорт)ни бериш ёки шундай тадбирларни ўтказиш учун бошқа шароитларни яратиш фуқароларга 20 млн 273 минг сўмгача, мансабдор шахсларга эса 30 млн 409 минг сўмгача жарима солишга сабаб бўлиши мумкин", - дейилади Адлия вазирлиги хабарида.

"Ўлмас полк" - "Бессмертный полк" — Улуғ Ватан уруши қатнашчилари хотирасини сақлаб қолиш мақсадида ўтказиладиган халқаро фуқаролик-ватанпарварлик ҳаракатидир. Юриш иштирокчилари ҳар йили Ғалаба кунида ўз қариндошларининг суратларини кўтарган ҳолда колонна бўлиб кўчалардан ўтадилар.

388