ТОШКЕНТ, 15 июн - Sputnik. Бош прокуратура матбуот-котиби Сурайё Раҳмонова "Прокуратура органларининг 2019 йил 5 ойлик фаолияти"га бағишланган брифингда идора Гулнора Каримованинг активларини Ўзбекистонга қайтариш бўйича халқаро шериклар билан биргаликда ишларни давом эттираётганини маълум қилди. РИА Новости хабари асосида.
"Айни вақтда асосий хорижий шериклар билан ҳамкорлик олиб борилмоқда, улар бизга бу ишда кўмаклашишмоқда. Бу жараёнда биз учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ", - деган Раҳмонова Каримованинг активларини Ўзбекистонга қайтариш бўйича ишлар қандай кечаётгани ҳақидаги саволга жавоб берар экан.
Хабарда айтилишича, Каримова айни пайтда жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтамоқда. Унинг саломатлиги бўйича муаммолар йўқ.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг биринчи президенти қизи умумий тартибдаги колонияга жорий йил март ойида ўтказилган эди.
Тошкент 12 давлатда, шу жумладан Россияда Каримованинг бойликларини ҳибсга олиш ташаббуси билан чиққан, уларнинг умумий миқдори 1,5 миллиардан зиёд.
ТОШКЕНТ, 16 янв - Sputnik. Ўзбекистон Республикасида зиёрат туризми индустриясини янада такомиллаштириш мақсадида зиёратчиларга қатор қулайликлар яратилиб, хизмат кўрсатиш тизимлари учун алоҳида тартиблар белгиланди.
"Uzbekistan Airports" АЖ ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган дастур асосида зиёратчиларни ташиш бўйича мамлакат халқаро аэропортларида хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемаларига ерда кўрсатиладиган хизматларнинг асосий турлари учун эълон қилинган тарифларга 50%гача чегирмалар жорий қилинади.
Шунингдек, парвозлар кўламини кенгайтириш ва Ўзбекистондаги халқаро аэропортлар жозибадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга имтиёзлар берилиши ҳам кўзда тутилди. Унга кўра, хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемаларига ерда кўрсатиладиган хизматларнинг асосий турлари бўйича эълон қилинган тарифларга 30%гача табақалаштирилган чегирма қуйидаги ҳолларда тақдим этилишини маълум қиламиз:
– Ўзбекистон Республикасининг халқаро аэропортларига янги йўналишлар бўйича парвозларни йўлга қўйиш ва уларни ривожлантириш таклифи билан илк бор мурожаат қилган хорижий авиакомпаниялар учун;
- Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий аэропортларига (аэропортларидан) парвозларни амалга ошираётган хорижий авиакомпанияларнинг янги йўналишлари учун;
- мавжуд парвозлар сонидан ташқари шу йўналиш бўйича қўшимча қатновлар учун.
ТОШКЕНТ, 16 янв — Sputnik. Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида олимлар, давлат идоралари ва халқаро ташкилотлар иштирокида Илмий-мувофиқлаштириш кенгаши йиғилиши ўтказилди. Тадбир доирасида Ўзбекистон президентининг Олий Мажлисга мурожаатномасида янграган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги масалалар кўриб чиқилди.
Тадбир давомида Ўзбекистоннинг ҳозирги босқичидаги инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатига алоҳида эътибор қаратилди.
"Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзолиги илмий жамоатчиликка инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқий жараёнларни таҳлил қилиш ва бундан тадқиқот ва таълим жараёнида кенг фойдаланиш заруратини келтириб чиқаради", - дейилади релиз матнида.
Шунингдек, республика манфаатларини халқаро миқёсда илгари суриш инсон ҳуқуқларининг халқаро аспектида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашни талаб қилиши таъкидланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази маълумотларига кўра, жорий йилда мамлакатда "Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим" глобал форуми ўтказилиши режалаштирилмоқда, унда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришнинг янги муаммолари ва вазифалари муҳокама қилинади.
Кутилишича, тадбир ғоя алмашиш ва инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш борасида энг яхши тажрибага айланади.
Эслатиб ўтамиз, 2021-йил БМТ нинг таълим ва инсон ҳуқуқлари соҳасида декларацияси қабул қилинганининг 10 йиллиги нишонланади. Декларация 2011 йилнинг декабрида БМТ Бош ассамблеяси томонидан қабул қилинган. 2019 йилда Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарори билан ҳужжатда қайд этилган низомларни амалга ошириш учун "Йўл харитаси" бўйича миллий режалар дастури тасдиқланган.
ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik. 2021 йилда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХББ) соҳасида амалга қатор истиқболли режалар амалга оширилиши кутилмоқда.
ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси хабарига кўра, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ўқиётган номзодлар давомати ва ўқув жараёнини онлайн тарзда назорат қилиш тизимини яратиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, 2021 йилда транспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишда аризаларни онлайн юбориш ҳам жорий этилиши кутилмоқда. Тўловларни эса тўлиқ биллинг тизимига ўтказиш мўлжалланган. Бу фуқароларнинг сабабсиз кутиб қолишларининг олдини олишга ёрдам бериши айтилмоқда.
Эслатаб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021 йил 1 апрелдан тадбиркорлар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади.