Во время операции по пересадке донорской почки

Ўзбекистонда донор бўлувчи қариндошлар рўйхати кенгайтирилди

223
(Янгиланган 12:22 28.12.2019)
Никоҳлари қайд этилган, камида уч йил бирга яшаган эр-хотинлар, ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, уч йил аввал  қонуний тартибда фарзандликка олинган болалар тирик қариндош донорлар бўлишлари мумкин.

ТОШКЕНТ, 28 дек - Sputnik. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига киритилган ўзгаришларга кўра, Ўзбекистонда донор бўлувчи қариндошлар рўйхати кенгайтирилди. Бу ҳақда Соғлиқни Сақлаш вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди. 

Ҳужжатда қайд этилишича, эндиликда, тирик қариндошлар ўртасидаги биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи даражада ажратилган қариндошлар донор бўлишлари мумкин.   

Бунда болалар ота-онасига нисбатан биринчи, невара бобоси ва бувисига нисбатан, шунингдек, ака-ука ва опа-сингиллар – иккинчи, эвара катта бобоси ва катта бувисига нисбатан, шунингдек, тоға ва амаки, аммо ва хола ўз жиянлари билан учинчи тоифага бўлинган  ҳолда донор бўлишлари мумкин.   

Шунингдек, тоғавачча, амакивачча, аммавачча ва холаваччалар тўртинчи даражадаги қариндош ҳисобланади.

Никоҳлари қайд этилган, камида уч йил бирга яшаган эр-хотинлар ва уларнинг юқорида кўрсатиб ўтилган барча қариндошлари, ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, уч йил аввал  қонуний тартибда фарзандликка олинган болалар тирик қариндош донорлар бўлишлари мумкин.

Бундан ташқари Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази билан бир қаторда, Қорақалпоғистон, Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд ҳамда Хоразм кўп тармоқли тиббиёт марказлари ҳам трансплантация амалиётларини бажариш рухсат этилди. 

Эслатиб ўтамиз, сал аввал Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий амалий тиббиёт марказида 230 дан ортиқ буйрак, 6 та жигар, Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказида эса 68 та буйрак трансплантацияси операциялари ўтказилгани ҳақида маълумот берган эдик.

223