Редакция Sputnik Эстония

Sputnik Эстония журналистлари редакция билан меҳнат муносабатларини тўхтатадилар

264
Sputnik Эстония ходимлари мамлакат полиция департаменти ва чегара қўриғи хизматидан, агар 2020 йил 1 январидан "Россия сегодня" ХАА билан меҳнат муносабатларини тўхтатмасалар, уларга қарши жиноий иш қўзғатилиши баён этилган очиқ таҳдид акс этган хатни олган эдилар.

ТОШКЕНТ, 31 дек — Sputnik. Sputnik Эстония журналистлари Таллин томонидан жиноий таъқиб бўйича бўлаётган таҳдидлар туфайли 2020 йилнинг 1 январидан редакция билан меҳнат муносабатларини тўхтатишга мажбур.

"Sputnik Эстония ва "Россия сегодня" ХАА ушбу қарорда ўз ходимларини қўллаб-қувватлайдилар", — дейилади Россия ахборот агентлиги матбуот-хизмати томонидан эълон қилинган расмий баёнотда. Матн Sputnik Эстония сайтида эълон қилинган.
Мактубда қайд этилишича, тажриба шуни кўрсатмоқдаки, эстон ҳукумати томонидан бўлаётган таҳдидларнинг мантиқсизлиги шундоқ аён бўлиб турган бир вақтда, бугунги Европада журналистларнинг жиноий таъқибга олиниши - бу реал ҳолат.

"Инсонлар эркинлигини хатар остига қўйиш имконсиз. Эстония режимининг ўз фуқароларига қарши ҳаракатларини очиқ таъқибга олиш, ҳуқуқий тартибсизлик, тоталитаризмнинг бўй кўрсатиши ва сўз эркинлигининг энг қўпол равишда бузилиши, деб ҳисоблаймиз. Бу ЕИда мисли кўрилмаган ҳодисадир. Журналистларнинг ягона "айби" — бу Россия ОАВсида ишлаётганидир", — дея кўрсатилган баёнотда.

"Россия сегодня" ХАА матбуот-хизмати хабарига кўра, ОБСЕ вакили Арлем Дезир, ЕИ томонидан Дмитрий Киселёвга қарши киритилган якка тартибдаги санкцияларнинг бутун агентлик ва журналистларга нисбатан кенгайтирилиши - бу матбуот эркинлиги учун катта муаммодир, дея фикр билдирган.

"Sputnik журналистлари эстон куч тузилмалари томонидан жиноий таъқибга олинишдан хавфсирамай ишлашлари учун барча зарурий юридик ва бошқа чораларни кўрамиз", - дейилган хабарда.

Редакция фаолияти тўхтатиб қўйилган, аммо келажакда Sputnik Эстония сайти ўз фаолиятини давом эттиради, деб қўшимча қилинган матбуот-хизмати хабарида. Сайт ўз ишини тўлиқ ҳажмда тиклаш учун вақт керак бўлади.

"Россия сегодня" ХАА барча халқаро ва Европа ташкилотларини Эстония ҳукумати ҳаракатларига нисбатан ўз позицияларини билдиришга чорламоқда.

"Хусусан, БМТ, ЕИ, ОБСЕ (ЕХҲТ), Европарламент, "Чегара билмас репортёрлар"га мурожаат қиляпмиз. Журналистлар ҳамжамияти, жамоат арбоблари, сиёсатчилар ва халқаро ташкилотларга ҳамкасбларни қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорлик билдирамиз. Руҳий мадад ҳозир жуда муҳим ва келажакда ҳам керак бўлади", - дейилган баёнотда.

2019 йилнинг октябрь ойи охирида халқаро банк гуруҳларининг эстон филиаллари "Россия сегодня" ХААнинг Sputnik Эстония ходимларига маош ўтказмалари, офис ижараси учун солиқ тўловлари ва ижара тўловларини музлатиб қўйишди. Агентлик мурожжат этган Эстониянинг бошқа банклари ҳам ушбу операцияларни ўтказишдан бош тортди. Буларнинг ҳаммаси пул ўтказмалар Sputnik᾽нинг Эстониядаги қарийб тўрт йиллик фаолияти давомида маҳаллий банкларда савол туғдирмаган вақтда рўй бермоқда.

Таъкидланишича, банк тузилмаларига ва Sputnik᾽нинг Эстониядаги контрагентларига босим Эстония полиция департаменти ва чегара хизматининг давлат "Пул ювиш тўғрисидаги маълумотлар бюроси" (RAB) томонидан ўтказилмоқда.

Россия президенти Владимир Путин, юзага келган вазиятга изоҳ берар экан, РФ ҳукумати Sputnik фаолиятини бошқа давлатларда қўллаб-қувватлаш учун барча имкониятни ишга солишини айтган эди. Давлат раҳбари, Эстония ҳукуматининг агентлик ходимлари ишига ҳалал беришга уриниши сезилмасдан қолиши керак эмаслигини алоҳида таъкидлаганди.

Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Sputnik Эстониянинг сиқувга олинишига доир Москва жавоби "комплекс ва қизиқ" бўлишини маълум қилди.

264
Стадион Бунедкор

ОТМларга тест синовлари стадионларда ўтказиладиган бўлди

146
(Янгиланган 21:17 06.08.2020)
Таъкидланишича, имтиҳонлар кунига ҳаво салқин пайтда 2 марта ўтказилса, барчасини тахминан 12-14 кунда якунлаш мумкин.

ТОШКЕНТ, 6 авг - Sputnik. Ёпиқ бинолар эпидемиологик талабга жавоб бермаслиги, ижтимоий масофага риоя қилинган тақдирда имтиҳонлар вақти анчага чўзилиб кетишини инобатга олиб, тест синовларини Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларидаги стадионларда ташкил этишга топшириқ берилди.

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида 6 август куни жорий йилда олий таълим муассасаларига қабулни ташкил қилиш ва 2020/2021 ўқув йилига тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.

Таъкидланишича, бунда имтиҳонлар кунига 2 марта (ҳаво салқин пайтда) ўтказилса, барчасини тахминан 12-14 кунда якунлаш мумкин.

Жорий йилда мамлакатдаги олий таълим муассасаларига бакалавриат босқичига 162 364, магистратурага 10 425 ўрин ажратилган.

Бу йил 91 та ОТМга бакалавриат йўналиши бўйича 1 миллион 484 минг нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, бу ўтган йилгига нисбатан 39 фоиз кўп. Битта ўринга 10,6 та талабгор тўғри келмоқда.

Магистратура йўналишида 72 та таълим даргоҳига 78 минг 720 нафар ёки ўтган йилгига нисбатан 3 баробар кўп ҳужжат топширилган. Умуман, қабул квоталари 2016 йилгига нисбатан 3 маротаба ортган.

Мутасадди вазирлик ва идораларга стадионларни тест синовларига пухта тайёрлаш, уларнинг дислокацияси бўйича абитуриентларни тўлиқ хабардор қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди, дейилади президент матбуот-хизмати хабарида.

146

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 28 мингдан ошди

280
(Янгиланган 10:13 06.08.2020)
Ҳозирда коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг 799 нафари оғир, 228 нафари эса ўта оғир аҳволда.

ТОШКЕНТ, 6 авг - Sputnik. Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 28 069 нафарга етди, деб хабар бермоқда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот-хизмати.

Янги касалланиш ҳолатларининг 147 нафари Тошкент шаҳрида, 129 нафари Тошкент вилоятида аниқланган.

Шу билан бирга, коронавирусга чалинган яна икки бемор - Мирзо Улуғбек туманида яшаган 48 ёшли эркак ҳамда Юнусобод туманида яшаган 62 ёшли аёл вафот этган. Жами қурбонлар сони 173 тани ташкил қилмоқда.

Инфекцияга чалинган 18 783 (67 %) нафар фуқаролар соғайган.

Ҳозирда республикада 9 113 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Улардан 799 нафари оғир, 228 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйича сўнгги сутка давомида янги турдаги коронавирус инфекциясини юқтирганлар сони 206 709 нафарни ташкил қилган, 5 116 инсон ушбу вирус қурбонига айланган.

БССТ маълумотларига кўра, COVID-19 юқтирганлар сони жами 18 354 342 кишини ташкил қилмоқда. 696 147 беморлар вирус қурбонига айланган.

280
Мавзу:
COVID-19 умумжаҳон пандемияси