АОКА номи билан тадбиркорларни шантаж қилган "уддабурро"лар аниқланди

Oбуна бўлиш
Фирибгарларнинг ёнидан "Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги" деган сохта гувоҳнома топилган

ТОШКЕНТ, 16 июл - Sputnik. Бухоро вилоятининг Олот туманида ўзларини Ўзбекистон президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вакиллари ва "Юрт салоҳияти" газетаси мухбирлари деб таништирган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда АОКА матбуот-хизмати хабар бермоқда.

Подпись документов - Sputnik Ўзбекистон
АОКАга янги раҳбар тайинланди

Аниқланишича, мазкур шахслар Олот туманидаги деҳқон бозори, савдо дўконлари, кафе ва ресторанлар фаолиятига ноқонуний аралашиб, карантин қоидаларига риоя қилиниши юзасидан текширувлар ўтказиб, салбий мақола чиқариш орқали савдо объектини ёптириш, жаримага тортиш ва ташкилот раҳбарини ишдан олиш бўйича таклиф киритиш билан қўрқитган.

Тадбиркорларнинг туман ИИБга қилган мурожаатидан сўнг уларнинг шахсига ойдинлик киритилди. Улар — 1975 йилда Тошкент вилоятида туғилган Х.Ш.Ш, 1976 йилда Тошкент вилоятида туғилган М.У.М. ва 1984 йилда Андижон вилоятида туғилган К.Э.М. эканлиги аниқланди.

Текширув давомида уларнинг ёнидан "Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги" деган сохта ёзув киритилган, давлат герби ва байроғи туширилган хизмат гувохномалари, бозор ва савдо дўконларини тасвирга олган қўл телефонлари ва бошқа айрим тегишли хужжатлар холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди. Айни пайтда ушбу шахсларнинг ҳаракатларига қонуний баҳо бериш мақсадида Олот туман ИИБ томонидан дастлабки терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

"Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги шуни маълум қиладики, "Юрт салоҳияти" газетаси 2019 йил 19 сентябрда Агентликнинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситаси сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Муассис — OLTIN ASR SERVIS МЧЖ. Ушбу нашр ва муассис Агентликка дахлдор эмас ва хизмат гувоҳномасида Агентлик номи сохталаштирилган ва ноқонуний равишда киритилган", - дейилади хабарда.

Мазкур масала юзасидан Агентлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тегишли равишда мурожаат қилди ва масала тез орада қонуний ечим топиши қўшимча қилинган, ўзбекистонликлар эса янада ҳушёр ва огоҳ бўлишга чорланган.

Янгиликлар лентаси
0