ТОШКЕНТ, 23 июл - Sputnik. Тошкент тумани Фавқулодда вазият вазирлиги ходимлари қудуққа тушиб, соғлиғи ёмонлашган икки фуқаро ҳаётини сақлаб қолишди.
Хабарда айтилишича, Тошкент вилояти Тошкент туманида яшовчи А.А. исмли фуқаро ўз хонадонининг дарвозаси яқинида қурилган оқава сув учун мўлжалланган чуқурлиги 6 метрдан ортиқ бўлган қудуққа унинг ичидаги ёғочларни олиб чиқиш учун тушган.
Қудуқ тубида кислород етарли бўлмаганлиги сабабли унинг соғлиғи кутилмаганда ёмонлашган. Унга ёрдам бериш учун тушган фуқаро Б.У.нинг ҳам соғлиғи ёмонлашган.
Шу вақт қудуқ ичидан ёрдам сўраб келаётган овозни эшитган фуқаро А.А.нинг ўғли қутқарув хизматига қўнғироқ қилган.
Воқеа жойига зудлик билан етиб келган қутқарувчилар қудуқ ичида ҳушини йўқотаёзган икки нафар фуқарони юқорига олиб чиқиб, уларга зарур ёрдамларни кўрсатди.
Шу тариқа икки нафар фуқаронинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Июль ойи бошида Қорақалпоғистонда ФВВ подполковниги Радмир Чимбергенов Нукус шаҳри марказида жойлашган Каттагар каналида чўкиб бораётган 8 ёшлар атрофидаги болакай ва ўрта ёшдаги эркакни кўриб қолиб, ўзини сувга отган ва болакай ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлган эди. Эркакни қутқаришнинг имкони бўлмаган.