Ўзбекистонда карантин чоралари нега узайтирилди - тафсилотлар

1871
Сал олдин Ўзбекистон раҳбари касаллик юқтирилишининг олдини олиш, ўлим ҳолатларини кескин камайтириш мақсадида Республика махсус комиссиясининг амалдаги карантин чекловларини узайтириш таклифига розилик билдирган эди

ТОШКЕНТ, 23 июл - Sputnik. Айни дақиқаларда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида навбатдаги видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Тадбир аввалида бугун мамлакатда пандемияга қарши қандай кураш олиб бораётганига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Хусусан, ҳозирда COVID-19 юқтирганлар сони 18 минг 700 нафардан ошгани, вазият ҳамон жиддий бўлиб қолаётгани таъкидланди.

"Аҳволи оғир беморлар сони кўпайиб бормоқда. Коронавирусга қўшимча равишда пневмония ҳолатлари ҳам кенг тарқалмоқда. Шу сабабли, охирги 10 кунда 4 та селектор ўтказиб, ҳокимлар, вазирлар ва бошқа мутасадди раҳбарларга қўшимча даволаш ўринларини ташкил этиш, симптомсиз касалларни уйда тизимли даволаш, уларни зарур дори-дармон ва озиқ-овқат билан таъминлаш, тез тиббий ёрдам тизими ишини яхшилаш бўйича тегишли топшириқлар берган эдим. Бугун ҳисоботларни эшитамиз", - деди Мирзиёев

Министерство здравоохранения республики Узбекистан

Президент ҳозиргача амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритар экан, охирги кунларда коронавирусни даволаш учун қўшимча 46,5 мингта ўрин ажратилгани, яна 31 мингта ўрин ташкил этилиши, 397 та тез тиббий ёрдам машинаси харид қилингани, бир ой муддатда яна 409 та машина жойларга етказилишини таъкидлаб ўтди.

Халқаро ва маҳаллий тажрибани ҳисобга олиб, коронавирусни даволаш стратегияси ва тактикаси янгиланди, деди Президент. Тиббиёт олий ўқув юртлари ва коллежлари профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлар ва пенсияга чиққан мутахассислар орасидан жами 5 мингта врач ҳамда 9 мингта ҳамшира беморларни даволаш ва маслаҳат беришга жалб этилди.

"Шу ўринда ўз ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, касалликка қарши мардона курашаётган фидойи шифокорларимизга ҳар қанча раҳматлар айтсак, арзийди. Бугун коронавирус пандемияси шароитида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва ҳаётини асраш, юртимизда инфекцияни жиловлашда улкан жасорат ва фидойилик намуналарини кўрсатган бир гуруҳ тиббиёт, ички ишлар, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Миллий гвардия ходимларини ва бошқа ташкилотчиларини фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотлаш тўғрисидаги Фармонни имзоладим", - деди давлат раҳбари.

Олдинда бундай мукофотлар кўп бўлиши, бу курашда ўзини аямай меҳнат қилаётган барча тиббиёт ходимлари албатта муносиб тақдирланиши таъкидланди.

- Биз пневмонияни даволашда нафақат ўзимизнинг шифокорлар, балки видеоалоқа орқали хориждаги етакчи мутахассисларни консультация беришга жалб қиляпмиз, - деди Шавкат Мирзиёев. - Ҳозирги вақтда германиялик тиббиёт профессори юртимизга келиб, даволаш жараёнларида бевосита иштирок этмоқда. Бугун Туркиядан бир гуруҳ профессорлар етиб келади. Бошқа давлатлардан ҳам энг тажрибали мутахассисларни жалб қилиш бўйича иш олиб боряпмиз.

Президентнинг қайд этишича, бугунги кунда энг муҳим вазифа аҳоли ўртасида вирус занжирини узиш ҳисобланади. Бунинг учун карантин талабларига сўзсиз амал қилиш, уларнинг иммунитетини мустаҳкамлаш, соғлигини асраб-авайлаш, ҳар бир инсоннинг ҳаёти учун курашиш зарур.

Шу муносабат билан, шунингдек, касаллик юқтирилишининг олдини олиш, ўлим ҳолатларини кескин камайтириш мақсадида Республика махсус комиссиясининг амалдаги карантин чекловларини узайтириш таклифига розилик билдирилди.

Бунда "Пандемияга қарши кураш – ҳар  биримизнинг виждон ишимиз", "Ўзим, оилам, фарзандларим соғлиғи учун аввало ўзим жавобгарман", деган фикрларни халқимиз онгига чуқур сингдириш ва амалий ҳаёт мезонига айлантириш лозимлиги таъкидланди.

Бугун пандемияни жиловлашда ҳокимликлар, секторлар, соғлиқни сақлаш, ички ишлар идоралари раҳбарлари ва ходимлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар зиммасида жуда катта масъулият турибди. Чунки аҳолининг аксарияти, кексалар, болалар, хотин-қизлар уйда ўтиришга мажбур. Уларнинг биринчи галдаги ҳаётий эҳтиёжларини таъминлаш, тегишли тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатиш айнан ана шу ташкилотларга ва фаолларимизга боғлиқ.

"Барчамиз ҳамжиҳатликда, чуқур масъулият билан тизимли ишласак, бу оғир синовларни албатта енгамиз. Яна бир бор такрорлайман, бугунги кундаги энг муҳим талаб - барчамиз пандемия шароитида яшаш ва ишлашга ўрганишимиз шарт", - деди  Шавкат Мирзиёев.

1871

ЕОИИ ичида транспорт қатнови қачон тўлақонли тикланади - Малкина изоҳи

159
Евроосиё иқтисодий комиссияси раиси ёрдамчиси Ия Малкина ЕОИИ мамлакатлари ўртасида қатновлар қайта тикланиши учун яратилаётган шароитлар ҳақида гапирди

Транспорт қатновини қайта тиклаш бўйича қарорлар миллий даражада қабул қилинади, дея таъкидлади Евроосиё иқтисодий комиссияси раиси ўринбосари Ия Малкина. ЕИК ўзи томонидан қатновлар тикланиши бўйича критерийларни таклиф этмоқда, деди у.

Хусусан, Малкина сўзларига кўра, ЕИК хайъати сешанба куни фуқароларни ташувчи темир йўл қатновида COVID-19 тарқалишига йўл қўймаслик бўйича методологик тавсияларни тақдим этган.

"Ҳужжатда поездлар ва вокзаллар, шу жумладан ташкилий ва профилактик тадбирлар давомида ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар ўрин олган. Бу қатновларни қайта тиклаш учун шароитлар яратишга йўналтирилган биринчи қадамдир", - деди Малкина брифингда.

Бундан ташқари, COVID-19 қарши вакцинациядан ўтган йўловчилар учун ЕОИИ мамлакатлари орасида ҳаракатланиш масаласини қайта ишлаш бўйича қарор қабул қилинган, деб ҳикоя қилди Ия Малкина.

Эслатиб ўтамиз, Евроосиё иқтисодий иттифоқи иштирокчилари бўлган давлатлар - бу Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистондир. Ўзбекистон, Молдова ва Куба - кузатувчи мақомига эга.

159
Наручники

Ҳокимлик ходими 15 минг доллар билан қўлга тушди

88
(Янгиланган 22:44 21.01.2021)
Ургут туман ҳокимлиги ходими фуқароларнинг биридан Ургут эркин иқтисодий зонаси ҳудудидан ер ажратиб бериш эвазига 30 минг доллар сўраган

ТОШКЕНТ, 21 янв - Sputnik. Ҳокимлик ходими 15 минг доллар пора билан қўлга тушди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура матубот-хизмати.

Ургут туман ҳокимлиги ходими фуқароларнинг биридан Ургут эркин иқтисодий зонаси ҳудудидан ер ажратиб бериш эвазига 30 минг доллар сўраб, ундан 15 минг долларни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратура маълумотларига кўра, 2020 йил давомида республика бўйича жами 1148 та жиноят иши бўйича 1723 нафар мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилган.

Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 9 нафари республика, 45 нафари вилоят ва 1669 нафари туман-шаҳар миқёсидаги вазирлик, идора ва ташкилотларда фаолият юритган.

Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 835 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, 227 нафари фирибгарлик, 132 нафари пора олиш (бериш) ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш, 58 нафари мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш, 31 нафари мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, 25 нафари мансабга совуққонлик билан қараш, 16 нафари мансаб сохтакорлиги ва  399  нафари бошқа жиноятларни содир этишган.

Мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 500,1 млрд. сўм миқдорида моддий зарар етказилган. Тергов жараёнида ушбу зарарнинг 355,7 млрд. сўми ундирилган.

88
Министр иностранных дел Узбекистана Абдулазиз Камилов

Камилов Осиё давлатларини туризмни рағбатлантиришга чақирди

30
Тадбирда Осиёда минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш борасида амалга оширилаётган масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

ТОШКЕНТ, 21 янв - Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Камилов "Янги хавфсиз ва соғлом туризм" мавзусида видеоконференция шаклида бўлиб ўтган Осиё ҳамкорлик мулоқоти (ОҲМ)га аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг XVII йиғилишида иштирок этди.

Тадбирда тузилма бош котиби Порнчаи Данвиватан(Pornchai Danvivatanning ) ҳисоботи тингланди, ОҲМнинг бошқа ташкилотлар ва халқаро муносабатларнинг субйектлар билан алоқалари бўйича меъёрий қоидалар тасдиқланди ҳамда ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

Делегациялар раҳбарлари туризм соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва келгусидаги ривожланиш истиқболларини муҳокама қилдилар. Хусусан, коронавирус пандемияси шароитида хорижий сайёҳларнинг хавфсизлиги ва соғлиғини таъминлашга қаратилган янгича ёндашувларни ишлаб чиқишнинг муҳим жиҳатлари, уларни ҳаётга татбиқ этиш механизмлари ҳақида сўз юритилди.

Ташқи ишлар вазири Камилов ўз нутқида COVID-19га қарши курашишдан жаҳон иқтисодиётини қайта тиклаш, жумладан туризм соҳасини рағбатлантиришга фаол тайёргарлик кўриш босқичига ўтиш учун қатъий чоралар қабул қилиш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари тадбир қатнашчиларига Ўзбекистонда туризм соҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. Хусусан, сайёҳлик қайта йўлга қўйилганидан кейин республикага келган хорижий сайёҳлар "туризмни янги шаклда" – янада хавфсиз, янада ранг-баранг ва янада индивидуал ҳолда кўришлари мумкин бўлади.

Тадбирда Осиёда минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш борасида амалга оширилаётган масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шу нуқтайи назардан, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашнинг муҳимлиги қайд етилди.

Тадбир якунида Осиёда ҳамкорлик мулоқоти бўйича ташқи ишлар вазирлар кенгаши XVII йиғилишининг Aнқара декларацияси қабул қилинди.

30