Ўзбекистонда мактаб ва боғчалар очилишига тайёргарлик кўрилмоқда

906
(Янгиланган 13:49 18.08.2020)
Айни кунларда Мактабгача таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда таълим муассасаларида амал қилувчи санитария меъёрлари ишлаб чиқилмоқда.

ТОШКЕНТ, 18 авг - Sputnik. Ўзбекистонда мактаб ва боғчалар очилишига тайёргарлик кўрилмоқда. Бу ҳақда коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Рустам Икромов бугун бўлиб ўтган брифинг чоғида маълум қилган.

Таъкидланишича, айни кунларда Мактабгача таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда таълим муассасаларида амал қилувчи санитария меъёрлари ишлаб чиқилмоқда.

"Мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида ўз фарзандларимиз таълим олишади. Бу масалада эътибор бериш керак бўлган жиҳатлар кўп. Ишлаб чиқилаётган тадбирлар шунчаки ҳисобот учун эмас, балки фарзандларимизни ижтимоий ҳаётга тезроқ қайтариш, карантин шароитида уларнинг руҳиятида кузатилган ўзгаришларни бартараф қилиш, улар қатнайдиган муассасаларда коронавирус тарқалишига имкон қадар тўсқинлик қилишга қаратилган чоралар белгиланиши лозим", - деб айтган Икромов.

Мазкур меъёрлар Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади ҳамда барча томонидан бажарилиши бирдек мажбурийлиги белгилаб қўйилади. Шундан кейин мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларига фаолиятини бошлаш учун рухсат берилиши айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, сал олдин Халқ таълими вазирлиги ота-оналарга гарчи ўқув йилига саноқли кунлар қолаётган бўлсада, ўқув қуролларини харид қилиш учун шошилмаслик илтимоси билан мурожаат қилган эди.

"Албатта ўқув йили қачон бошланишидан қатъий назар ўқувчилар учун ўқув қуроллари керак бўлади. Ота-оналаримиздан, бозор ва дўконлар очилгани билан, санитария қоидалари ва ижтимоий масофа сақлашлари, айниқса, фарзандлари соғлигига алоҳида эътибор қаратишларини сўраймиз. Ҳозир ҳамма баравар бозорга борса ижтимоий масофа сақлаш қийин бўлади, шунинг учун жуда шошилиш, барча харидларни мактабгача амалга ошириш шарт эмас. Ўқув қуроллари ва кийим-кечакларни мактаб бошланганидан кейин ҳам олиб бериш мумкин, энг асосийси ўзингиз ва фарзандларингизнинг саломатлигини асраш!", - дейилган эди мурожаатда.

906
Флаг Шанхайской организации сотрудничества и флаги стран участниц ШОС

ШҲТга аъзо давлатлар транспорт вазирликлари ҳамкорлик масаласида фикр алмашишди

78
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) га аъзо давлатлар транспорт вазирларининг саккизинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

ТОШКЕНТ, 29 окт - Sputnik. ШҲТ га аъзо давлатлар транспорт вазирликлари вакиллари ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди, деб хабар бермоқда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати.

2020 йил 28 октябрь куни видеоконференцалоқа шаклида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) га аъзо давлатлар транспорт вазирларининг саккизинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон делегациясига транспорт вазирининг ўринбосари Даврон Деҳқонов бошчилик қилди.

Учрашувда томонлар ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболлари ҳамда соҳага замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этиш масалаларини муҳокама этишди.

Шунингдек, томонлар транспорт-логистика соҳасида кўп томонлама савдо иқтисодий ҳамкорлик лойиҳасини амалга ошириш дастури доирасида ишларни ўзаро мувофиқлаштириш юзасидан фикр алмашишди.

"ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида транспорт соҳасидаги ҳамкорлик улкан салоҳиятга эга, уни амалга ошириш, шубҳасиз, мамлакатларимизнинг барқарор ривожланиши ва кўп томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади", - деди Деҳқонов.

Учрашувда фавқулодда вазиятлар, хусусан, коронавирус эпидемияси тарқалиши шароитида траспорт тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш масалалари, шунингдек, пандемиядан кейинги даврда соҳани ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди. 

78
Ученый-востоковед Андрей Кубатин

Машҳур турколог олим Андрей Кубатин вафот этди

135
(Янгиланган 18:48 29.10.2020)
Андрей Кубатин вафоти муносабати билан ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари олимнинг оиласига, биринчи галда турмуш ўртоғига чуқур ҳамдардлик изҳор қилишмоқда

ТОШКЕНТ, 29 окт - Sputnik. Турколог олим Андрей Кубатин 36 ёшида коронавирус касаллигидан оламдан ўтди. Бу ҳақда Кубатиннинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида хабар берилди.

Айни вақтда ижтимоий тармоқларда олим вафоти муносабати билан унинг яқинларига ҳамдардлик билдирилмоқда.

Андрей Кубатин 2019 йил декабрдан буён Ўзбекистон ФА Миллий археология марказида фаолият юритиб келаётганди.

"Ўзбек илм дунёси умидли олимидан айрилди. Тўлдирилиши қийин бўлган йўқотиш... Минг афсуски, унинг ҳали қиладиган ишлари кўп эди... Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун, Аллоҳ раҳматига олсин", - деб ёзган Кубатинни таниган инсонлардан бири.

Тошкент давлат шарқшунослик институтининг катта ўқитувчиси бўлиб ишлаган ёш олим 2017 йили Жиноят кодексининг 157-моддаси ("Давлатга хоинлик қилиш") назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбланиб ҳибсга олинганди. Ўша йили Кубатинга нисбатан 11 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

2019 йил 26 сентябрь куни Тошкент вилояти судида Кубатиннинг иши қайта кўриб чиқилган ва олим тўлиқ оқланиб, суд залидан озод этилган. 

135
Рабочие на стройплощадке

Қурилиш ва “яширин иқтисодиёт”: ҳуқумат қарори лойиҳаси тайёрланди

148
“Қурилиш соҳасида “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланди.

ТОШКЕНТ, 29 окт — Sputnik. “Қурилиш соҳасида “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси умумий муҳокамага қўйилди.

Қурилиш ташкилотлари томонидан ўз яширин фаолиятини ихтиёрий равишда қонунийлаштириши учун 2020 йил 1 декабрдан қуйидаги рағбатлантириш механизмлари жорий қилиш таклиф этилмоқда:

а) норасмий бандлик ҳолатлари кузатилмаган ёки яширин фаолиятни тўлиқ бартараф этган қурилиш ташкилотлари реестри юритилади.

Реестрга кирган қурилиш ташкилотларга қурилиш объектларида бажарилган ишлар учун буюртмачи томонидан маблағ ажратилгунга қадар даромад ва иш ҳақидан бўлган солиқларни тўлаш муддатини мутаносиб равишда узайтиришга рухсат этилади.

б) ўрганиш жараёнида нолегал ходимларни расмийлаштирган қурилиш ташкилотига уларнинг касбий малакасини ошириш, меҳнат муҳофазаси қоидаларига ўргатиш ва шахсий ҳимоялаш воситаларини харид қилиш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия берилади. Бунда:

субсидия касбий малакани ошириш учун ҳар бир ходим учун 6 ой муддатгача ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдоригача, меҳнат муҳофазаси қоидаларига ўргатиш ва шахсий ҳимоялаш воситаларини харид қилиш учун бир марта базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдоригача берилади;

ишчи гуруҳлар томонидан аниқланган норасмий ишлаётган ходимларга уларни касбга ўқитиш, қайта ўқитиш, малакасини ошириш учун касб-ҳунарга ўқитиш марказларига йўлланма берилади, бунда иш берувчи томонидан ушбу ходимларни ўқишдан кейин расмий равишда ишга олиш бўйича кафолати олинади.

в) қурилиш ташқилотлари томонидан 2020 йил 1 декабрга қадар ишчиларга норасмий иш ҳақи тўланган холатлар юзасидан ҳуқуқий чоралар қўлланилмайди ва юзага келиб чиқиши мумкин бўлган ҳар қандай солиқ ва мажбурий тўловлардан воз кечилади, бир йил ичида ишчиларига норасмий иш ҳақи тўланган холатлар аниқланган қурилиш ташкилотлар бундан мустасно.

Қурилиш ташкилотларига айрим қурилиш ишлари турлари бўйича ўзини ўзи банд қилган шахсларни хизмат кўрсатиш шартномаси асосида жалб этишга рухсат бериш кўрсатилмоқда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва суғурта компаниялари томонидан иш берувчилар, шу жумладан қурилиш ташкилотлари ўз фуқаролик жавобгарликларини мажбурий суғурта қилганлигини биргаликда мониторинг қилиш тажрибаси жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда фаолиятида ходимлар сонини яшириш аниқланган ҳолатлари бўйича мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солинишини назарда тутувчи таклифлар ишлаб чиқиш режалаштирилган.

148