Узбекские денежные знаки - сум

Тиббиёт ходимларига кўп йиллик меҳнати учун устама тўланади - президент қарори

477
Янги ҳужжат, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари – Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи лавозими жорий этилишини кўзда тутади

ТОШКЕНТ, 3 окт - Sputnik. Соғлиқни сақлаш ходимларига кўп йиллик меҳнати учун устама тўланади. Бу ҳақда президентнинг "Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида айтилган.

Ҳужжатга кўра:

* Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари – Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи лавозими жорий этилди;

* Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари – Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори лавозими тугатилди.

Қарорга мувофиқ:

* Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари соғлиқни сақлаш вазири томонидан тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ва вилоят ҳокимлари билан келишилган ҳолда;

* ҳудудий тиббиёт муассасалари раҳбарлари эса соғлиқни сақлаш вазири ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ва вилоят ҳокимлари билан келишилган ҳолда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиқлари томонидан лавозимга тайинланади.

2020 йил 1 ноябрдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳудудий бошқарув органлари ходимларига қуйидаги миқдорда кўп йиллик ишлаганлик учун ҳар ойлик устама тўланади (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан коэффициентларда):

- 1 йилдан 3 йилгача – 0,3; 3 йилдан 5 йилгача – 0,6; 5 йилдан 10 йилгача – 0,8; 10 йилдан 15 йилгача – 1; 15 йилдан 20 йилгача – 1,2; 20 йилдан юқори – 1,5.

477

Андижондаги қийноқ воқеаси: тергов якунланди

360
Тергов давомида 6 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 104, 227, 234 ҳамда 235 моддалари билан айб эълон қилинган

ТОШКЕНТ, 23 окт - Sputnik. Жорий йилнинг май ойида Андижон шаҳар Ички ишлар органлари Фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 4-сонли ички ишлар бўлими ходимлари фуқаро А.Абдукаримовни ноқонуний ушлаб турган ҳолда иқрорлик кўрсатуви беришга мажбурлаш мақсадида зўрлик ишлатиб босим ўтказишган. Оқибатда А.Абдукаримов вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси иш юритувига олиниб, тергов ҳаракатлари ўтказилган.

Тергов давомида 6 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 104 (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 206 (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 227 (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш), 234 (Қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) ҳамда 235 (Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) моддалари билан айб эълон қилиниб, 5 нафарига “қамоққа олиш” ва 1 нафарига “муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат” эҳтиет чоралари қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари тамомланиб, жиноят иши айблов хулосаси билан Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти судига мазмунан кўриб чиқишлик учун юборилди.

360
Зироат Мирзиёева

Зироат Мирзиёева фонди ҳаво сифат мониторингини ўтказишда қатнашмоқда

271
(Янгиланган 12:25 22.10.2020)
Транспорт воситаларидан чиқаётган зарарли ис-газлар, саноат чиқиндилари ва экотизимнинг бузилиши йилдан-йилга ҳавонинг ифлосланишига олиб келяпти. Оқибатда, онкологик, нафас респиратор ва юрак-қон томир касалликларининг кўлами ортиб бормоқда.

ТОШКЕНТ, 22 окт - Sputnik. БМТнинг Атроф-муҳит дастури (ЮНEП), БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси, БМТнинг Тараққиёт дастури, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича давлат қўмитаси ва бошқалар иштирокида ўтказилган давра суҳбатида ҳаво сифати, унинг мониторинги ҳамда ҳолатига оид маълумотлар очиқ-ошкоралиги масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда "Замин" фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева иштирок этиб, ушбу масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди, дейилади фонд матбуот-хизмати тарқатган хабарда.

Таъкидланишича, транспорт воситаларидан чиқаётган зарарли ис-газлар, саноат чиқиндилари ва экотизимнинг бузилиши йилдан-йилга ҳавонинг ифлосланишига олиб келяпти. Оқибатда, онкологик, нафас респиратор ва юрак-қон томир касалликларининг кўлами ортиб бормоқда.

Ушбу муаммоларни бартараф этиш учун, аввало ҳавонинг сифат мониторингини ўтказиш, яъни турли моддалардан ифлосланиш даражасини ўлчаш зарур. Ушбу таҳлил натижалари бўлганидагина ҳавонинг ифлосланиши ва бунинг инсон саломатлигига салбий таʼсирини камайтириш чораларини кўриш мумкин.

"Ҳавонинг ифлосланиши чегара билмайди. Бу барчамизга таъсир қилади ва биз ушбу муаммони ҳал қилиш учун кучларни – ҳукуматлар, нодавлат ташкилотлар, фуқаролик жамияти, илмий доиралар, бизнес ва саноат соҳасини бирлаштиришимиз керак. Ҳар бир инсон тоза ҳаводан нафас олишга ҳақлидир. Ҳозир, глобал соғлиқни сақлаш инқирозига дуч келган пайтимизда, бу айниқса муҳим", — дея таъкидлаб ўтган БМТ Атроф-муҳит дастурининг Европа минтақавий бюроси директори Бруно Поззи.

"Замин" фонди ҳамда ЮНEП кўмагида Гидрометеорология хизмати маркази томонидан «Атмосфера ҳавоси ифлосланишининг мониторингини автоматлаштириш» лойиҳаси уч босқичда амалга оширилиши кўзда тутилган.

Бугунги кунда лойиҳанинг биринчи босқичи якунланиб, 63 та кузатув пункти ягона таҳлилий марказга бирлаштирилди. Мониторинг натижалари monitoring.meteo.uz  очиқ онлайн платформаси ва AirUz мобил иловасида эълон қилиб борилади.

Иккинчи босқичда бутун республика бўйлаб автоматик ҳаво мониторинги станцияларини ўрнатиш ва ҳаво мониторинги учун халқаро стандартларни жорий этиш кўзда тутилган.

Учинчи босқичда мониторинг натижалари республикадаги Ягона геоинформацион маълумотлар базасига киритилиб, халқаро ахборот тизимларига интеграцияланади.

Грант маблағлари асосида ўрнатиладиган ушбу станциялар тўлиқ ишга тушиши натижасида, ҳаво сифати мониторинги халқаро стандартларга мувофиқ ҳар соатда олиб борилади. Фуқаролар ўзи истиқомат қиладиган жойининг ҳавосини ифлосланганлик даражасини ва унинг сабабларини аниқ билиш имконига эга бўлади.

271

Ўзбекистонда коронавирус: 26 октябрь асосий хабарлари

461
Сутка давомида 189 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 65 577 нафарни ташкил қилмоқда.

ТОШКЕНТ, 26 окт — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.

Бир сутка давомида 189 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 65 577 нафарни ташкил қилмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг: 89 нафари Тошкент шаҳрида, 8 нафари Тошкент вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Соғайиш кўрсаткичи

Бугуннинг ўзида 127 нафар бемор тузалди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 62 742 нафарга етди. Соғайиш кўрсаткичи 95 фоиз.

Айни пайтда 2 283 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.

Ўлим ҳолатлари

Кун давомида коронавирусга чалинган 2 нафар бемор вафот этди.

Ўзбекистонда жами 552 киши пандемия қурбони бўлди.

Гўшт нархи

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги сентябрда кузатилган инфляция даражаси ҳақида маълумотларида гўшт қимматлашига сабаб бўлган омилларни санаб ўтди.

Асосий сабаблар:

- ем-хашак базаси учун хом ашё, хусусан, пахта хомашёси, пўстлоқ ва ем аралашмаси захираларининг мавсумий камайиши. Бу ўз навбатида, мазкур маҳсулотларнинг биржа нархларининг мос равишда 17, 21 ва 27 фоизга ошишига олиб келди;

- Қозоғистон томонидан ўрнатилган экспорт чекловлари туфайли қорамол импортини қисқариши;

- 2020 йилнинг август ойи ўрталарида карантин чекловларининг олиб ташланганидан сўнг, фаолиятини тиклаган оммавий овқатланиш корхоналарининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабининг ошиши.

Шу билан бирга, январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда 1840 минг тонна (тирик вазнда) гўшт ишлаб чиқарилган (ўтган йил мос даврига нисбатан 2,2 фоизга кўпроқ). Бундан ташқари, январь-сентябрь ойларида 14 минг тонна мол гўшти ва 20 минг тонна товуқ гўшти импорт қилинган.

Замонамиз қаҳрамонлари

Кронавирусга қарши курашаётган шифокорлар шарафига улкан тасвирий санъат асари (мурал) яратилди.

Aсар Янги Сергели ва Лутфкор кўчалари кесишмасида пайдо бўлди.      

Дунё саломатлиги

Дунё бўйлаб инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 43,3 миллиондан ошди, 1,2 миллион ортиқ киши вафот этди, 31,9 миллион киши тузалди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (8,9 млн), Ҳиндистонда (7,9 млн), Бразилияда (5,4 млн).

461
Мавзу:
COVID-19 умумжаҳон пандемияси