ТОШКЕНТ, 8 дек - Sputnik. Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси (жорий йил сентябр ойида тайинланган, таҳр.) Маниш Прабхат ССВ раҳбари Абдуҳаким Хаджибаев билан учрашувда ҳинд вакциналари ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда ССВ матбуот-хизмати хабар бермоқда.
Маниш Прабхатнинг таъкидлашича, ҳозирги вақтда Ҳиндистон коронавирусга қарши 3 та вакцина яратиш устида иш олиб бормоқда, улардан 2 таси иккинчи, биттаси эса учинчи босқич синов жараёнида. Элчи келажакда Ўзбекистон аҳолиси учун ҳам ушбу ҳинд вакциналари фойдали бўлишини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, томонлар келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилиб олдилар. Жумладан, мавжуд инвестиция лойиҳаларини ривожлантириш ва Ўзбекистонга янги инвесторларни жалб қилиш, қўшма фармацевтика ишлаб чиқариш объектларини ташкил этиш каби масалаларга тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, элчи талабалар алмашинуви дастури бўйича яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан таклифларини билдирди. Унинг таъкидлашича, Ҳиндистон ёшларининг Ўзбекистондаги тиббиёт олий ўқув юртларида ўқишга қизиқиши тобора ортиб бормоқда.
Бундан ташқари, мамлакатларнинг халқ табобатини ривожлантиришга бўлган давлат даражасидаги эътиборда ўхшашлик мавжудлиги айтилиб, ушбу соҳадаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида Ҳиндистон элчиси президент раҳнамолигида мамлакатда коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолаган, ўз вақтида кўрилган чоралар COVID-19 оқибатларини минималлаштиришга сабаб бўлаётгани қайд этган.
Ўз навбатида, Ўзбекистон ССВ раҳбари ҳозирда вазиятнинг барқарорлиги ҳотиржамликка берилиш учун асос бўла олмаслигини айтди. "Кўпгина бошқа мамлакатлар тажрибасига кўра, COVID-19нинг иккинчи тўлқинидан қочиб бўлмайди деган тушунча мавжуд. Бунинг учун мамлакатда унга тайёргарлик кўриш бўйича ишлар олиб борилмоқда", - деган Хаджибаев.
ТОШКЕНТ, 22 янв - Sputnik. Ўзбекистонда 17-18 феврал кунлари Гидроэнергетика соҳасидаги йирик форум ва кўргазма бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Мазкур йирик конгресс учун 150 дан ортиқ компаниялар ҳамда 20 дан ортиқ давлатлар вакилларининг иштироки кўзда тутилган.
Мазкур йирик гидроэнергетика форуми ва кўргазмаси Европа, Лотин Амерекаси, Буюк Британия, Эрон, Грузия ва МДҲ давлатлари ҳамкорлигида энергетика соҳасини ривожлантириш ҳамда халқаро йирик тадбирлар, форум ва кўргазмаларни ўтказишда етакчи ҳисобланган халқаро "Vostock Capital" ташкилоти томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинади.
Ўтган йилларда мазкур йирик конгресс Қирғизистон, Грузия ҳамда Россия Федерацияларида ташкил этилган. Жорий йил ўтказилиши режалаштирилаётган йирик тадбир "Vostock Capital" ҳамда "Ўзбекгидроэнерго" АЖ ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Форумдан ўрин олган асосий маърузалар мамакатимизда гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жорий ва кутилаётган истиқболларга бағишланиши кутилмоқда.
Конгресс доирасида асосий 30 та маъруза ўрин олган бўлиб, соҳа мутахассислари иштирокида бир қатор давра суҳбатлари, семинарлар, брифинглар ташкил этилади.
Транспорт қатновини қайта тиклаш бўйича қарорлар миллий даражада қабул қилинади, дея таъкидлади Евроосиё иқтисодий комиссияси раиси ўринбосари Ия Малкина. ЕИК ўзи томонидан қатновлар тикланиши бўйича критерийларни таклиф этмоқда, деди у.
Хусусан, Малкина сўзларига кўра, ЕИК хайъати сешанба куни фуқароларни ташувчи темир йўл қатновида COVID-19 тарқалишига йўл қўймаслик бўйича методологик тавсияларни тақдим этган.
"Ҳужжатда поездлар ва вокзаллар, шу жумладан ташкилий ва профилактик тадбирлар давомида ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар ўрин олган. Бу қатновларни қайта тиклаш учун шароитлар яратишга йўналтирилган биринчи қадамдир", - деди Малкина брифингда.
Бундан ташқари, COVID-19 қарши вакцинациядан ўтган йўловчилар учун ЕОИИ мамлакатлари орасида ҳаракатланиш масаласини қайта ишлаш бўйича қарор қабул қилинган, деб ҳикоя қилди Ия Малкина.
Эслатиб ўтамиз, Евроосиё иқтисодий иттифоқи иштирокчилари бўлган давлатлар - бу Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистондир. Ўзбекистон, Молдова ва Куба - кузатувчи мақомига эга.
ТОШКЕНТ, 22 янв — Sputnik. Zagros Airlines Самарқанд ва Бухорога авиақатновларни йўлга қўймоқчи.
Бугун Транспорт вазирлигида Эроннинг “Zagros Airlines” авиакомпанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев ва “Zagros Airlines” авиакомпаниясининг Ўзбекистондаги бош вакили Мортеза Шейхассани билан бўлиб ўтган мулоқотда икки давлат ўртасида мунтазам ҳаво қатновларини қайта тиклаш масаласи муҳокама қилинди.
Шунингдек, авиакомпания вакиллари йўналишлар географиясини кенгайтириш, транзит салоҳиятини ривожлантириш ва парвозлар сонини ошириш бўйича қатор таклифларни билдирди. Хусусан, “Zagros Airlines” авиакомпанияси Эроннинг турли шаҳарларидан Самарқанд ва Бухорога авиарейслар қўйиш истагида эканлигини маълум қилди.