Жанубий Корея Бош вазири Хван Ге Ан. Архив сурат

Хван Ге Ан: Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги мақоми оғишмай юксалиб бормоқда

169
(Янгиланган 13:15 20.05.2016)
Корея Республикаси ҳукумат раҳбари Хван Ге Ан Ўзбекистоннинг жадал тараққиёти Жанубий Кореяни қувонтираётгани ҳақида гапирди.

ТОШКЕНТ, 20 май — Sputnik. Бундан сал олдин Корея Республикаси Бош вазири Хван Ге Аннинг мамлакатимизга расмий ташрифи кутилаётгани ҳақида хабар қилган эдик. Ўз ташрифи давомида Жанубий Корея ҳукуматининг раҳбари "Жаҳон" АА берган интервьюсини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

- Жаноб Бош вазир, Сиз Ўзбекистонга расмий ташрифингиз давомида бўлиб ўтадиган музокара ва учрашувлардан нималарни кутаётирсиз ва Ўзбекистон — Жанубий Корея ҳамкорлиги истиқболларини қандай баҳолайсиз?
— Мен Буюк ипак йўлининг юраги ҳисобланадиган ва бугунги кунда Марказий Осиёнинг транспорт-логистика хаби сифатида яна ўзини намоён этаётган ажойиб мамлакатингизда бўлишимдан жуда қувонаман.
Ташриф дастурида Қорақалпоғистондаги Устюрт газ-кимё мажмуасининг қурилиши тугалланиши ҳамда Тошкентда Корея маданияти ва санъати уйи барпо этилишининг бошланиши маросимларида иштирок этиш кўзда тутилган.
Бу лойиҳалар давлатларимиз раҳбарларининг катта жонбозликлари ва қўллаб-қувватлашлари туфайли муваффақият билан воқеликка айланди ва улар икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган муносабатларнинг ажойиб намунаси ҳисобланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, дипломатия муносабатлари ўрнатилган 1992 йилдан буён ўтган давр оралиғида олий даражада 14 та учрашув бўлиб ўтди. Турли йўналишларда яқин стратегик шериклик ўрнатилди ва мустаҳкамланмоқда. Шу давр ичида ўзаро товаралмашуви 500 баробардан зиёдга кўпайди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Корея Республикасининг Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик савдо шериги ҳисобланади, мамлакатимиз эса Ўзбекистоннинг сармоявий шериклари рўйхатида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Кўриб турганимиздек, давлатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик оғишмай ривожланиб бормоқда ва у катта истиқболларга эгадир.
- Ҳозирги пайтда турли соҳалардаги Ўзбекистон — Корея қўшма лойиҳалари муваффақият билан амалга оширилмоқда. Сурғил конида барпо этилган Устюрт газ-кимё мажмуаси улардан бири ҳисобланади. Ушбу мажмуанинг ноёблиги ва икки мамлакат учун аҳамияти нимада деб ўйлайсиз?
— Ушбу саноат гиганти қурилишининг якунланиши маросимида иштирок этиш менга катта мамнуният бағишлайди. Уни Корея-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлигининг янги “чақиримларни кўрсатадиган устуни” деб аташ мумкин. У ўзининг кўламлари билан ҳақиқатан ҳам мега-лойиҳадир: ётқизилган сармоя ҳажми қарийб 4 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.
Бу лойиҳа ҳамкорликнинг янги модели бўлгани туфайли ҳам алоҳида қимматга эгадир. У хом ашё ресурслари экспортидан қўшма ишлаб чиқаришга ўтишни ва юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни ташқи бозорларга етказиб беришни кўзда тутади.
Шуни алоҳида қайд этишни истардимки, 2014-йил апрелида шахсан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Устюрт газ-кимё мажмуасига келдилар. Биз бундай қизиқиш ва эътиборни катта мамнуният билан қабул қиламиз. Бу лойиҳанинг амалга оширилишига жалб этилган ишчиларга ҳам кўтаринки руҳ бағишлайди.
Объект қурилиши якунланишига бағишланган маросимда Жанубий Корея ва Ўзбекистон ҳукуматлари вакилларининг иштироки бу лойиҳага қаратилаётган алоҳида эътибордан далолат берибгина қолмай, томонларнинг ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришга бўлган қатъий хоҳиш-иродаси ва интилишини ҳам кўрсатади. Келажакда ҳам бундай ташаббусларни амалга ошириш, шунингдек, Қандим газни қайта ишлаш мажмуасининг барпо этилишида иштирок этиш режалаштирилмоқда.
- Мамлакатларимиз ўртасидаги сармоявий ҳамкорлик нефт-газ индустрияси билан чекланиб қолмайди. Марҳамат қилиб икки томонлама ўзаро манфаатли бошқа лойиҳалар хусусида ҳам сўзлаб берсангиз.
— Дарҳақиқат, ўзаро ҳамкорлигимиз энергетика соҳасидагина эмас, балки транспорт, логистика, ахборот-коммуникация технологиялари, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият соҳаларида ҳам амалга оширилаётгани маълумдир. Шуни қайд этиш қувонарлики, бугунги кунда мамлакатингизда 400 дан зиёд Корея компаниялари фаол иш олиб бормоқда.
2009-йилдан буён муваффақият билан ҳаётга тадбиқ этилаётган Навоий шаҳар аэропортини модернизациялаш, Толлимаржон ИЭСни техник қайта жиҳозлаш, Корея-Ўзбекистон электрон ҳукумат марказининг тузилиши лойиҳаларини алоҳида қайд этишни истар эдим. Жорий йилдан эътиборан агроиншоотлар қурилиши, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда умумий сув тақсимлаш бош режасининг ишлаб чиқилиши ва бошқаларни кўзда тутадиган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш бошланди.

Ўтган йилнинг ноябрида Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро инвестициявий форум доирасида ўзбекистонлик ва кореялик шериклар ўртасида қарийб 1 миллиард АҚШ долларига тенг миқдордаги битим ва меморандумлар тузилди.

Бизнинг ҳукуматимиз илғор технология ва илғор бошқарув услубларига эга бўлган Корея компанияларига кўмак кўрсатиш, Ўзбекистоннинг саноат салоҳиятини ошириш бўйича лойиҳаларнинг ҳаётга тадбиқ этилишида иштирок этиш учун бор имкониятларидан фойдаланади.
- Шу ўринда биз Навоий, Жиззах ва Ангренда яратилган махсус иқтисодий ҳудудларда Жанубий Корея сармоядорлари иштирокидаги бизнес-лойиҳаларнинг амалга оширилишига доир батафсил маълумотларни олишни истар эдик.
— Корея Республикаси Ўзбекистоннинг энг йирик сармоядорларидан бири сифатида ўзбек иқтисодиётига катта маблағ ётқизди. “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий, “Жиззах” ва “Ангрен” махсус индустриал зоналарида ўз фаолиятини йўлга қўйган 6 та Корея компанияси қарийб 60 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритди. Улар автомобиллар учун асосий эҳтиёт қисмлар, пардоз-андоз, ёритиш ускуналари ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқаришмоқда. Булардан ташқари, «Навоий» аэропорти базасида ташкил этилган интермодал логистика марказини ривожлантириш мақсадида Кореан Аир компанияси билан яқин ҳамкорлик амалга оширилмоқда.
- Ҳаммага маълумки, Ўзбекистонда кўп сонли корейс диаспораси истиқомат қилади. Мамлакатларимиз халқлари ўртасидаги дўстлик ва бир-бирини ўзаро тўғри тушунишни мустаҳкамлаш учун Тошкентда Корея маданияти ва санъати уйига пойдевор қўйилиши маросимида иштирок этасиз. Марҳамат қилиб ушбу лойиҳа юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларингизни ўртоқлашсангиз.
— Марказий Осиё мамлакатлари орасида Ўзбекистонда энг кўп корейс диаспораси яшайди. Уларнинг сони қарийб 180 минг кишини ташкил этади.
Ташриф давомида бизнинг делегациямиз Ўзбекистондаги корейсларнинг ўзига хослиги, анъана ва урф-одатларини асраш, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилаётган Корея маданияти ва санъати уйи қурилишининг бошланиши маросимида қатнашамиз. Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хенинг 2014-йил июн ойида Тошкентга буюрган давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов бу муассасани барпо этиш ташаббусини илгари сурган эди. Мазкур лойиҳа икки давлат раҳбарларининг ўзбек заминида яшайдиган корейс диаспорасига нисбатан алоҳида эътибори ва ғамхўрлигининг ифодаси ҳисобланади.

Корея маданияти ва санъати уйи қурилишини 2017-йили тугаллаш режалаштирилмоқда. Бу ерда концерт, кўргазма заллари, меҳмонхона ва бошқа инфратузилмалар яратилади. Умид қиламанки, бу муассаса дўстона алмашувлар майдончаси бўлиб қолади. У ерда одамлар таълим, пазандаликка оид турли курслар ва кўргазмалар ташкил этилиши воситасида Корея гўзаллиги ва тароватидан баҳраманд бўлишади.
Ҳукуматимиз Ўзбекистондаги миллатлараро ҳамжиҳатлик муҳитини юқори баҳолагани баробарида корейс диаспораси ҳақидаги илиқ ғамхўрликни миннатдорлик билан эътироф этади.
- Бош вазир жаноблари, Сиз Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида мамлакатимизга ташриф буюрмоқдасиз. Ушбу қутлуғ сана муносабати билан халқимизга қандай тилакларни изҳор этишни истар эдингиз?
— Ўзбек халқини яқинлашиб келаётган Мустақилликнинг 25 йиллик байрами билан чин дилимдан қутлайман ва ушбу ташрифим ана шу юбилей йилида амалга ошаётгани янада чуқурроқ маъно касб этиши мен учун қувонарлидир.

Ўтган давр мобайнида Президент Ислом Каримов раҳбарлигида Марказий Осиёнинг энг муҳим давлати бўлиб қолган Ўзбекистон йиллик иқтисодий ўсишнинг 8 фоизлик даражасини ва иқтисодиётни модернизациялаш бўйича дастурларнинг ҳаётга тадбиқ этилишини таъминламоқда. Мамлакатнинг жаҳон майдонидаги мақоми оғишмай юксалиб бормоқда. Ўзбекистон жорий йилда бир йўла икки йирик тизимга — Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига раислик қилаётгани бу фикрни тасдиқлайдиган далиллардан биридир.

Мамлакатингизда жадал тараққиётнинг кузатилаётгани содиқ дўст бўлган, қўлни-қўлга бергани ҳолда биргаликда муваффақиятларга эришаётган Жанубий Кореяни қувонтиради. Ишончим комилки, биз бундан кейин ҳам яқин ҳамкорлар бўлиб қолаверамиз.

Ўзбек халқига саломатлик ва бахт-иқбол, мамлакатларимизга эса мустаҳкам дўстлик ва фаровонлик тилайман.

169