Ўзбекистон байроқлари, архив сурат

Ўзбекистонда биринчи марта жимлик куни эълон қилинди

1443
(Янгиланган 13:00 03.12.2016)
Ўзбекистонда президент сайловидан олдин илк маротаба жимлик куни ўтказилмоқда - Сайлов тўғрисидаги қонунга тегишли тузатишлар 2015-йилда киритилган бўлиб, бунда ҳар қандай ташвиқот фаолиятини олиб бориш қатъий таъқиқланган

ТОШКЕНТ, 3 дек — Sputnik. Ўзбекистонда жимлик куни эълон қилинди — бу президент сайловидан бир кун олдин ўтказиладиган кундир.

Бу кунда олиб борилган ҳар қандай ташвиқот фаолияти ноқонуний ҳисобланади. Ҳеч бир номзод ўз манфаати йўлида бу кунда ташвиқот ишларини олиб бориши мумкин эмас. Акс ҳолда, бу ҳаракатлар жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Ташвиқотнинг ҳар қандай тури таъқиқ остига олинган: жимлик кунида телевидение орқали сайловолди роликлари намойиш этилмайди, газета ва варақалар тарқатилмайди, сайловчилар билан учрашувлар ёки номзодлар ўртасида дебатлар ўтказилмайди. Жимлик куни тўғрисидаги низомни бузганлик учун энг кам иш ҳақининг 7дан 10 бараваригача жарима белгиланган.

Жимлик куни ҳар бир сайловчини психологик босимдан озод этиш ва сайлаш эркинлигини таъминлаш учун ўтказилади.

Сайлов куни Тошкентда жамоат транспортлари бепул хизмат кўрсатади, шунингдек, сайлов учаскасига қадар такси хизматидан фойдаланган ҳолда ҳам бепул етиб олиш мумкин.

Талабалар сайлов муносабати билан 1-5 декабр саналарида таътилга юборилди.

Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган президент сайловларини 80 минг нафар маҳаллий ва 600га яқин халқаро кузатувчилар кузатадилар.

Ўзбекистондаги президент сайловлари турли мамлакатлардан ташриф буюрган 1,3 минг нафар журналистлар томонидан ёритилади.

Республика МСКга кўра, мамлакатдаги барча сайловчиларга ўз фуқаролик ҳуқуқларидан фойдаланишлари учун тенг имконият ва шароитлар барпо этиш мақсадида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилган. Хусусан, имконияти чекланганлар, ногиронлар учун махсус чоралар белгиланган. Кўзи ожиз сайловчилар учун биринчи марта Брайл алифбосида сайлов бюллетенлари нашр қилинган. Ҳар бир сайлов участкасида ногиронлар аравачасига мўлжалланган алоҳида ўрин ажратилган.

Сайлов куни беморлиги сабабли, участкага бора олмайдиганлар учун навбатчи гуруҳлар ташкил этилган. Бунда бемор сайловчи ўзи бириктирилган сайлов участкасига қўнғироқ қилиши кифоя. Унинг манзили бўйича махсус қути ҳамда овоз бериш бюллетени олиб келинади.

Бундан ташқари, тонгги соат 6:00дан кечки 20:00гача очиқ бўладиган сайлов участкаларида 18 ёш ва ундан катта бўлган ҳар бир сайловчининг исми-шарифи рақамланган ҳолда киритилган.

МСК овоз бериш учун белгиланган муддат якунлангач, бюллетенларни санаш ишларини йўлга қўяди. Овоз натижалари қўлда, бирма-бир санаб чиқилади. Бунинг учун Комиссияга 10 кун ажратилади. Мамлакат сайлов қонунчилигига кўра, экзитполлар ўтказилмайди.

Сайлов натижалари расман эълон қилингач, 2 ой ичида янги президент қасамёд қилади. Давлат раҳбари ҳар бири 5 йил муддатдан икки маротабадан ортиқ сайлана олмайди.

1443
Мавзу:
Ўзбекистонда президент сайлови (124)
Кунашир

Токио Россия билан тинчлик шартномаси бўйича музокараларни давом эттиради

205
Россия ва Япония ўртасидаги муносабатларга узоқ йиллар давомида тинчлик шартномаси йўқлиги ўз соясини ташлаб турибди.

ТОШКЕНТ, 3 июл - Sputnik. Япония ҳудудий муаммони ҳал қилиш ва тинчлик шартномасини тузиш учун Россия билан музокараларни давом эттиради. Япония ташқи ишлар вазири Тосимитсу Мотэги журналист томонидан берилган РФ конституциясига Россия ҳудудларини бегоналаштиришни таъқиқловчи ўзгартиришлар киритилиши ва Жанубий-Курильскда ўзгартишнинг тегишли матни туширилган тош плитаси ўрнатилишига Токио муносабати ҳақидаги саволга шу тарзда жавоб берди.

Бу ҳақда РИА Новости хабар беради.

"Биз турли ҳаракатлардан хабардормиз. Аммо тинчлик шартномаси бўйича музокаралар - бу (икки мамлакат) ҳукуматлар ўртасидаги музокаралардир. Биз етакчилар - Бош вазир Абэ ва Президент Путин эришган келишувлар асосида қатъий музокаралар олиб бориш ва асосий йўналиш - ҳудудий муаммо ва тинчлик шартномасини тузиш асосида ечимга эришиш ниятидамиз. Ҳозирча бор гап шу”, - деди вазир матбуот анжуманида.

Россия ва Япония ўртасидаги муносабатларга узоқ йиллар давомида тинчлик шартномаси йўқлиги ўз соясини ташлаб турибди. 1956 йилда СССР ва Япония Қўшма декларация имзолаган, унга мувофиқ Москва тинчлик шартномаси тузилгандан кейин Курил оролларидан Хабомаи ва Шикотан оролларини Японияга топшириш эҳтимолини кўриб чиқишга рози бўлган, Кунашир ва Итурупнинг тақдири бўйича эса ҳеч қандай аниқлик киритилмаган. СССР Қўшма декларация низога чек қўйишига умид қилган, Япония эса ушбу ҳужжатни барча оролларга даъво қилишдан бош тортмасдан муаммони ҳал қилишнинг бир қисми деб ҳисоблаган.

Кейинги музокаралар ҳеч қандай натижа бермади, тинчлик шартномаси имзоланмай қолиб кетди. Шундай фикр ҳам мавжудки, АҚШ томонидан жиддий қаршиликлар пайдо бўлди, чунки Япония тўрт оролдан фақат иккитасини ўзига қайтарилишига рози бўлган тақдирда, бу Окинавани Япония суверенитетига қайтариш жараёнига таъсир қилади (Окинавани Японияга қайтариш тўғрисидаги битим 1972 йилда кучга кирган). Москванинг позицияси шундан иборатки, ороллар Иккинчи Жаҳон урушидан кейин СССР таркибига кирди ва уларнинг устидан РФнинг суверенитети шубҳасиздир.

2018 йилда, Сингапурда, Россия Президенти Владимир Путин ва Япония Бош вазири Синдзо Абэ ўртасидаги юқори мартабали учрашувдан сўнг, бош вазир Абэ томонлар 1956 йилдаги Совет-Япония қўшма декларацияси асосида тинчлик шартномаси бўйича музокаралар жараёнини тезлаштиришга келишиб олдилар, деб баёнот берди. Бу Япония томонидан жиддий ён босиш бўлди, чунки ҳозирги кунгача унинг расмий позицияси тўрт оролнинг ҳаммасини қайтариш талаби ва шундан кейингина тинчлик шартномасини тузиш бўлиб келган.

205

Мирзиёев Путинни умуммиллий овоз бериш муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади

185
(Янгиланган 14:17 02.07.2020)
Ўзбекистон раҳбари россиялик ҳамкасбини Россия Федерацияси Конституциясига тузатишлар киритиш бўйича умуммиллий овоз бериш жараёни муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.

ТОШКЕНТ, 2 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

“Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Владимир Путинни муҳим сиёсий тадбир – Россия Федерацияси Конституциясига тузатишлар киритиш бўйича умуммиллий овоз бериш жараёни муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади”, - дейилган президент матбуот хизмати хабарида.

Президентлар фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда Ўзбекистон делегациясининг иштироки доирасида Москва шаҳрида ўтган икки томонлама учрашувнинг самарали натижаларини катта мамнуният билан қайд этдилар.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасида қатъий эканликларини яна бир бор тасдиқладилар.

Бўлажак олий даражали ташрифлар кун тартибидаги масалаларга, шунингдек, коронавирус инфекцияси глобал миқёсда тарқалишининг мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларга салбий таъсирини камайтириш бўйича ўзаро мувофиқлашган чора-тадбирларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқот чоғида халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди, МДҲ ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ РФ Конституциясига тузатишларни 77,92% овоз берувчилар қўллаб-қувватлагани хабар қилинган эди.

185

Ўзбекистонда коронавирус: 3 июль асосий хабарлари

116
Бугуннинг ўзида 127 нафар бемор тузалиб, реабилитацияга кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 6161 нафарга етди.

ТОШКЕНТ, 3 июл — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.

Бир сутка давомида 127 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 9326  нафарни ташкил қилмоқда.

Янги касалланишлар: 93 нафари — карантин марказидаги фуқаролар (барчаси хориждан келган), 31 нафари — Тошкент шаҳрида (13 нафари бемор билан мулоқотда бўлган, 18 нафари аҳоли орасида), 3 нафари — Тошкент вилоятида бемор билан мулоқотда бўлган.

Даволаниш кўрсаткичи

Бугуннинг ўзида 127 нафар бемор тузалиб, реабилитацияга кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 6161 нафарга етди.

Айни пайтда 3137 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Даволанаётганларнинг 8 нафари – ўта оғир, 16 нафари – оғир, 230 нафари – ўрта оғир ҳолатда.

Ўзбекистонда 1,2 млндан ортиқ коронавирус тести ўтказилди. 65 мингдан ортиқ фуқаро тиббий назоратда.

28-ўлим

Тошкентда 59 ёшли эркак коронавирусдан вафот этди. Тошкент шаҳрида яшовчи Ғ.Б. 2 июль куни ўта оғир ҳолатда пойтахтдаги И.Иргашев номли 4-сон шаҳар клиник шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган ва сунъий нафас бериш аппаратига уланган.

Унга "юрак ишемик касаллиги, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги, инфарктдан кейинги кардиосклероз, икки томонлама пневмония" ташхиси қўйилган. Беморда шу куни коронавирус ҳам аниқланган. У доимий гемодиализ муолажасини олиб турган. Реанимацион муолажаларга қарамасдан, бемор ўткир юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этди.

ЕИ ҳимоя воситалари

Европа Иттифоқи Ўзбекистон ДХХ чегара қўшинларига COVID-19 коронавирусига қарши шахсий ҳимоя воситаларини тақдим этди. Ҳарбийлар 830 дона махсус ҳимоя кийими, минг дона антисептик ва 15 минг дона ниқоб олдилар.

Мигрантларга ёрдам

Москвадаги меҳнат мигрантлари учун коронавирусга бепул тест топшириш имконияти яратилди. Москва шаҳри ва вилоятида меҳнат мигрантларини тиббий қўллаб-қувватлаш дастури ишга туширилди. У Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси ва Халқаро Шодиев фонди ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Дунё саломатлиги

Сўнгги маълумотларга кўра, инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 10,9 миллиондан ошди, 526 минг киши вафот этди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (2,7 млн), Бразилияда (1,4 млн), Россияда (660 минг).

116
Мавзу:
COVID-19 умумжаҳон пандемияси