ТОШКЕНТ, 7 дек — Sputnik. Олий Мажлис депутатлари "Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида"ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
Хабарга кўра, 6 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтган.Депутатлар жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, фуқароларнинг, тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиққанлар.
"Илгари парламент қуйи палатаси мажлисининг кун тартибига киритилган масалалар сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, Қонунчилик палатаси қўмиталарининг мажлисларида вазирликлар ва идоралар, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари иштирокида дастлабки тарзда муҳокама қилинган эди.
Парламент вакиллари ўз ишларини "Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилишдан бошладилар. Прокуратура органлари ходимларининг касб байрамини белгилаш прокуратура органлари фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга, улар томонидан хизмат вазифаларининг виждонан бажарилишини рағбатлантиришга хизмат қилади", — дейилган хабар матнида.
ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон-БАА ҳамкорлигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Суҳбатда хусусий инвестицияларни жалб қилган ҳолда, шу жумладан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, Амирликлар бозори ва учинчи мамлакатларга етказиш бўйича агросаноат тармоғида қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Муқобил энергиядан фойдаланиш соҳасида, энергетика ва бошқа муҳим инфратузилма объектларини модернизация қилиш, замонавий меҳмонхона мажмуаларини барпо этиш бўйича йирик лойиҳаларни фаол ишлаб чиқиш ва амалга оширишни давом эттиришга, шунингдек, янги ишбилармонлик ташаббуслари доирасида инвестициялар портфелини кенгайтириш ва молиявий-техник кўмак дастурларини рўёбга чиқаришга келишиб олинди.
Бундан ташқари, таълим соҳасида самарали ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи ташкилотлари иштирокида бошқарув соҳасида миллий кадрларни тайёрлаш муҳим экани таъкидланди.
ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Навоий ва Андижон вилоятлари ИИБ бошлиқлари тайинланди. Бу ҳақда ИИВ Кадрлар бош бошқармаси хабар қилди.
Полковник Азат Тасбаев Навоий вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланди.
Тайинловга қадар Тасбаев Андижон вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
Аюбхон Раҳматуллаев Андижон вилояти ИИБга раҳбарлик қилади.
Тайинловга қадар Раҳматуллаев ИИВ Молия ва моддий-техника таъминоти департаменти бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида иштирок этиб, вазирлик фаолиятини танқид қилган эди.