Шавкат Мирзиёев, архив сурат

Мирзиёев ҳар бир туман ва шаҳарда "Халқ қабулхоналари"ни очишни буюрди

1135
(Янгиланган 12:37 10.12.2016)
"Бизнинг асосий мақсадимиз – "Халқ қабулхоналари"га қилинган ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизим яратишдан иборат, - деди Мирзиёев

ТОШКЕНТ, 10 дек — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси президенти Конституция қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган маърузасида "ягона дарча" принципи асосида фаолият юритадиган "халқ қабулхоналари"ни очишни таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидига кўра, бугун ҳаётнинг ўзи Ўзбекистон Конституциясида ўз ифодасини топган энг асосий мақсад – инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда. Инсон манфаатларини таъминлаш учун эса аввало одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак.

"Аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий этишимиз даркор. Биз аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган давлат идоралари фаолиятида одамлар билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимга ўтиш ҳақида ўйлаяпмиз. Хусусан, 2017-йилдан бошлаб барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилади. Шу билан бирга, ҳар бир туман ва шаҳарда "Халқ қабулхоналари"ни ташкил этиш ва уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлашимиз зарур", — деб таъкидлади ўз нутқи давомида Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти бундай қабулхоналар сиёсий партиялар, жумладан, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси тизимида фаолият кўрсатиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлаб ўтди. Чунки сиёсий партия фуқароларнинг мақсад ва манфаатларини рўёбга чиқарадиган куч сифатида одамлар ҳаётидаги муаммолардан доимо хабардор бўлиши керак.

Мирзиёевга кўра, бу қабулхоналарнинг ҳуқуқий мақомини, уларнинг ваколат ва мажбуриятларини ҳам аниқ белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқдир.

"Бизнинг асосий мақсадимиз – "Халқ қабулхоналари"га қилинган ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизим яратишдан иборат. Мухтасар айтганда, одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш – аҳолининг давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу мақсадда аҳолига кундалик ва энг зарур бўлган давлат хизматларини "ягона дарча" принципи бўйича бир идора орқали кўрсатиш тизимини такомиллаштиришимиз керак", — деб баёнот қилди Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти, шунингдек, ҳар бир ҳудуддаги вазиятни, аввало, фармон ва қарорлар ижросини, уларнинг самарадорлигини доимий равишда ўрганиб, бу борада давлат органлари масъулиятини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқадиган тизимни шакллантириш кераклигини эслатиб ўтди.

1135
Теглар:
халқ қабулхоналари, ягона дарча, президент фармони, қарор, маъруза, Ўзбекистон, фармон, Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон
Мавзу:
Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев: ислоҳотлар ва тайинловлар (72)