Шавкат Мириёев Устюрт ГКМ очилиши тадбирида

Текширув давом этмоқда: Мирзиёев навбатдаги сафарини Хоразмга уюштирди

2318
(Янгиланган 13:27 28.01.2017)
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жойларда иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларнинг бориши, бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 27-январ куни Хоразм вилоятига сафар уюштирди

ТОШКЕНТ, 28 янв — Sputnik. Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 11 ноябрида Шовот туманида бўлиб ўтган сайловолди учрашувида республиканинг барча ҳудудлари сингари Хоразм вилоятини ҳам тубдан янгилаш ҳамда вилоятнинг турли жабҳаларига оид аниқ режаларни баён этган эди.

"Давлатимиз раҳбарининг Хоразм вилоятига ташрифи ана шу режалар қандай амалга оширилаётгани билан танишиш, ҳудуд тараққиётини янги босқичга кўтариш масалаларига бағишланди", — деб хабар қилган Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.

Хабарда айтилишича, Мирзиёев вилоятга ташрифини Хивадаги Ичан-қалъа мажмуасидан бошлаган. Президент Паҳлавон Маҳмуд мақбарасини зиёрат қилган.

Мирзиёев ўз ташрифини инсониятнинг бебаҳо бойлиги сифатида ЮНEСКОнинг жаҳон мероси дурдоналари рўйхатига киритилган мажмуадан бошлагани бежиздан эмас.

Сабаби, президент, 2016-йил 2-декабрда "Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолаган эди.

Музей-қўриқхона — Ичан-қалъа мажмуаси ўзбек халқи тарихи, маданияти, илм-фани, қадимий меъморлик ва ҳунармандлик анъаналарини мужассам этган. Музей фондида 38 минг 561 экспонат бор.

Ичан-Кала
Dan Lundberg
Ичан Қалъа

Хоразмда бундай тарихий ёдгорликлар, диққатга сазовор жойлар жуда кўп. Улар замон талаблари асосида таъмирланиб, сайёҳлар учун зарур шароитлар яратилаётгани натижасида вилоятда туризм изчил ривожланиб бормоқда.

Мирзиёев Матниёз Девонбеги мадрасасида Хива шаҳрининг тарихий қисмида амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари режаси, Исфандиёрхон қабул маросимлари уйи ва Нуриллабой сарой мажмуасини реконструкция қилиш лойиҳалари билан танишган.

Президент Хоразмнинг туризм борасидаги имкониятларини тўлиқ ишга солиш, янги йўналишлар ташкил этиш ва уларни жаҳон бозорларида тарғиб қилиш, меҳмонхоналар ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш зарурлигини таъкидлаган.

Шунингдек, Урганчдан Хивагача темир йўл ва Хива шаҳрида замонавий вокзал барпо этиш, бу йўлда электропоездлар, келгусида юқори тезликда ҳаракатланувчи "Афросиёб" тезюрар поезди қатновини йўлга қўйиш лозимлигини айтган. Шаҳарнинг туризм жозибадорлигини ошириш мақсадида сайлгоҳ кўчалар ташкил этиш ва кечки сайр имкониятини яратиш, уларда ўзбек миллий урф-одатлари ва кўнгилочар дастурларни намойиш қилиш бўйича кўрсатмалар берган.

Туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан суҳбатда тармоқда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш орқали хорижлик сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, соҳага ихтисослашган мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш, сувенир ишлаб чиқарадиган корхоналарни кўпайтириш масалалари муҳокама этилган ва соҳа мутасаддиларига тегишли топшириқлар берилган.

2318
Теглар:
расмий сафар, Хоразм, Мирзиёев