ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари

Остонада ШҲТга аъзо давлат раҳбарлари томонидан 11 та ҳужжат имзоланади

395
(Янгиланган 14:28 09.06.2017)
Бугун бўлиб ўтадиган кенгаш йиғилишида давлат раҳбарлари томонидан ШҲТдаги ҳолатга баҳо берилади ҳамда ташкилотни ривожлантириш истиқболлари ва вазифаларини белгилаб олиш режалаштирилган

 

ТОШКЕНТ, 9 июн — Sputnik. Бугун Остона шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) икки кунлик саммити доирасида ШҲТга аъзо давлат раҳбарлари кенгаш йиғилиши ҳамда бошқа тадбирлар ўтказилади, деб хабар қилди РИА Новости.

Саммит иштирокчилари Қозоғистон пойтахтига бир кун аввал етиб келишган ва улар шарафига ташкил этилган концертда иштирок этдилар.

Тарихий саммит

РФ президент ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг сўзларига кўра, "саммитнинг энг асосий воқеаси бу Ҳиндистон ва Покистон давлатларининг ШҲТга аъзо бўлишидир". Унинг айтишича, ташкилотнинг кенгайиши унинг  фаолиятини сифатли янги босқичга олиб чиқади, халқаро ишларда унинг мавқеини сезиларли даражада оширади.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Кайрат Абдрахманов мазкур саммитни тарихий саммит деб атади. Ҳиндистон ва Покистон ташкилотга аъзо бўлганидан сўнг энг йирик минтақавий ташкилот сифатида ШҲТнинг мавқеи сезиларли даражада ошади.

Шунингдек, у йиғилишда бир қатор ҳужжатлар қабул қилиниши ҳақида хабар берди. Давлат раҳбарлари томонидан Остона декларацияси имзоланади ва экстремизмга қарши ШҲТ Конвенцияси қабул қилинади. Умуман олганда, имзолаш учун 11 та ҳужжат тайёрланмоқда. Музокаралар тор ва кенг ўтказилиши режалаштирилган.

Шу билан бирга, давлат раҳбарлари томонидан ШҲТдаги ҳолатга баҳо берилади ҳамда ташкилотни ривожлантириш истиқболлари ва вазифалари белгилаб олиниши кутилмоқда.

Саммит давомида ШҲТда раислик қилиш вазифаси Қозоғистондан Хитойга ўтади. Айнан шу давлатда 2018 йил ёзида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдаги учрашуви ўтказилади.

Иқтисодиётга таяниш

Остонада саммити арафасида ШҲТ Тадбир кенгаши бошқарувининг йиғилиши ўтказилган эди. Ушбу тадбир иқтисодий салоҳиятни кучайтириш ва узоқ муддатли ривожланиш стратегияларини амалга оширишга йўналтирилган. ШҲТ доирасида савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш бўйича алоҳида сессия ўтказилди.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ташкилот фаолиятининг иқтисодий асосини мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, "Буюк ипак йўли" дастурининг ривожланиши туфайли бугунги кунда ШҲТда ижобий ўсиш кузатилмоқда. Ушбу дастур барча аъзо давлатлар, биринчи навбатда Қозоғистон ва қўшни Хитой томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ШҲТ- халқаро ташкилот бўлиб, 2001 йилда Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарлари томонидан ташкил этилган. 2016 йил июнь ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтган саммитда ШҲТга Хиндистон ва Покистон қабул қилиниши тўғрисида меморандумлар имзоланган эди. Остона шаҳрида ўтказилаётган саммитда бу икки давлат ШҲТнинг тўлақонли аъзоларига айланади.

 

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

395