Переговоры Узбекистан Турция

Ўзбекистон ва Туркия савдо айланмасини 5 миллиард долларга етказиши мумкин

257
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил октябрда Туркияга бўлган давлат ташрифидан сўнг икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ошган эди. 2018 йилнинг биринчи чорагида ушбу кўрсаткич яна 20 %га ўсди.

ТОШКЕНТ, 30 апр — Sputnik. Шавкат Мирзиёев ва Таййип Эрдўған тор доирадаги учрашувдан сўнг музокараларни расмий делегациялар иштирокида давом эттирдилар, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.

"Тор доирадаги мулоқотимиз мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун катта сиёсий ирода мавжуд эканини яна бир бор тасдиқлади. Халқларимиз ва давлатларимиз манфаатига бевосита дахлдор бўлган барча масалаларни, нафақат бугунги кундаги, балки келгусидаги режаларимизни очиқ ва атрофлича келишиб олдик", — деди Шавкат Мирзиёев.

Қадим тупроқларимиз бўлмиш Ўзбекистонга келганимдан, азиз қардошим Шавкат Мирзиёев билан яна кўришганимдан мамнун бўлдим, деди Режеп Таййип Эрдўған.

"Кейинги йиллардаги мулоқотларимиздан сўнг иқтисодий алоқалардаги кўрсаткичлар ошгани биз тўғри йўлда эканимиздан далолатдир. Натижалар яққол сезиляпти. Туркиялик иш одамлари Ўзбекистонга интиляпти. Ўзбекистонда Туркия фирма ва компаниялари учун, сайёҳлар ҳаракати учун кенг имкониятлар яратиляпти", — деди Туркия президенти.   

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил октябрда Туркияга бўлган давлат ташрифидан сўнг икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ошган эди. 2018 йилнинг биринчи чорагида ушбу кўрсаткич яна 20 %га ўсди.

Музокарада яқин йилларда савдо айланмасини 5 миллиард долларга етказиш учун барча имконият мавжудлиги таъкидланди. Томонлар ҳамкорлик учун истиқболли тармоқлар ва лойиҳаларни илгари сурди. 

Ўзбекистон Туркия бозорига енгил саноат, кимё, металлургия, машинасозлик, электротехника, чарм-пойабзал ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилишни кенгайтиришга тайёр. Бу борада Истанбул шаҳрида таъсис этилган Ўзбек — Турк савдо уйи имкониятларидан кенг фойдаланиш мумкин.

Транспорт коммуникациялари ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Баку — Тбилиси — Карс темир йўли савдо алоқалари учун улкан имкониятлар яратиши қайд этилди. Шу жиҳатдан транзит тарифларини янада мақбуллаштириш муҳимлиги таъкидланди. 

Музокарада инвестициявий ва молиявий-техник ҳамкорликни мустаҳкамлаш, туризм, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Хабарнинг тўлиқ матни билан Ўзбекистон президенти матбуот хизмати саҳифасида танишишингиз мумкин. 

257
Мавзу:
Эрдўғоннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи (9)