Самолет авиакомпании Utair

Олдин Ўзбекистонга ҳеч ким киролмас эди, энди эса бизга самолётлар керак - Раматов

1655
(Янгиланган 22:24 11.07.2018)
Ўзбекистонда бир нечта авиакомпаниялар очилиши кутилмоқда, шунингдек янги аэропортларни қуриш масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олган

ТОШКЕНТ, 11 июл — Sputnik. Бугунги кунда Ўзбекистон Ҳаво йўллари жуда катта ишларни амалга оширмоқда, лекин одамлардан келиб тушаётган талабларга компания самолётлари камлик қилмоқда, деб таъкидлади журналистлар билан учрашувда Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов.

"Бугунги кунда чиройли терминаллар халқимиз, келаётган меҳмонларга жуда ҳам керак, лекин уларни тўлиқ равишда ишлатиш керак. Агар бу терминал ("Нукус" аэропортини назарда тутмоқда, таҳр.) бугунги кунда бир соатда 400 йўловчига хизмат кўрсатадиган бўлса, кунига 200 нафар йўловчи ундан фойдаланади. Бу улар кунига 5 % ишлайди дегани, қолган 95%и тўхтаб туради. Шунинг учун нима керак — самолётлар керак", — деди сиёсатчи ва яқинда Ўзбекистон раҳбари фармони билан 105та давлатга визасиз тартиб жорий этилгани ва эндиликда туристлар оқими янада ошиши кутилаётганини таъкидлади.

Раматов бугунги кунда Ўзбекистон Ҳаво йўллари жуда катта ишларни амалга ошираётганини, шундай бўлса-да, компания самолётлари одамлардан келиб тушаётган талабларга камлик қилаётганини айтди.

"Шунинг учун хориж давлатлардан учадиган самолётлар масаласини ҳал қилишимиз керак, "Нукус"да ҳар ярим соатда самолётлар учиб туриши керак, негаки бугунги кунда авиация энг тез олиб борадиган ва хавфсиз транспорт турига киради. Тўғри поездлар кўпаймоқда, лекин улар секин юради, поезд океаннинг нариги томонига ёки Европага тез оборолмайди. Шунинг учун самолёт бугунги кундаги асосий масаламиздир", — деди Раматов.

"Нукус" халқаро аэропортининг очилиш маросимида сўзлаган нутқида Раматов Ўзбекистонда яқин келажакда бир нечта авиакомпаниялар очилиши кутилаётгани, шунингдек, янги аэропортларни қуриш масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олганлиги ҳақида айтган эди.

1655