Министр иностранных дел Узбекистана Абдулазиз Камилов

Абдулазиз Камилов Туркия президенти билан учрашди

103
Эрдўған давлатлар ва халқлар ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатдан янги даражага олиб чиқиш жараёнидаги президент Шавкат Мирзиёев ташаббусларининг муҳим ролини эътироф этди.

ТОШКЕНТ, 7 авг – Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Туркия президенти Режеп Тоййиб Эрдўған билан учрашди.

Таъкидланишича, Туркия раҳбари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги икки томонлама стратегик шериклик муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини юқори баҳолади, давлатлар ва халқлар ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатдан янги даражага олиб чиқиш жараёнидаги президент Шавкат Мирзиёев ташаббусларининг муҳим ролини эътироф этди.

ТИВ хабарида ёзилишича, суҳбат чоғида олий даражадаги учрашувлар ҳамда Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро аралаш комиссия ва Қўшма стратегияни режалаштириш гуруҳининг йиғилишлари натижасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни юзасидан фикр алмашилди, икки томон кун тартибининг бошқа жиҳатлари, хусусан асосий қўшма тадбирларнинг жадвали кўриб чиқилди.

Жорий йилда Анқара шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари раислигида ўтказилиши режалаштирилаётган Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилишига тайёргарлик жараёнига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда олий даражадаги мунтазам Ўзбекистон-Туркия мулоқоти, икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан шаклланган ишонч, ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш муҳити давлатлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш учун мустаҳкам асос ҳисобланиши қайд этилди.

103