Лавров Хитойни Россиянинг катта оғаси, деб тан олишдан бош тортди

699
(Янгиланган 09:28 05.09.2019)
Замонавий Россия-Хитой алоқаларини томонлар расман кенг қамровли ишончга асосланган шериклик ва стратегик ҳамкорлик дея таърифлашган

ТОШКЕНТ, 5 сен - Sputnik. Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Москва ва Пекин яқинлашуви, хусусан, Хитой Россиянинг "катта оғаси" экани ҳақида гапирган танқидчилар фикрини кескин танқидга олди. У бу ҳақда "Известия" нашрига берган интервьюсида маълум қилган. РИА Новости хабари асосида.

Вазир таъкидига кўра, Россия ҳамиша бошқа давлатлар билан у ёки бу томондан бўладиган диктатсиз, ўзаро манфаатли алоқаларни қуришга интилади. У шунингдек, шериклар билан қуриладиган алоқаларда фойда олиш учун эвазига нимадир бериш лозимлигини айтди.

Лавров сўзларига кўра, "стратегик даражага" кўтарилган Пекин билан муносабатлар худди шундай ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида қурилган.

"Бу кўп қиррали шериклик ва стратегик ҳамкорлик алоқаларидир. Уларнинг ўзаро манфаатли характери нафақат кўпсонли келишувларда ва бошқа ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйилган, балки изчиллик билан амалиётда ҳам ҳаётга татбиқ этилмоқда", - деб қайд этди у.

Лавров Пекиннинг ташқи сиёсати ҳам худди ана шундай тамойилларга асосланишини қўшимча қилди. У шунингдек, ядровий державалардан фақатгина Россия ва Хитой Бирлашган миллатлар ташкилоти Низоми асосий тамойилларини ҳимоя қилиб чиқаётганлигини эслатиб ўтди.

Замонавий Россия-Хитой алоқаларини томонлар расман кенг қамровли ишончга асосланган шериклик ва стратегик ҳамкорлик дея таърифлашган.

Интенсив равишда сиёсий мулоқот олиб борилади. Россия президенти Владимир Путин ва ХХР раиси Си Цзиньпин йилига камида беш маротаба учрашадилар.

Хусусан, 2019 йилнинг апрелида Россия президенти Владимир Путин Хитойга ишчи ташрифни амалга оширди, у ерда "Бир камар, бир йўл" иккинчи халқаро форуми тадбирларида иштирок этди. Июнь ойида ХХР раиси Си Цзиньпин Россияда давлат ташрифи билан бўлди.

699