Четвертое заседание узбекско-российского Делового совета в Ташкенте

Ўзаро ҳамкорликда келгуси "ўсиш нуқталари" аниқлаб олинди

178
(Янгиланган 22:01 01.10.2019)
Россия делегацияси вакилларининг таъкидлашича, Ўзбекистон бугунги кунда Россия бизнеси учун экспорт жозибадорлиги бўйича ҳамда россиялик инвесторлар учун манфаатли ҳамкорлар қаторида биринчи ўринни эгаллайди.

ТОШКЕНТ, 1 окт - Sputnik. Тошкентда РФ Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши раиси В.Матвиенко расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон-Россия ва Россия-Ўзбекистон Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар беради Россия Савдо-саноат палатаси сайти.

Россия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши раиси, Жанубий Урал Савдо-саноат палатаси президенти Федор Дегтярев Россия бизнесининг ўзбек бозорига қизиқишининг тобора ортиши юзасидан мулоҳаза қилар экан, у “бугунги кунда Ўзбекистонинг хўжалик субъектлари билан Россиянинг деярли барча регионлари ҳамкорлик ўрнатган", дейди. Буларнинг қаторида энг фаоллари сифатида Москва, Санкт-Петербург, Татаристон ва Бошқортистон Республикалари, Краснодар ўлкаси, Челябинск, Оренбург, Новосибирск, Свердловск, Тюмень, Иванов ва Самара вилоятлари санаб ўтилди.

Федерация Кенгаши раиси ўринбосари Илёс Умаханов, мазкур кенгаш йиғилишининг асосий мақсади - мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш учун ҳар жиҳатдан қулай шароитларнинг қонуний асосларини таъминлаб беришдан иборат эканлигини айтиб ўтди. 

“Россия компаниялари бугунда, ҳақиқатдан ҳам, Ўзбекистон билан ҳамкорликка қизиқишлари юқори. Россиялик инвесторлар учун республика, манфаатдорлик нуқтаи назаридан, биринчи ўринда”, дея қайд этди россиялик сенатор.

Мажлиснинг бошқа иштирокчиси Россия Савдо-саноат палатаси вице-президенти Владимир Падалко  ўз чиқиши давомида Ўзбекистон билан минтақалараро савдо-иқтисодий ҳамкорликни тараққий эттириш кераклигини таъкидлади.

“Ўзбекистон бугун Россия бизнеси учун экспорт жозибадорлиги бўйича биринчи ўринни эгаллайди”, - деди В.Падалко. Кичик ва ўрта тадбиркорлик йўналиши бўйича ҳамкорликни ривож топтириш, ўзаро ўсиш нуқталарини ҳамда инвестиция учун салоҳиятли лойиҳаларни аниқлаш бўйича таҳлилий фаолиятни кучайтириш кераклигига алоҳида эътиборини қаратди.

Палата вице-президенти, шу жумладан, оилавий тадбиркорлик борасидаги сиёсатда ўзаро тажриба алмашинуви муҳимлиги ва бу маънода, Ўзбекистонда “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуннинг тадбиқ этилгандан кейинги илк амалий натижаларига Россия Савдо-саноат палатасининг қизиқиши юқори эканлигини айтиб ўтди.

Тадбир доирасида транспорт хавфсизлиги соҳасида ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича АО «ГЛОНАСС» ва «SMARTGEO» МЧЖ ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.


2018 йил натижалари бўйича, Россиянинг Божхона хизмати маълумотларига кўра, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги товарайирбошлаш 20% га ошди ва 4,4 млрд. АҚШ долл.ни ташкил этди; экспорт 26,5%га – 3,3 млрд. АҚШ долл.гача ошди; импорт эса 3,5% га, яъни 1,1 млрд. АҚШ долл.га етди.

2019 йил январь-июль ойларида Россия ва Ўзбекистон товарайирбошлаш кўрсаткичлари 11,9% га ўсиб, 2,7 млрд. долл.ни ташкил этди. Шу ўринда, экспорт – 13,1% га – 2 млрд. АҚШ долл.гача, импорт – 8,3% - 700 млн. АҚШ долл.гача ўсди.

178