ТОШКЕНТ, 23 ноя - Sputnik. Куни кеча ўтказилган селектор йиғилишида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасидаги муомала маданияти масаласига тўхталиб ўтди.
"Бугун сизлар билан яна бир муҳим масалани муҳокама қилиб олишимиз зарур. Барчангиз кўриб, билиб турибсиз, бугун жамият ҳаётининг барча жабҳаларида очиқлик ва шаффофлик таъминланмоқда. Замон тез ривожланмоқда, халқимизнинг дунёқараши ўзгармоқда. Бу борада айниқса, оммавий ахборот воситалари катта роль ўйнамоқда. Улар ҳаётий муҳим масалаларга эътиборимизни қаратиб, муаммоларни ҳал этишда бизга кўмаклашмоқдалар. Демократик жамиятнинг асосий талабларидан бири ҳам шу. Шуни эсдан чиқармайлик, матбуотни фаолиятимизни акс эттирувчи кўзгу деб билишимиз керак. Афсуски, кўп йиллар давомида биз ана шу кўзгуга қарашни ўзимизга эп кўрмадик. Оқибатда ҳақиқий қиёфамизни кўролмай қолдик", - деди давлат раҳбари.
Президент сўзларига кўра, айрим ҳолларда раҳбарлар томонидан танқидни қабул қила билмаслик, нима қилиб бўлса-да, уни тан олмасликка бўлаётган уринишларда ҳам кўзга ташланмоқда. Баъзи раҳбарлар халқ билан, матбуотчилар билан мулоқотда оддий муомала маданиятини, маънавиятни унутиб қўйишмоқда. Улар томонидан қилинган мурожаатларга ўз вақтида, холис жавоб берилмаслиги ҳам ҳақли эътирозларга сабаб бўлаяпти.
"Ўзингиз гувоҳ бўлиб турибсиз, деярли ҳар куни ижтимоий тармоқларда қайсидир раҳбарнинг фаолияти билан боғлиқ шов-шувли хабар тарқалаяпти. Уларда берилаётган танқидий материалларга ўз вақтида холис, асосли муносабат билдирилмаётгани оқибатида одамлар орасида ҳар хил фикрлар, баҳс-мунозаралар юзага келмоқда. Энг ачинарлиси, баъзи раҳбарлар жамоатчилик ўртасида турли зиддиятларга сабаб бўлиши мумкин бўлган бундай ҳолатларнинг олдини олиш ўрнига, кибру ҳавога берилиш, ўзига бино қўйиш билан масалани янада чигаллаштирмоқда", - деб таъкидлаган Мирзиёев.
Давлат раҳбари раҳбарлар нафақат ўзининг шаънини, балки давлат идорасининг обрўсини ҳам сақлашга масъул эканини унутмасликлари кераклигини, раҳбар ҳар қандай тўсиқ ва қийинчиликларга, кескин ва долзарб муаммоларга дуч келмасин, вазиятдан оғир-босиқлик ва вазминлик билан чиқиб, фақат қонунга асосланган тўғри қарор қабул қилиши шартлигини айтган.
"Шу билан бирга, ҳар қайси раҳбар ўз масъулияти ва жавобгарлигини, аввало ўз виждони олдида, унга ишонч билдирган
эл юрт олдида чуқур англаса, фаолиятида қатъиятлик билан вазминлик, талабчанлик билан ақл-заковатни уйғунлаштира олса, халқнинг чинакам меҳрини ва ишончини қозона олади. Хоҳ у Ҳукумат аъзоси бўладими, вазир бўладими, хоҳ ҳоким бўладими ёки прокурорми, ушбу талаб – барчамизга, оммавий ахборот воситалари ходимларига ҳам бирдек тегишли. Буни унутишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ", деб ўз сўзини якунлаган президент.
ТОШКЕНТ, 25 фев — Sputnik. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов республиканинг ЕОИИдаги вакили Шуҳрат Шукуровни Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) ҳайъат раиси Михаил Мясниковичга таништирди. "Дунё" АА хабарига асосан.
Учрашув жума куни ЕИК биносида бўлиб ўтди.
"ЕИК ҳайъат раисига Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Ариповдан комиссия таркибига Ўзбекистон Республикасининг вакилини тайинлаш тўғрисида мактуб тақдим этилди", - дейилган хабарда.
Мясникович Шуҳрат Шукуровга янги масъулиятли лавозимда муваффақиятлар тилади.
Бундан ташқари, Шукуров ЕИКнинг интеграция ва макроиқтисодиёт вазири Сергей Глазьев ва савдо вазири Андрей Слепнев билан таништирилди.
2020 йил 11 декабрдан бошлаб Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи-давлат мақомини олди.
Куни кеча, Шуҳрат Шукуров Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқидаги вакили этиб тайинлангани маълум бўлди. Шу кунга қадар у Макроиқтисодий изланишлар ва прогноз институти директори ўринбосари лавозимида ишлаб келган. У Москва иқтисодий-статистика институтини ва Ўзбекистон давлат ва жамият қурилиши академиясидаги Олий бизнес мактабини тугатган. Ўзбекистон иқтисодий мажмуасида 30 йиллик меҳнат тажрибасига эга.
ТОШКЕНТ, 26 фев - Sputnik. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов 1-2 март кунлари Россияга ташриф буюради. Бу ҳақида Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова брифингда хабар қилди.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари ишчи ташрифи доирасида россиялик ҳамкасабаси Сергей Лавров билан учрашади. Учрашув доирасида Россия ва Ўзбекистон савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинади.
Ундан ташқари учрашув кун дастуридан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга кутилаётган давлат ташрифи доирасида имзоланиши кутилаётган давлатлараро, ҳукуматлараро ва муассасалараро ҳужжатларини тайёрлашга алоҳида эътибор берилади, - деди Захарова.
Эслатиб ўтмиз Шавкат Мирзиёевнинг Росияга давтлат ташрифи 2020 йилда бўлиб ўтиши керак эди, лекин коронавирус пандемияси туфайли киритлган чекловлар туфайли ташриф қолдирилган эди. Икки давлат муассасалари ушбу имкониятдан ўзаро ҳамкорлик ҳужжатларини янада пухтароқ тайёрлаб олиш мақсадида фойдаланишмоқда.
Талъат Муродовнинг сўзларига кўра, коронавирус пандемияси вақтида VETERAN бирлашмаси ўз ходимларини қўллаб-қувватлаш учун бир қанча чоралар кўрган.
"Биргаликда биз кучмиз!" жамғармаси билан биргаликда бирлашма пандемия давомида Ўзбекистонда истиқомат қилувчи афғон жангчиларига ёрдам бериб келган.
"Ўтган йилнинг май ойида республикамизда рўй берган фожиа - Сардоба сув омборида юз берган ўпирилиш вақтида бизнинг 18 нафар ходимимиз ҳам жабр чеккан. Бирлашмамиз томонидан уларга янги буюмлар: пойабзал, иссиқ кийим-кечак, ёпинчиқлар етказиб берилди, сабаби, улар бошпанасиз қолишган эди", — деб ҳикоя қилди Талъат Муродов Sputnik Ўзбекистон мухбирига берган интервьюсида.
Афғонистондаги урушда Ўзбекистондан 65 000 нафар ветеранлар иштирок этган, улардан 2000 нафари ногирон бўлиб қайтишган, кейинчалик ногиронлар сони 5000 нафарга етган, 1 565 минг ўзбек ўғлонлари бу урушда ҳалок бўлишган, 33 нафари бедарак кетган. Мустақиллик йилларида бедарак кетган ҳисобланган аскарларнинг тўрт нафари тирик топилган ва ватанга қайтарилган. Аммо 29 нафар аскар топилган эмас, уларни ота-оналари, яқинлари ҳалигача кутишади. Ўтган йилнинг ёз фаслида Ўзбекистон ҳукумати афғон урушида бедарак кетган аскарларни қидириш ишларини молиялаштириш ҳақида қарор қабул қилган.
Муродовнинг айтишича, жорий йил февраль ойининг бошида байналминал жангчилар қўмитаси вакилларидан иборат делегация Афғонистонга учган. Афғонистонда ташкил этилган учрашувлар натижасида делегация аъзоларига тўртта қабр кўрсатилган. Шунингдек, татар диаспораси томонидан яна иккита қабр аниқлангани маълум қилинган.
"Бедарак йўқолган аскарларни қидириш ишлари олиб бориляпти ва сўнгги аскарни топгунга қадар давом эттирилади", - деди Муродов.
Эслатиб ўтамиз, бугун Тошкент шаҳрида афғон уруши ветеранлари "Байналминал-жангчи" орденлари билан тақдирландилар.