Мирзиёевнинг энг ёрқин иборалари: журналистлар, раҳбарлар ва бугунги кун қаҳрамони ҳақида

747
(Янгиланган 20:54 07.12.2019)
Бугун, 7 декабрь куни "Ўзбекистон" форумлар саройида Конституциянинг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Унда президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, янгиланаётган Ўзбекистондаги сиёсий-ҳуқуқий ўзгаришлар ҳақида маъруза қилди.

Президент нутқида жаранг топган энг ёрқин ибораларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

                                                                    ***

"Қонунлар, Фармонлар нима учун керак? Масалан, иқтисодиётимизни жадал ривожлантиришнинг муҳим шарти бўлган, биз учун янгилик бўлган - "Давлат-хусусий шерикчилик тўғрисида"ги қонунни қабул қилганимизга 7 ой бўлди. Ҳаммамиз учун янги бўлган, кўпдан буён кутилган, ҳаётнинг ўзи талаб этаётган бу қонун лойиҳаси устида биз узоқ вақт ишладик. Кўп-кўп тажриба орттирдик. Айрим тармоқларда давлат-хусусий шерикчилик бўйича лойиҳалар амалга ошиши бошланди, аммо соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт, йўл қурилиши, коммунал хўжалиги каби йўналишларда аксарият ҳудудларда ҳали бу борада ташаббус умуман сезилаётгани йўқ. Ҳудудлардаги раҳбарларимиз ҳали замон ўзгарганини сезмаяпти! Эски тос, эски ҳаммомга ўрганиб қолган улар. 

Вазир ёки ҳоким янги қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунмаса, англаб олмаса, уни ҳаётга татбиқ этишда жонбозлик кўрсатмаса, одамларда ташаббус уйғотиш қийин бўлади. Агар биз ўзимиз раҳбар бўлиб одамларни шунга инонтира олмасак, улар бизга эргашмайди, ислоҳотларнинг амалга ошиши жуда қийин бўлади".

                                                                ***

"Ҳеч кимнинг Қонунни бузишга ҳаққи йўқ. Ким бўлишидан қатъий назар. Лекин минг афсус, жойларда бу нарсаларга ҳали эътибор йўқ. Йўқ жойдан муаммо чиқаяпти: "Уйни бузиб кетди", "Жойимни бузиб кетди", "Бузилган жойнинг пули тўланмади". Нега тўланмади? Қонун бор-ку? Ҳали биз қонун устуворлигини таъминлай олмаяпмиз, десак, бу ҳам адолатдан бўлади".

                                        ***

"Битта нарсани билиб қўйинглар, бу очиқлик ҳеч қачон орқага қайтмайди. Очиқлик қанчалик кўп бўлса, оммавий ахборот воситалари ҳақиқий муаммоларни, ҳақиқий ҳолатни қонуний йўллар билан қанча кўп билдирса, мен раҳбар сифатида улардан миннатдор бўламан".

                                         ***

"Халқимиз қонун бузилишига қарши қаттиқ турмас экан, давлат идоралари, мансабдор шахслар қанчалик уринмасин, қонун устуворлигини таъминлаш қийин бўлади".

                                         ***

"Оммавий ахборот воситалари қонунийлик таъминланишида чинакам жамият кўзгусига айланиши керак. Сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ўтган 3 йилда жамиятимиз ҳаётида туб бурилиш ясади. Ўзимиз сезмаяпмиз, лекин жамият ҳам ўзгарган, сўз эркинлиги ҳам бор бугун. Бир тасаввур қилинглар, 3 йил олдин телевизорда бунақа гаплар билан биров чиқа олармиди? Бунақа саволлар берармиди? Ҳамма худдики 30 йил билан охирги 3 йил орасида юз берган ўзгаришлар фарқини билмаяпти? Нимага? Чунки ўзимиз ўзгараяпмиз, одамларни дарди, талаби ўзгараяпти. Лекин яна бир марта таъкидлайман, бу ўзгаришлар билан бир қаторда маданият ва илм ҳам керак. 

Бугун халқимиз орасида юриб, уни қийнаётган энг ўткир ижтимоий муаммоларни кўрсатиб бераётган энг катта куч - бу мустақил ва холис оммавий ахборот воситалари вакилларидир. Демократик ислоҳотларимиз натижасида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар мансабдор шахсларни ўз ишини қонуний асосда тўғри ташкил этишга ундамоқда. 

Аслида демократик жамиятда барча давлат хизматчилари оммавий ахборот воситалари билан яқин ижтимоий ҳамкорлик қилишга ўрганиши керак. Ўрганмасак, эртанги ислоҳотларимиз амалга ошмайди".

                                            ***

"Жамоатчилик назорати ҳам, оммавий ахборот воситалари ҳам - ягона бир мақсад - халқимизни рози қилишга интилсин. Танқид, албатта керак. Танқид бўлаяпти, хулоса ҳам бўлаяпти. Лекин биз ҳаммамиз изланишдамиз, ўрганишдамиз, янги Ўзбекистонни қуряпмиз. Йўналишларимиз, фикрларимиз бир бўлса, шунда натижа ҳам мутлақо бошқача бўлади!"

                                            ***

"Ўзбекистонда жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларига ҳеч қандай шаклда тазйиқ ўтказишга йўл қўйилмайди".

                                             ***

"Ҳаммамиз кўряпмиз, мактабгача таълим, мактабга, илмга қанча эътибор бўляпти. Агар шу тизимимизни замини бўлмаса, ҳамма ислоҳотлар, кечирасиз, ўз натижасига етмайди. Зўр ускуна олиб келамиз, зўр технология олиб келамиз. Ким унда ишлайди? Тасаввур қилинглар, 5 йил ишлайдиган ускуна, бир йил ҳам ишламайди. Инженер сифатида айтяпман, бир йил ҳам ишлата олмаймиз. Ким керак бизга? Кадр керак!. Ким ўқитади? Ким Ўзбекистон учун рақобатбардош кадр тайёрлаб беради? Ҳеч ким, ҳеч қачон! Фақат ўзимиз! Қандай қийин бўлмасин, миллатимиз келажаги - ёшларни агар бугун ўқита олмас эканмиз, эртага жамиятимиз ўз олдига қўйган катта-катта марраларга эриша олмайди. Ана шуни ҳаммаларинг билинглар!".

                                              ***

"Депутатлар, ақлли, ҳаётий саволларни бериб, раҳбарларни дунёқарашини ўзгартирар экан, мендан бахтли одам йўқ".

                                              ***

"Бир хил мактабларда физкультура ўқитувчисини сиёсат, тарихни ўргатишга қўйиб қўйишади. Бу нарсалар жамиятимизда ҳозир бор. Бу иллатларни йўқ қилмагунимизча, онгимиз ўзгармайди".

                                                ***

"Қонун ва адолат тантанаси учун курашадиган инсонлар бугунги куннинг қаҳрамонлари бўлиши керак. Биз айтамиз, қаҳрамон йўқ, деб. Бор қаҳрамонлар! Мана шуларни биз қаҳрамон қилишимиз керак. Биз уларни умуман ёмон одам, деймиз. Йўқ, улар ёмон одам эмас, улар ҳалол одамлар. Улар эртанги кунга бефарқ одамлар эмас, улар фидойи одамлар. Айнан ана шундай одамларни ҳаёти шоир ва адиблар, режиссёрлар, журналистлар учун ижодий мавзу бўлади, деб ишонч ҳосил қилсам, сизлар қўллаб-қувватлайсизларми?"

747