Министр иностранных дел Республики Узбекистан Абдулазиз Камилов

Sputnik учун махсус: Камилов йил якуни, Марказий Осиё ва афғон музокаралари тўғрисида

310
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ўтган йилнинг энг муҳим воқеалари ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, Тошкент ва бутун минтақа диққат марказида иқтисодий ва гуманитар соҳаларда хавфсизлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга эътибор қаратилган.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари 2019 йилда рўй берган энг муҳим ташқисиёсий воқеаларни санаб ўтди

Республика ТИВ раҳбари Парламент сайловларининг дастлабки натижаларига бағишланган матбуот анжуманидан кейин Sputnik Ўзбекистон агентлигига берган эксклюзив шарҳида ўтган йил ташқи сиёсатида рўй берган муҳим воқеалар ҳақида гапирди.

Унинг фикрича, бу воқеалар у ёки бу маънода Марказий Осиё минтақасида стабиллик ва хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорлик масалаларини мустаҳкамлаш билан боғлиқ бўлди.

"Энг биринчи навбатда, Тошкент шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё раҳбарлари саммитини муҳим воқеа сифатида айтиш мумкин. Унда биринчи бор бизнинг ҳамкорлигимизнинг асосий фундаментал йўналишлари шакллантирилди ҳамда тўпланиб қолган мураккаб ва нозик муаммоларни ҳал этиш йўллари баён қилинди", - деб қайд этди Абдулазиз Камилов.

2019 йилнинг иккинчи муҳим якуни сифатида, вазир Афғонистонда тобора жонланаётган, дунёнинг энг етакчи мамлакатлари иштирок этаётган  музокаралар жараёнини мисол келтирди.

"Сақланиб қолаётган зиддиятга қарамай, Ўзбекистон қўшни қардош Афғонистонга ҳар томонлама кўмак кўрсатишда давом этмоқда. Умид қиламизки, бизнинг уринишларимиз изсиз кечмайди. Тобора фаоллашаётган музокаралар жараёни ҳам бундан далолат бермоқда. Бу ҳолат Афғонистон Ислом Республикаси марказий ҳукумати ва мухолифат ўртасида музокаралар бошланишига умид беради. Асосийси, биз ушбу масалада минтақавий ва глобал миқёсда келишувга кела олдик", - деб қайд этди Ўзбекистон ТИВ раҳбари.

Абдулазиз Камилов, шунингдек, Тошкентнинг дунёнинг етакчи мамлакатлари, биринчи навбатда, Россия Федерацияси, Хитой, АҚШ ва Европа мамлакатлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, технологик, маданий ва гуманитар алоқалари фаоллашаётганини тилга олди. У мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Японияга бўлиб ўтган ташрифини мисол келтирди.

"Дастур жуда сермазмун эди. Ташриф якунига кўра, кенг қамровли ҳамкорлик стратегияси тайёрланди, бунда биринчи навбатда иқтисодий, молиявий ва технологик соҳалар қамраб олинди. Япония билан бирорта сиёсий келишмовчилигимиз йўқ, бу эса бошқа йўналишларда ҳам сермаҳсул ҳамкорлик қилишимизга имкон яратади", - деб қайд этди дипломат.

Расмий Тошкентнинг ниҳоялаб бораётган йилдаги ташқи сиёсий алоқаларига тўхталар экан, ТИВ раҳбари, Ўзбекистоннинг бой маънавий ва маданий меросини ҳисобга олган ҳолда, мусулмон давлатларига ҳам эътибор қаратилганини айтди.

Ташқи ишлар вазири халқаро молиявий институтлар - Бутунжаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа тузилмалар билан ўрнатилган алоқалар ҳам ютуқ сифатида эътироф этди.

Шу билан бирга, Камиловнинг сўзларига кўра, маданий-гуманитар алоқалар минтақада вазият барқарорлигида муҳим роль ўйнайди. Ўзбекистон эса деярли барча давлатлар билан бундай алоқаларни қўллаб-қувватлашга ва ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда.

"Аксарият минтақаларда можаролар ва қарама-қаршиликлар, зўравонлик ҳукм сураётган даврда айнан гуманитар алоқалар муҳим аҳамиятга эга, одамлар, миллатлар ва динлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш керак. Шу маънода бизнинг республикамиз катта тажриба ва меросга эга, ва бу туфайли барча давлатлар билан яхши муносабатларни ўрнатиш имконига эгамиз", - хулоса қилди вазир.

Ўзбекистон ТИВ раҳбарининг тўлиқ изоҳини радиоподкастимизда рус тилида тинглашингиз мумкин.

310