Танзила Нарбаева

Нарбаева мажбурий меҳнат ва тунги навбатчилик масалалари ҳақида тўхталди

286
Сенат раиси Танзила Нарбаева давлат дастурлари доирасида меҳнатга жалб этиш масалаларига ҳам ўз муносабатини билдирди.

ТОШКЕНТ, 31 дек - Sputnik. 30 декабрь куни Сенатда бўлиб ўтган Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси мажлиси бўлиб ўтди. Унда комиссия раиси Танзила Нарбаева мажбурий меҳнат ва тунги навбатчилик масалаларига тўхталди, деб хабар бермоқда Sputnik мухбири.

Нарбаеванинг таъкидлашича, мажбурий меҳнатнинг Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан белгилаб берилган 11та сифати бор. У конвенцияга киритилган. Сенат раиси шунингдек, комиссия аъзоларига тунги навбатчиликка оид ягона муносабатни шакллантириш ва агар давлатга ихтиёрийлик асосида қўшимча ишларни белгилаш зарур бўлса, бу ҳақидаги нормаларни янги таҳрирда ишлаб чиқилаётган Меҳнат кодексида инобатга олиш лозимлиги ҳақида фикр билдирди.

Муҳокамада иштирок этган Комиссия аъзоларининг фикрича, бундай навбатчиликлар заруратга қараб белгиланиши лозим. Бундан ташқари, ходимнинг розилиги бўлиши ҳамда бундай навбатчилик у ёки бу корхонанинг маъмурияти билан тузиладиган жамоа шартномасида назарда тутилиши ва унга ҳақ тўлаш камида икки баробар ортиқ миқдорда белгиланиши лозим.

"Масалан,  ҳашар, фуқароларнинг яшаш ҳудудини тозалаш  ишлари мажбурий меҳнатга кирмайди. Кимдир чиқмаслиги мумкин, уни ҳеч ким бунга зўрламайди", – деди Нарбаева.

Сенат раиси давлат дастурлари доирасида меҳнатга жалб этиш масалаларига ҳам ўз муносабатини билдирди.

“Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”  ҳақида гапирганимизда шуни таъкидлаш жоизки, бу дастурларни бажариш учун масъул ташкилотлар ва бошқа ижрочилар белгиланган. Масалан, ўқитувчи дарс бераётган бўлса, унинг хоҳишига карши, асосий  ишидан ташқари бошқа ишга жалб этишса, бу – мажбурий меҳнатга киради", деб таькидлади у.

286