Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев провел встречу с руководителями палат парламента, членами правительства, главами министерств и ведомств

Шавкат Мирзиёев 2020 йилдаги муҳим вазифаларни белгилаб берди

635
(Янгиланган 18:07 31.12.2019)
Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг охирги иш кунида парламент палаталари раҳбарлари, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари билан учрашиб, йил якунларини сарҳисоб қилди.

ТОШКЕНТ, 31 дек — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг охирги иш кунида парламент палаталари раҳбарлари, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари билан учрашиб, йил якунларини сарҳисоб қилди ва 2020 йилдаги муҳим вазифаларни белгилаб берди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Давлат раҳбари бугун эришилган натижалар ҳали марра эмаслиги, олдинда аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш, мамлакатнинг иқтисодий қудратини ошириш, имкониятлардан кенгроқ фойдаланиш учун 2020 йил синов йили бўлишини таъкидлади.

Йиғилишда 2019 йилда йўл қўйилган хатолардан тўғри хулоса чиқариб, 2020 йилга белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш, масъул ижрочилар ва муддатларни белгилаб олиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, бевосита жойларга бориб, уларнинг ижросини ташкил қилиш ва доимий назоратни таъминлаш кераклиги айтиб ўтилди.

Вазирлар Маҳкамаси ижро ҳокимияти фаолиятини самарали ташкил этиб, ҳар бир вазирлик, давлат қўмитаси ва бошқа идораларнинг 2020 йил ҳар чораги учун фаолият самарадорлиги кўрсаткичларини ишлаб чиқиб, ижросини қатъий назоратга олиши зарурлиги қайд этилди.

Келгуси йилда давлат корхоналарини самарали бошқариш ва иқтисодиётда давлат улушини камайтириш бўйича жиддий ўзгаришлар қилиш зарурлиги таъкидланди.

Инвестиция дастуридаги инфратузилма объектларини қуриш ва ишга тушириш бўйича янги тизим жорий этиш, транспорт, айниқса, темир йўл ва авиация соҳасида бошланган ислоҳотларни жадаллаштириш вазифаси қўйилди.

Қурилиш-пудрат ва лойиҳа бозорини тартибга солиш, бу бозорда эркин рақобат муҳитини ва замонавий шаҳарсозлик меъёрларини жорий этиш, қурилишни арзонлаштириш бўйича топшириқлар берилди. Шу билан бирга, ичимлик суви, иссиқлик таъминоти соҳасидаги долзарб вазифаларни амалга ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инфляцияни пасайтириш, нарх-навони шакллантиришни тўлиқ бозор муносабатларига ўтказиш, эркин рақобат муҳитини шакллантириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, истеъмол товарларни, айниқса, озиқ овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва харажатларни камайтириш орқали нарх-навонинг кескин ошишига йўл қўймаслик керак.

Банк тизимидаги ислоҳотларни давом эттириш, қулай ва сифатли банк хизматларини кенгайтириш ҳам муҳимлиги таъкидланди.

Халқда тадбиркорлик ташаббусларини ошириш, боқимандалик кайфиятидан халос этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Мамлакатда қулай бизнес муҳитини яратиш, жумладан, солиқ маъмурчилигини янада такомиллаштириш, ахборот технологияларини кенг қўллаш ва инсон омилини максимал қисқартириш зарурлиги таъкидланди.

Ташқи савдо ва инвестиция борасидаги ишларни самарали ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, тўғридан-тўғри инвестициялар ва хорижий кредитларни самарали ишлатиш, уларни аниқ натижа берадиган лойиҳаларга йўналтириш, инвесторлар билан манзилли ишлашни янги босқичга олиб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.

Шунингдек, хорижий ташрифлар чоғида эришилган келишувлар ва лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан тизимли ишларни ташкил этиб, аниқ натижаларни таъминлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини ошириш, экспортнинг таркиби ва географиясини диверсификация қилиш, янги бозорларга чиқиш учун ташқи савдони тубдан такомиллаштириш талаб этилади. Божхона, стандарт, карантин каби соҳаларни ислоҳ қилиб, уларни тадбиркорга кўмакчига айлантиришни тақозо этади. 

Йиғилишда таълим, соғлиқни сақлаш, туризм ва бошқа ижтимоий соҳалардаги ислоҳотларни изчил давом эттириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

“Келгуси йилда туристлар оқимини 7,5 миллионга етказиш ва хизматлар экспортини 1,5 миллиард доллардан ошириш бу соҳадаги энг устувор вазифалиги кўрсатиб ўтилди.
Ёшларни, айниқса, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлашга эътиборни кучайтириш зарурлиги қайд этилди. Президентимиз таъкидлаганидек, оила олдидаги масъулиятни англаш, психологик тайёргарлик ва оиладаги муносабатларни тўғри ўрнатиш, оилада соғлом муҳитни ярата олиш зарур”, - дейилган хабарда.

Агросаноат мажмуига кирувчи тармоқ ва соҳа раҳбарлари учун Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси ижросини таъминлаш келгуси йил учун энг устувор вазифа бўлиб қолади. Бунда, пахта, ғалла, шоли кластерларига керакли шароитлар яратиш, янги тизимда юзага келадиган муаммоларни мунтазам таҳлил қилиб, уларни бартараф қилиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, йиғилишда нефть-газ, кимё тармоқлари, энергетикани ривожлантириш, ушбу соҳаларга хусусий сектор ва инвестицияларни фаол жалб қилиш, хомашё қазиб олишни кўпайтириш бўйича зарур топшириқлар берилди.

Йиғилишда белгиланган топшириқларни тўлиқ ва сифатли амалга ошириш учун барча раҳбарлар ўз тизимида пастга тушиб, ходимлар ва ресурсларни максимал даражада сафарбар қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Президент томонидан қўтарилган масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенати Раиси ва Қонунчилик палатаси Спикери, Бош вазир ва ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари йиғилишда сўзга чиқиб, берилган топшириқларни сифатли бажариш бўйича соҳаларда тизимли ишларни йўлга қўйишларини таъкидладилар.

635