Пограничники на кыргызско-таджикском участке государственной границы

Жээнбеков Раҳмон билан чегарадаги вазиятни муҳокама қилди

366
(Янгиланган 14:04 11.01.2020)
Қирғизистон президенти фуқароларнинг маиший можаролари кейинги вақтларда "ўта нозик" тус олганини ва эндиликда тушунтириш ишларини олиб бориш лозимлигини таъкидлади

ТОШКЕНТ, 11 янв — Sputnik. Қирғизистон президенти Сооронбой Жээнбеков Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан 10 январь куни чегарада бўлиб ўтган тунги ҳодиса юзасидан телефон мулоқотини ўтказди, деб хабар қилмоқда Қирғизистон президенти матбуот хизмати.

Жээнбеков умумий чегарада стабил вазиятни сақлаб туриш жуда муҳимлигини ҳамда фуқароларнинг маиший можаролари ўта нозик тус олганини қайд этди.

"Қирғизлар ва тожиклар ўртасида кўпасрлик дўстлик бўлган ва бўлади. Биз чегарада вазият ўткир тус олишига йўл қўймаслигимиз керак. Афсуски, сўнгги вақтларда чегара олди ҳудудларида можаролар тез-тез содир бўлмоқда", - деди Қирғизистон президенти.

У бу каби ҳодисаларнинг олдини олиш учун маҳаллий аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилиши қанчалик муҳим эканлигини қайд этди ва ОАВдаги провокацияга оид хабарлар икки давлат ўртасидаги яхши қўшничилик ва дўстлик руҳига мутлақо мос эмаслигини қўшимча қилди.

Жээнбеков шунингдек, ҳамкорликдаги суриштирув ишларидан сўнг, чегара олди можаросида айбдор бўлганларни жазолаш зарурлиги, шунингдек, қирғиз-тожик чегарасида делимитация ва демаркация ишларини тезлаштириш кераклигига аниқлик киритди.

Бундан ташқари, давлат раҳбарлари икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва яқин истиқболдаги режаларни муҳокама қилишди.

Аввалроқ, Давлат чегара хизмати ярим тунда Жака-Орук ҳудудида номаълум шахслар Қирғизистон Республикаси фуқаролари бўлган автомашинани тошбўрон қилганлиги, жабрланганлар борлигини маълум қилишган эди. Орадан бир соат ўтиб, қирғизистонликнинг бошқа автомобили Кочо-Карин ҳудудида тошбўрон қилинган.

Давлат чегара хизмати маълумотига кўра, сал кейин ҚР фуқаросининг Дахма ҳудудида жойлашган уйи тошбўрон қилинган. Ҳодиса жойига милиция ва чегара хизматчилари етиб келишган, аммо улар, дастлабки маълумотларга кўра, Тожикистон томондан ов милтиғида ўққа тутилган.

Отишма эрталаб якунланган. Чегарадаги вазият зиддийлашув элементлари мавжуд стабил сифатида баҳоланган. Чегара вакиллари ўртасида музокаралар бошланган.

Қирғизистон Республикаси ТИВ раҳбари Чингиз Айдарбеков Тожикистон ТИВ етакчиси билан музокаралар ўтказган ва тожик томонидан ўқотар қуролдан фойдаланилганлик ҳамда фуқаролар автомашиналарини тошбўрон қилганлик юзасидан ташвиш билдирган. Қирғизистон ТИВ Тожикистон элчихонаси вакилига норозилик нотасини топширган.

11 январ куни эрталаб чегарадаги вазият барқарор, дея баҳоланган.

366